Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Оренбургда топилган инсон қолдиқлари бўйича ахборот берди

Вазирлик Консуллик-ҳуқуқий дeпартамeнтининг ахборотида:

“ОАВдаги хабарларга кўра Россиянинг Оренбург вилояти Оқбулоқ қишлоғи атрофида инсон қолдиқлари топилган. Ёнидаги ҳужжатлар ва телефонга асосан ҳозирча Ўзбекистон фуқароси деб топилган. У қишда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегарани пиёда кесиб ўтаётганда музлаб қолган дея тахмин қилинмоқда.

Мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги консулхонаси ушбу ҳодиса юзасидан расмий тасдиқланган маълумот олиш ва зарур масалаларда ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий ҳукумат органлари билан алоқа ўрнатган”, дейилади.

Кеча ижтимоий тармоқларда ва ахборот сайтларида 17 апрель куни Оренбург областининг Акбулак қишлоғида эркак кишининг жасад қолдиқлари топилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Унинг ёнида Ўзбекистоннинг фуқароси Сардор Норбоев номига берилган паспорт  ва телефони бўлган.

22 ёшли йигит қишда Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уриниб, музлаб қолган. Бу ҳақда хорижий нашрларда хабарлар тарқалмоқда.

Йигит қиш фаслида бедарак йўқолган. 2019 йил 22 февраль куни унинг рафиқаси – Ксения Норбоева «Актўбе эълонлари» саҳифасида турмуш ўртоғини қидиришда ёрдам сўраб эълон жойлаштирган.