Америкадаги ватандошлар Ўзбекистонни реклама қилишади

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги ҳамда «Ватандош» диаспора ташкилоти томонидан, АҚШда Ўзбекистоннинг миллий туризм брендини оммалаштириш, ватандошлар билан яқин алоқаларни ўрнатиш ва Америка жамоатчилигига ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси ҳақидаги маълумотларни етказиш мақсадида, «Ўзбекистонга саёҳат қил!» шиори остида йирик акция ўтказилди.

Тадбир давомида «Uber Technologies Inc.» ва «Lyft» компанияларининг йўловчиларни ташиш учун литсензиясига эга бўлган ватандошларимиз Ўзбекистоннинг машҳур шаҳарлари, жумладан, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг суратлари акс эттирилган ҳамда Ўзбекистоннинг туризм ахборот веб-сайтлари манзиллари кўрсатилган ёрлиқларни ўз автомобилларига ёпиштиришди.

Шу билан бирга, «Ўзбекистонга ташриф буюришнинг 10 та сабаби» номли инглиз тилидаги брошюралар кейинчалик йўловчиларга тақдим этиш учун такси ҳайдовчиларига тарқатилди.

100 дан ортиқ автомобиллар иштирокидаги тадбир жараёни интернет тармоғида тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилинди ҳамда маҳаллий ОАВда ёритилди. Тадбир давомида транспорт воситалари ёрдамида тайёрланган ва дрон ёрдамида суратга олинган «I LOVE UZ» ёзуви намойиши эса кутилмаган воқеа бўлди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Uber Technologiyes Inc. – 2009 йилда ташкил этилган Американинг халқаро хусусий компанияси ҳисобланади. Мазкур компания хусусий ҳайдовчи ёки такси чақириш, тўловларни амалга ошириш, озиқ-овқатларни етказиб бериш учун мўлжалланган мобил илова яратган ва шу орқали машхурликка эришган. Мажуд маълумотларга кўра, тахминан 2 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар Uber компаниясининг лицензиясига эга.

Lyft – 2012 йилда ташкил этилган Сан-Францискодаги компания ҳисобаланади. Мазкур компания ўз фойдаланувчиларига ўртача ва арзон нархларда белгиланган манзилга етказиб қўйишга тайёр бўлган таксиларни мобил дастур ёки веб-сайт ёрдамида қидириб топиш имконини беради. Lyft компанияси АҚШнинг 60 та шаҳрида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил март ойида АҚШда кенг нишонланган Наврўз байрами доирасида, Калифорния, Иллинойс, Вашингтон ва Пенсилвания штатларида Ўзбекистонинг тарихий шаҳарлари акс эттирилган, автомобилларга ёпиштириш учун мўлжалланган ёрлиқлар ҳамда «Ўзбекистонга ташриф буюришнинг 10 та сабаби» брошюраларини тарқатиш каби тадбирлар ўтказилган эди