Амазон ўз ходимларига бизнес бошлашлари учун 10000 доллар маблағ, ижарага автомашина ва уч ойлик маошини беради

Жўнатмаларни манзилига тезроқ етказишга интилаётган Амазон компанияси ўз ходимларига таклиф билан чиқди: “Ишингиздан бўшанг ва биз сизга Амазон пакетларини етказиб бериш бизнесини бошлашингизда ёрдам берамиз”.

Душанба куни эълон қилинган таклиф, Амазон ўзининг Prime мижозлари учун етказиб бериш муддатини икки кундан бир кунга камайтириш устида ишлаётган вақтга тўғри келди.

Компания ушбу янги рағбатлантирувчи таклифи билан мижозлар эшигига кўпроқ пакетни тезроқ етказишни мақсад қилмоқда.

Амазон дастурига қўшилган ва ишдан бўшайдиган ходимлар учун бошланғич харажатларни қоплаш учун 10 минг доллар сарфлайди. Ушбу лойиҳада қатнашувчилар ён томонига Amazon smile логотипи туширилган кўк фургонларни ижарага олиши мумкин бўлади. Шунингдек, уларга 3 ойлик маошини ҳам тўлаб беради.

Ушбу таклифлар Амазоннинг аксарият тўлиқ ва қисман ишлайдиган ходимлари учун очиқ. Шу жумладан, буюртмаларни тайёрлайдиган ва жўнатиш ишларини бажарадиган омбор ходимлари учун ҳам.  Whole Foods ходимларига янги имтиёзлар берилмайди.

Amazon.com Inc. раҳбарияти тахминан қанча ходимлар ушбу таклифни қабул қилиши мумкинлигини айтишни хоҳламаган.

Бу таклиф Амазон томонидан бир йил аввал бошланган дастурнинг бир қисмидир, унга кўра Амазон жўнатмаларини етказиш бўйича мустақил бизнес бошлашни хоҳлаганлар ариза бериши ва ҳарбий фахрийлар 10 минг доллар миқдорида компенцация олиши мумкин.

Компания пакетларни етказиб бериш фаолиятини кенгайтиришдан мақсади, UPS каби бошқа почта алоқаси ва ташувчиларга таянмасдан, юкларини етиб боришини назорат қилишни такомиллаштиришдир.

Бу лойиҳа, Амазонга, транспорт воситаларини сотиб олиш ёки ишчиларни ёллаш учун пул сарфламасдан етказиб бериш тармоғини кенгайтириш имкониятини беради.

Ўтган йилнинг июнь ойидан бошланган дастур доирасида 200 дан ортиқ етказиб берувчи Амазон компаниялари ташкил этилди, – дейди Амазоннинг глобал этказиб бериш бўйича вице-президенти Жон Филтон.

Улардан бири «Милтон Коллиер» компанияси томонидан бошқарилади, у саккиз ой олдин Атланта шаҳрида ўз бизнесини бошлади. Ўшандан буён 120 нафар ходим ишга кирди. Компания жўнатмаларни кунига 50 та минибусда 200 та жойга етказиб бериш даражасига чиқди.

Амазон ҳали UPS ва FedExга хавф туғдирмайди, дейди Аубурн университети профессори Бет Дэвис-Срамек. Ушбу юк ташувчилар катта тажриба, минглаб юк машиналари ва юзлаб самолётларга эга. Ва улар юкни етказиб беришдан ҳам катта ишни бажаради.