Дима Қаюм: Байрамда кўнглимни бир нарса хира қилди!

Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдиришлари мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга мунофиқлик қилишлари мумкин. Совуққон одамлардан қўрқ – улар ўлдирмайдилар ва мунофиқлик қилмайдилар, аммо уларнинг индамай қилган разилликлари туфайли ер юзида сотқинлик ва қотиллик ҳукм суради.

Ассалому Алайкум, яна сиз билан ғойибона кўришиб турганимдан хурсандман!

Аввало, 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни билан! Бу кунда фашизмга қарши курашган боболаримизни ёдга олиш, ҳақларига Қуръон ўқиш барчамизни фарзандлик вазифамиз деб биламан… Байрам кўнгилдагидай ўтди десам бўлади. Кўплаб уруш фахрийлари ҳолидан хабар олинди, кўплаб совғалар берилди…

Лекин…

Кўнглимни бир нарса хира қилди. Бу ҳам бўлса “Ўлмас полк” юриши бўлди. Мана неча йилдирки бу юришга рухсат йўқлиги ҳақида кўплаб ахборотлар берилди, амалда эса…

Кимдир бобосини яна кимдир шўролар, яна кимдир Россия байроғини кўтариб юриши, тўғриси менга ғалати туюлди.

Қомусимизни 12-моддасида: Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ҳаёти сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хил-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас, деб қатъий белгиланган.

Балким оғзаки буйруқ беришгандир, балким Россия билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун яхши кўриниш учун қилингандир. Лекин, мустақил суверен давлатда ўзга бир давлат байроқларини ҳилпиратиб юриш…

Эртага бу рухсатсиз юришлар кўпайиб кетмаслигига ким кафолат беради. Эртага буларга ҳеч нима қилинмади-ю, деб ёш ўқувсиз йигитлар бошқа нарсани талаб қилиб чиқишса аҳвол нима кечади?

Тегишли органлардан вазиятни ўрганиб, билдирадиган холис фикрларини кутиб қоламиз.

Одам пулсиз, уйсиз, ер-мулксиз қолса садқайи сар – буларнинг ҳаммаси унга тегишли эмас. Инсоннинг ўз ҳақиқий мулки – инсоннинг қадр-қийматини йўқотиш ачинарлидир!

Қадрингиз улуғ бўлсин Ўзбеклар!

Кимни авлодлари эканингизни унутманг!

Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва кўплаб Мустақиллик учун курашган инсонларни ҳаққига дуо қилинг! 

Зеро, сув билан ер, дуо билан эл кўкаради!

Риштон, 2019 йил 10 май.