Истанбулда Туркия тарихидаги энг катта масжид Рамазон арафасида очилди

4 май куни жума намози ўқиб бўлинганидан кейинги очилиш маросимида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, турли давлатлардан диний арбоблар ва расмий шахслар иштирок этган.  

Фото: sabah.com.tr

Мазкур масжиднинг баландлиги 72 метр бўлиб, у Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда яшовчи миллатлар сонини ифодалайди. Масжид гумбази ичида 16 та турк давлати шарафига Аллоҳнинг 16 исми битилган. 6 та минорали, 70 та гумбазли масжидда 11 минг квадрат метр майдонни эгалловчи музей ва 3,5 минг квадрат метр майдонда кутубхона жойлашган.

Ушбу мажмуа таркибида музей, санъат галереяси, кутубхона, минг кишилик мажлислар зали, саккизта санъат устахонаси ва 3500 автоманҳшина жойлашадиган ёпиқ автотураргоҳ ҳам бунёд этилган. Мазкур мажмуа нафақат ибодат қилиш маскани, балки ижтимоий, маданий, таълимга йўналтирилган биноларни ҳам ўз ичига олади.

Маълум қилинишича, ушбу жоме замонавий Туркия тарихидаги энг катта масжид ҳисобланади. Бир вақтда 63 минг киши намоз ўқий оладиган масжид қурилиши 6 йил аввал бошланган эди. Масжиднинг қурилишида рақамларга аҳамият берилган. Чамлижа масжидининг манзили: Фераҳ Маҳалласи, Фераҳ йўли 87, Ускудар / Истанбул.