КЕЧАГИ ТАРИХ, БУГУНГИ КЕЛАЖАК

Ўзбекистонда амалга оширилаётган охирги икки йил ичидаги ислоҳотлар натижасига кўра жамиятимизда рўй бераётган демократик жараёнлар омма эътиборига лойиқ бўлган жиддий таҳлил талаб қилувчи долзарб ижтимоий-сиёсий масалага айланиб улгурди. Беш-олти йил олдин, бундай ислоҳотларни Ўзбекистонда амалга ошириш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмас эдик, ҳаёлимизга ҳам келтира олмайдиган даражадаги орзу ҳавас бўлиб туюларди. Балки шунинг учун ҳам ушбу ҳодиса, халқимиз томонидан ҳаётимиздаги жуда қувонарли воқеалардан бири сифатида қабул қилинмоқдадир.

Мустақил давлатнинг маданий-маърифий соҳаларда тараққий этиши том маънода ўзининг мустақил фикрини эркин ифода қила оладиган инсонлар яшайдиган кучли салоҳиятга эга давлат барпо бўлгандагина амалга ошиши мумкин. Замонавий дунёда, жамиятдаги тараққиёт даражасини кўрсатадиган асосий мезон бу эркин матбуотдир.

Таъкидлаш жойизки, «Матбуот эркинлиги индекси» рейтингига кўра Ўзбекистон 180 давлат орасида сўз эркинлиги соҳасида энг ёмон вазиятга эга 160-ўринни эгаллаб турибди. Матбуот эркинлиги бундай даражага тушиб қолишининг ўзи жамият тараққиётининг аҳволини кўрсатиб турибди. Матбуотимиз бундай ачинарли аҳволга тушиб қолишига нима сабаб бўлди, муаммонинг илдизи қаерларда ётибди?

Кечагина «темир парда» ортидаги СССР деган қафасда ўтирган беайб маҳкумлар, тақдирлари бегуноҳ мажағланиб, армонлари сабабсиз синдирилган, руҳи ўтмишдаги қирғинлар ва қатағонлар билан қўрқитилиб, эзилган «индамаслар» ўзининг мустақил ва ривожланган давлатини бошқара оладими, эркин сўзлай оладими, ҳур яшашни уддалай оладими ёки яна қарамлик вазиятига тушадими?

Ўзбекистонликларнинг ва бошқа давлатларда яшовчи Ватандошларимизнинг ўз юрти, улуси, тарихи, маданияти, адабиёти ва иқтисодиётига нисбатан бўлган муносабатларини қандай йўллар билан ҳамфикрлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик даражасига кўтара оламиз?

Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари расмий шаклда қонун билан ҳимояланган. Лекин, бошқа давлатларда яшайдиган, ўзини ўзбекман дейдиганларнинг сони Ўзбекистон Республикасининг ичидаги ўзбеклардан анча кўпроқ, уларнинг аҳволи қандай, уларнинг миллий мансубиятини ким ҳимоя қилади?

Яқин ўтмишимизда, миллий зеҳниятимизга умуман тўғри келмайдиган зиддиятли тушунчаларни маҳаллий халқ онгига суқиш учун нималар қилинди? Бўлмағур ҳаёт тарзини маҳаллий халқ орасида оммалаштиришга жонбозлик кўрсатганлар қандай мақсадларни кўзлаган эди ва бунинг оқибатида миллатимиз аҳволи қандай вазиятга олиб келинди?

Бир қарашда ушбу саволларга жавоб топиш осон туюлгани билан аслида жуда мураккаб тадқиқотлар натижасига кўра хулоса чиқаришга ундайди, жавоблар эса кўп жилдли китоб саҳифаларини эгаллаши мумкин. Бу саволларга жавоб бериш қанчалик оғир бўлмасин, ҳақиқат азиздир. Тарихий воқеаларни тадқиқ қилар эканмиз, нафақат Ўзбекистонда истиқомат қилувчи, балки бутун дунё бўйлаб сочилиб кетган Ватандошларимиз тақдирига, улар босиб ўтган мураккаб ҳаёт йўлига назар солмай иложимиз йўқ.

Ўзбек халқининг ўтмишдаги хатоларини бугунги кунимизда ва келажагимизда такрорламаслик учун узоқ ва яқин тарихимизда бўлиб ўтган таназзулларга ва инқирозларга олиб келган ҳар бир сабаб ва воқеа устида фикр ва мулоҳаза қилишимиз зарурияти замон талабига кўра алла қачон етиб келди. Чунки, ҳосил бўлган хулосаларимиз ҳозирги даврда юзага чиқиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг негизини аниқлашга ёрдам беради ва юзага чиқиши мумкин бўлган муаммонинг олдини олиш мақсадида диққатли бўлишимизга ундайди.

Мамлакатимизда бўлаётган ҳозирги ўзгаришларнинг асл моҳиятини сезиш, билиш ва тушуниш учун энг аввало жамиятимиздаги сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий жабҳаларда содир бўлган тарихий воқеаларнинг тафсилотларини таҳлил ғалвиридан ўтказиб, ҳар томонлама мушоҳада қилсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, халқимиз тасаввурида адолат, ҳақиқат ва жасорат тушунчаларининг тимсоли сифатида ўчмас из қолдирган Абдулла Қодирий бобомизнинг тили билан айтилган «Мозийга қайтиб иш кўриш – хайрли» ибораси ҳеч кимнинг эсидан чиқмаслиги лозим.

Ўзбек давлатчилик тарихида халқимиз тақдирида содир бўлган жуда мураккаб жараёнларга муносабат билдириш каби масалалар ҳамма вақт зиёлилар эътиборида туради. Айнан тарихий воқеаларга эътибор, ўтмишдаги ёлғонларни бугунги кун ҳақиқатлари билан таққослаб кўриш, ҳар томонлама ёндашувлар орқали таҳлил ва хулосалар чиқариш ишлари ҳар бир миллатнинг ўзлигини ва миллий борлиғини асраш учун керакли бўлган маърифий тамойиллар асосида амалга оширилган ҳаракат сифатида дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган.

Ҳар қандай давлатда ислоҳотлар, янгиланиш ва ривожланиш ҳаракатлари бир неча йиллар давомида, босқичма-босқич амалга ошириладиган мураккаб жараёндир. Бундай вазиятда ташкил қилинган ҳукумат ичида эски тизим тарафдорлари ҳам бўлиши аниқ. Ҳурриятни истаган ҳар бир миллатнинг тақдирида шу бор. Масаланинг шу тарафини инобатга олиб ҳаракат қилиш ва муроса қилиш йўли билан муаммоларга ечим топиш ишлари ўз миллатининг келажаги ҳақида қайғурадиган инсонлардан улкан маҳорат талаб қилади.

Қарийиб 150 йил давомида тушунчалари чақимчилик, иғвогарлик, лаганбардорлик, маддоҳлик каби иллатларга тўлиб тошган ўқимишсиз, саводсиз, тобеъликка ўрганган қарам миллат яратиш йўлида маҳаллий халқ устида ҳормай, толмай ҳаракат қилганларнинг излари бугунги кунимизда ҳам яққол кўриниб турибди.

Мустамлакачиликка асосланган мустабид тизимдан қутилганига эндигина чорак аср бўлган бир жамият учун давлат бошқаруви тизимида янгиликларга эришиш осонликча кечмайди. Шунинг учун фаҳм-фаросатли, илғор фикрли, халқ ичидан чиққан доно зиёлилар иложи борича кўзланган мақсадга эришиш йўлларини қидиради.

Бир халқ бўлиб яшашни амалда ўргана бошлаган оломон ўртасида ҳар хил зиддиятлар ва келишмовчиликлар чиқаришга уринадиган найрангбозлар ҳам кўпайиши мумкинлиги тарихдан маълум. Бу борада Ҳиндистоннинг буюк жамоат ва сиёсат арбоби, Ҳиндистон мустақиллик ҳаракатининг етакчи бошлиқларидан бири Маҳатма Гандининг «Мустамлакачилар тарбиялаган зиёлилар – ўз халқининг асосий душманидир», деган ибораси қанчалик ҳақ гап эканининг исботини барча мустамлакачиликдан энди қутилган халқлар тақдирида кўрмоқдамиз.

Афсуски, мустамлакачилар ва мустабит тизимнинг ашаддий тарафдорлари тарбиялаган ўз халқининг душманлари бўлган хоинларнинг шогирдлари ва издошлари ҳалигача ўз ишини кўрсатиб келмоқда. Халқимиз ўтмишида фожиали ва қонли излар қолдирган мустамлакачилик даврида ҳам, мустабит совет тизими даврида ҳам, босқинчилар маҳаллий халқ намояндаларидан ҳар қулай фурсатда ўз милатининг манфаатларини сотиб юборишга тайёр турган одамлар тарбиялаб чиқаришди.

Чиройли ва баландпарвоз шиорлар ва қишлоқдаги оддий ўзбек нима эканини ҳам тушунмайдиган ҳар хил атамалар билан безатилган иборалар, давлат лавозимини шахсий манфаатлари учун фойдаланиб келган кимсалар томонидан ўз кирдикорларини яшириш мақсадида омма эътиборини ижтимоий масалалардан чалғитиш учун тарғиб қилиниб келинганлиги ошкор бўлмоқда.

Тарихимизда содир этилган фожиали воқеаларга, халқимизга қарши амалга оширилган қувғинлар, ноҳақликлар, талон-тарожлар, жиноятлар ва ҳар хил хунрезликларнинг сабабларига жавоблар излаш мақсадида олиб борилган тафтишларимиз натижасига кўра, ўзбек халқи бошидан кечирган тарихдаги фожиалар, хунрезликлар ва қирғинларнинг кўпчилиги ўзимиздан чиққан сотқинларнинг ҳатти-ҳаракатларида ўз ифодасини топмоқда.

Мустамлака қилинган ва совет тизими зўрлик билан жорий қилинган даврларда суъний тўқиб чиқарилган уйдирма, ёлғон айбловлар оқибатида тинч аҳолига нисбатан оммавий қатлиомлар уюштирилганлиги аниқланди, ўзбек халқи бегуноҳ қурбонлар берган миллат эканлигига ҳеч қандай шак-шубҳамиз қолмади.

Ўзбек халқининг бошига келган охирги оммавий фожиа советлар даврида тўқиб чиқарилган «пахта иши» номини олган сафсаталар асосида ўзбек халқига нисбатан оммавий сургунлар, қамоққа олишлар шаклида амалга оширилган.

Миллий ўзлиги, ғурури, онги, номуси оёқ ости қилинган ва эзилган мазлумларнинг онгида яхлит бир халқ бўлиш тушунчаси эндигина қайта шаклланиб бошланган даврда инсонлар ҳаёти жуда оғир ижтимоий-сиёсий вазиятлардан кечади. Албатта, бу жуда нозик масалалар, шу билан бирга, ҳал этилиши учун жуда катта эътибор ва маблағ талаб қиладиган муаммолар ҳамдир. Кундалик турмушдаги турли ижтимоий ва моддий қийинчиликлар ичида яшаб, ўз оиласини маошдан маошга зўрға боқиб юрган зиёлилар бундай муаммолар ва масалаларни ҳал қилишга кучи етмаслиги ҳам мумкин.

Сиёсий рақобат ва кураш талафотсиз бўлмайди. Ёлғиз одам ҳаминқадар иш бажариши мумкин. Лекин, жамиятни ташкил қилувчи асосий омил, бу халқдир. Халқнинг салоҳияти эса халқ намоёндалари бўлмиш шахсларнинг маданий савияси ва фикрлай олиш қобилиятига боғлиқ.

Эндигина ҳуррият ҳавосидан нафас олиш учун қафаслар туйнигидан озодлик сари мўралаб чиқиб, кечаги кишанларини ечиш билан овора бўлаётган бечоралар, дунёдаги ривожланган давлатларда бўлаётган замонавий тараққиётга назар солишга, улардан ўрнак олишга ва янгича иқтисодий ўзгаришлар қилишга қодирми ёки талофатга учраб, ижтимоий муаммолар билан аралашиб тўхтаб қоладими, буни вақт кўрсатади.

Инсоният тарихидан маълумки, аввал тарқоқ ва бир бирига зиддиятли ёв бўлган қавмлар ўтмишида бўлиб ўтган тарихий жараёнлардан ҳосил бўлган хулосалар ва тафсилотлар билан бирга келажакда руёбга чиқиши армон қилинаётган орзу-умидлари мужассам қилинган миллий ғоя асосида маънавий жиҳатдан бирлашади, муштарак қўлланадиган ўз адабий тилига эга бўлишади. Яъни, илғор фикрли инсонлар мажмуаси ҳамжиҳатлик билан бир миллат номи атрофида бирлаша олгандагина инсонлар онгида умуммиллий тафаккур ўйғонади.

Илмий салоҳиятга эга ва дунёдан хабари бор зиёлилар амалга оширган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги маърифатчилик ҳаракатлари эвазига яратилган давлатчилик тамойилларини ифодаловчи миллий мафкурага кўра тараққиёт йўлида юксак марраларни эгаллашга қодир жамият шаклланади.

Илғор фикрли инсонлар ўз авлодлари мустақил давлатнинг келажак насли сифатида тинчликда, тотувликда ва тараққий этган жамиятда яшаб фаровон ҳаёт кечиришлари учун ўзлари қурган давлатни тараққий этишини ва мустақил бўлиб қолишини таъминлашда зарур бўлган мақсад сари ўз миллий мафкурасига таянган ҳолда беминнат ҳаракатланади.

Мақсадсиз, мафкурасиз ва ғоясиз одамлар йиғиндиси миллат сифатида ҳам, давлат сифатида ҳам ҳеч қайси жамият томонидан тан олинмаган. Чунки, бундай оломоннинг халқ бўлиб бирлашиши мумкин эмас. Лаёқатсиз одамлар тўдаси фақат ўзларига ўхшаган ўтмишидан хабари йўқ, ўз халқининг тарихий йўлини билмайдиган, миллий борлиғига бефарқ бўлган ва давлатчилигини давом эттириш учун керакли иродаси йўқ наслни пайдо қилиши мумкин холос.

Яқинларининг ва ўзининг бошига тақдир тақозаси билан тушган долзарб ҳаётий масалаларнинг ечимини ўтмишида бўлиб ўтган воқеалар билан таққослаб аниқ тасаввур қила олмайдиган ва ўз миллий келажаги ҳақида қайғурмайдиган инсонлар мустақил давлатда ҳаёт кечириш ҳаққидан маҳрум бўлади.

Беватан, бедавлат, бемиллат бўлиб қолган инсонлар йиғиндиси ўз миллий ғоясига, миллий мафкурасига ва мустақил давлатига эга бўлишни ҳеч қачон уддасидан чиқмаган оломон бўлиб қолаверади. Оқибатда, тарих саҳнасидан шармандаларча улоқтириб ташланади. Бундай мисоллар, дунё тарихида етарлича мавжуд. Шунинг учун, биз ўзбеклар тарихимизни асло эсдан чиқармаслигимиз керак, ўтмишимизни унутишга ҳаққимиз ҳам йўқ.

Халқ учун ҳеч қандай қадр-қийматга эга бўлмаган баландпарвоз шиорлар асосида яратилган совет тизимининг хизматкорлари халқ ғамини ўйлаган маърифатчиларни қамаб, ўлдириб давлат тепасига чиқиб олган эди. Улар бошқарган совет давлатида эса тинч аҳоли вайрон қилинди, ватандошларимизнинг кўзлари шамғалат қилинди, оддий халқни оммавий эътиборни чалғитиш йўли билан алдаб, миллатни қонга ботирадиган мустабид тизим яратилгани бутун дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган ҳақиқатдир.

Ҳар қандай мустамлака, зулм устига қурилган мустабид тизим ҳамиша ички зиддиятлар ва ғалаёнлар оқибатида қулайди. Бу ҳақиқатнинг тасдиғини ўткан асрнинг охирида, Ўзбекистонда янги эсиб бошлаган ҳурриятнинг майин шабодаси мустақиллик сари ҳаракатланиб бошлаган ўзбек халқининг ичида шиддатли бўронга айлана бошлаган даврда ҳис этганмиз.

Миллатлар қамоқхонаси бўлмиш СССР номли зулмат маконидан миллий озодлик сари интилиш шижоати ўзбек халқида шунчалик журатли ва кучли эдики, эски мафкура тарафдорларининг оҳангларини анча пасайтириб қўйган эди.

Давр алмашуви пайти қайси томонга ён босишни билмай довдираб юрганларнинг кўпчилиги, юзага чиққан ижтимоий ва иқтисодий тангликларга бардош бера олмай қолади. Халқ эътиборидан четда қолиб кетганлар нима қилишини билмай аросатда алжираб юрган кезларида Ўзбекистонда ҳуррият ёруғлиги кўрина бошлайди.

Зулм салтанати инқирозга дучор бўлганидан сўнг, таназзулга мубтало бўлиб қолган СССР давлати парчаланиб, тугатилди. Даҳшатхона тарқатиб юборилди. Эски замон қайтишига умудвор бўлиб юрган Москвадаги Кремлдан бошқариладиган Ўзбекистондаги бир қатор коммунистлар, ўрисчани билгани эвазига қора қозонини қайнатиб, тирикчилик йўлида нон топиб юрган замонасоз ҳайбаракаллачилар, ўрис тили ва адабиётига шайдо бўлиб юрган маҳаллий халқдан чиққан тақлидчи қаламкашлар ёппасига ўзларига янги лавозимлар, унвонлар қистириб олиб, янги тузилган давлатни бошқаришга киришиб кетишди.

Мустақиллик тонгида, замонага мос шаклда дарров янги «сиёсий либос» кийиб олган эски мафкура арзандалари бўлмиш уша даврнинг чаққон корчалонлари ва амалдорлари замон ўзгариши билан, усталик билан янги «сиёсий либос» билан бирга асл советча юзига сохта «миллийча ниқоб» ҳам тақиб олишга улгуришди.

Кечагина Ўзбекистонда ўзбекча гапиришга уялиб, «рус, буюк оғам» деб баралла жар солиб юрганлар бир юмалаб, истиқлол куйчилари, мустақиллик адиблари, истиқлолнинг пойдеворига ғишт қўйган замонавий ўзбек давлатчилигининг асосчилари, ўзбек халқининг халоскорлари ва миллий қаҳрамонлари сифатида гавдалана бошлайди. Баъзилари эса, худди товуққа сочилган дондек сочилаётган ўша даврдаги баландпарвоз ибора ва шиорларнинг муаллифлари сифатида ҳам омма эътиборига ўзларини намоён қилиб, элга танила бошлайди.

Ҳар хил найранглар, иғвою фитналар эвазига ёки таниш-билишчилик йўли билан пулга сотиб олган амалдорлик курсисига чиқиб олган нусхалар, ўз халқининг аҳволидан бехабар, эл дардини писанд қилмайдиган, халқнинг ҳаққини истаганича, зулукдек эмадиган амалпарастларга айланишди. Уларнинг гўмашталари билан қаламкаш хизматкорлари эса хўжайинларининг буюртмасига кўра «ўзимизга хос ва мос йўл», «давлат назоратидаги ўзбекона демократия», «ўзбек модели дунёда тан олинмоқда» каби суъний яратилган баландпарвоз иборалар ва бошқа сафсаталар билан омма эътиборини эгаллаб бошлади. Кейинчалик, ушбу шоввозлар Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув тизимини издан чиқариб, мамлакат иқтисодиётини ҳам, сиёсатини ҳам, фуқароларнинг маданий ва ижтимоий ҳаётини ҳам, ҳар соҳада таназзул ёқасигача олиб келиб қўйган хоинлар эканлиги аниқланди.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон сиёсий саҳнасида эски советча усулда томошалар кўрсатиб, порахўрлик, лаганбардорлик, қаллобилик каби иллатларни авжига чиқариб юрган ҳар хил «лўттивоз» ва «найрангбозлар» жиноий жавобгарликка тортилган жиноятчи ва жазосини олаётган маҳбусларга айланди.

Афсуски, ҳали ҳам жамиятимизда эскилик сарқитларини кўтариб юрувчилар мавжуд. Ўзлигини йўқотган инсонларнинг тафаккурида миллий ор, миллий ғурур, миллий онг тушунчалари бўлмайди, қилиғида эса пасткашлик билан қаллоблик етишганлик саналади. Айнан мана шундай нуқсонлари бор кимсаларнинг онгидаги бўшлиққа уйғун келадиган шаклда мослаштирилган эски совет мафкурасининг сарқитларини ялтироқ қоғозга ўраб, онгига қайтадан суқишга ҳаракат қилаётган «чаққонлар» яна ижтимоий ва сиёсий саҳнага чиқишга интилмоқда. Аслида, бундай нусхалар, жамиятимизда ҳамма вақт бўлган ва ҳозир ҳам ялло айтиб яшашмоқда. Ҳаттоки, уларнинг мушугини ҳам, ҳеч ким пишт демайди. Ўзбек халқининг миллий зеҳниятига тўғри келмайдиган, мантиқсиз ва ҳеч бир маъно касб етмайдиган мақола, таклиф ва дастурлар яратиб, бу яратиқларини инсонлар онгига суқушга интилаётган қанчадан қанча олимлар, журналистлар ва давлат тизимида ишловчи ходимлар жонбозлик кўрсатиб келаётгани таажубланарли воқеа.

Масаланинг қизиқ томони шулки, яшаётган бугунги замонавий дунёмизнинг талабларига алла қачон жавоб бермайдиган даражада сийқаси чиқиб кетганлигига қарамасдан, эски советча сарқитга ўхшаган баландпарвоз иборалар ва атамаларни халқимиз онгига яна сингдирмоқчи бўлиб, кўпчиликнинг кулгу ва мазахига сабабчи бўлаётган нусхалар, отидан улоқтириб ташланган бўлсада, ҳали ҳам эгарига ёпишиб олиб, жамоатчиликка қарши гоҳида сапчиб туради.

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув тизимига эски совет сарқитлари билан бирга суқулиб кириш истагида сарсон бўлиб юрганларнинг ташаббуслари қайси томонлардан чиқиши мумкин, улар қайси раҳнамоларининг буюртмасига кўра мустақил давлат халқининг манфаатларига зиддиятли бўлган ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб боришни истаб қолиши мумкин? Бу саволга жавоб излаш ҳар бир Ватан фидоийси учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Баъзилар учун эшитилиши ёқимли бўлса-да, эски совет усулидаги баландпарвоз шиорлар қанчалик ҳақиқатга тўғри ва уйғун эканлиги ҳозирги кунга келиб, гўё шубҳали ва мавҳум вазиятга тушиб қолгандек. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар негизи ва моҳияти билан таққослаб кўрилганида эса ҳеч қандай қадр қийматга эга бўлмаган, оддийгина ўзбекона чиройли сўзлар йиғими эканлиги юзага чиқмоқда.

Замонавий дунёда, эски хўжакўрсин гапларга, баландпарвоз шиорбозликка ишонадиган ёки қуруқ гапга эргашадиган содда ўзбек анқонинг уруғидек ноёб бўлиб қолгани кўпчиликка аён бўлиб турибди. Лекин, тадбирли ва эҳтиёткор бўлишимиз шарт. Чунки, келажакда яна «ўзбекона демократия» ясамоқдамиз деган сафсаталар билан ёки тасдиғи йўқ қуруқ шиорбозликни авжига чиқариб, ҳеч ким амал қилмайдиган панду насиҳатлар, сулув ибораларни оммага ташиб юрувчи кимсалар ўз найрангларини бошлаб юборишлари ҳам мумкин.

Ўтмишимизда бўлганидек, ўз халқига қарши бўлган «миллатсотар» жиноий гуруҳларнинг жамиятимизда яна шаклланмаслигига ким кафолат бера олади. Яна, эски даврларда бўлгани каби, фақат белгиланган кишиларгина тепасида ўтириб бошқарадиган «ватансотар» гуруҳбозларга хизмат қилувчи «юртсотарлар» ғоясининг тарафдорлари мажмуасини шакллантиришга ҳаракат қилувчилар ҳам ўртага чиқиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун, ҳар бир Ватандошимиз ўз миллий онгини ҳар хил бўлмағур сафсаталардан асрашнинг усулларини ўрганиши шарт.

Эл, юрт, улус ва миллат истиқболи йўлида ҳаракат қилувчи ҳар бир Ўзбекистон ватандоши энг аввало, айнан ўтмишда Ватани озодлиги, ҳуррияти ва истиқлоли йўлида фахру ифтихор ила жонини бахшида этган маърифатпарвар, ватанпарвар ва миллатпарвар аждодларимиз йўлини тушуниши ва билиши керак.

Келажакда, жамиятимизнинг ҳар бир намояндаси турмушида ижобий ўзгаришлар билан бирга, уларнинг ишида, сўзида ва фикрида шахсий эркинлик тотини яратиш мақсадида ўтмишдан сабоқ олишимиз шарт. Асло унутмайлик, Ватанимизнинг бугунги мустақиллигини теран англашга ҳаракат қилиб, ҳозирги кунимизни ўтмиш билан таққослаб, тарихдан сабоқ ва ўрнак олиб яшаш масаласи бутун дунё ўзбеклари учун миллий эҳтиёжга айланган даврни бошимиздан кечирмоқдамиз. Зеро, мозийдан шунинг учун ҳам ибрат олинади, қолганини эса ҳар бир инсон виждонига ва иймон-эътиқодига кўра ўзи белгилайди.

Шахсий фикрларнинг умумлаштирилиши натижасида жамиятнинг ҳамма намояндаларига тааллуқли бўлган, белгиланган хулосалар юзага чиқиши аниқ. Ижтимоий фикр ва хулосалар асосида ҳукумат томонидан сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий жабҳаларда халқнинг салоҳиятини ошириш йўлида қилиниши шарт бўлган режалар тузилади ва қарорлар қабул қилинади. Олинган қарорлар жамиятни ҳаракатга етаклаши зарур. Пухта ишлаб чиқилган режа асосида амалга оширилган шижоатли ҳаракатлар эвазигагина халқнинг салоҳияти юксалиши мумкин.

Нафақат ҳар бир Ўзбекистон Ватандоши, балки дунёнинг қайси бурчагида яшашидан қатъий назар ҳар бир ўзбек ўзининг қилаётган ҳатти ҳаракатлари натижасида Ватанига, халқига, оиласига, тарафдорларига, ҳамфикрларига ва касбдошларига қандай зиён ёки фойда келтириши мумкинлигини тушуниб, билиши керак. Акс ҳолда, онгсиз ва миллий тушунчалардан бебаҳра қолган бундай нусхалар ўз миллатини худди кушхонага қўйларни бўғизлаш учун кетидан эргаштириб қассобнинг олдига олиб келадиган серка-таканикига ўхшаган ишни бажарадиган маҳлуққа айланиб қолиши мумкин, холос.

Эҳтиёткорлик – қўрқоқлик эмас,

Мардлик – аҳмоқлик эмас.

Доно халқимиз бекорга «Кўр хассасини бир марта йўқотади» демаган. Биз ўзбеклар, нафақат ҳассасини йўқотган, балки ичимиздан чиққан лаёқатсизлар ва сотқинлар сабабли тарихда кўпгина давлатларини ҳам йўқотган аждодларнинг зурриётимиз, буни асло эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.

Шуҳрат САЛОМОВ (БАРЛОС)