Мактаб битирувчиси 115 та коллежга қабул қилинган ва қарийб 4 миллион доллар грантлар ютиб олган

Нью-Орлеандаги халқаро ўрта мактаб ўқувчиси 115 та коллежга ўқишга қабул қилинди ва унга қарийб 4 миллион доллар миқдорида грант маблағи тақдим қилинди.

«Коллежга ўқишга киришимдан хурсандман, чунки, оиламиздагилар коллежда ўқимаган, шунинг учун мен биринчи бўламан», дейди Антонуэтта Лав WDSU мухбирига берган интервьюсида.

Антонуэтта 18 ёшда, албатта, унинг ҳаётида янги уфқлар энди очилмоқда. У ўз оиласида биринчи бўлиб коллежга ўқишга кирди, лекин, ҳеч ким уни бундай рекорд натижа кўрсатади деб ўйламаган эди.

У аллақачон бутун мамлакат бўйлаб 115 та коллеж ва университетга қабул қилинган ва унга 3,775,230 АҚШ доллари миқдорида стипендия (ўқиш контракти учун тўлов маблағи) таклиф қилинган.

«Мен сентябр ойидан бошлаб университетларга ҳужжат топширишни бошладим. Жўнатавердим, жўнатавердим, кейин менинг электрон почтам стипендия таклиф қилинган юзлаб хатларга тўлиб кетди. Тезроқ ўқиш бошланишини кутаяпман. Коллежга кириш, у ерда ўқиш мумкинлигини бошқаларга кўрсатишни истайман», дейди Антонуэтта.

«У нафақат қабул қилинган коллежлар сони бўйича, балки ўрта мактабда қанчалик яхши ўқиганлиги бўйича ҳам рақобатлашиши мумкинлигини кўрсатди», дейди мактаб директори Сеан Уилсон.

Манба: wdsu.com

Оилада беш фарзанднинг каттаси бўлган Антонуэттанинг келажакдаги мақсади бошланғич мактаб ўқитувчиси бўлиш. Гарчи таклифлар бутун мамлакат бўйлаб келган бўлсада, ота-онаси у уйига яқин жойдаги коллежни танлашини умид қилишмоқда.