Сеулдаги ёнғинда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга олиб келинди, иккинчи фуқаро эса шифохонага ётқизилган

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Кореада юз берган фожеа тафсилотлари ҳақида хабар берди.

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Элчихонаси берган маълумотга кўра 2019-йилнинг 9-май куни Сеул шаҳридаги квартирада содир бўлган ёнғин натижасида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси Фаррух Муминовнинг (1996-йилда туғилган) жасади Тошкентга жўнатилди.

Ёнғин чоғида иккинчи даражали куйиш олган талаба Мутал Юлдашев (1997-йилда туғилган) «Ҳанил» касалхонасига жойлаштирилган, унга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 11-май куни жабрланувчининг отаси ва акаси Сеул шаҳрига етиб келди ҳамда М.Юлдашев таълим олган «Ҳанкук» университети кўмагида уларга яшаш жойи борасида ва бошқа масалаларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатилди.

Ҳозирги пайтда Жанубий Корея томони ёнғиннинг барча сабабларини аниқлаш учун тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Аввалроқ Кореа Республикасининг Сеул шаҳрида Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ фожеа ҳақида хабар берилган эди.

Унга кўра, 2019-йилнинг 9-май куни ичида ўзбекистонлик талабалар Мутал Юлдашев (1997-йилда туғилган) ва Фаррух Муминов (1996-йилда туғилган) бўлган Сеул шаҳридаги квартирада маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:30да ёнғин содир бўлган. Натижада Ф.Муминов воқеа жойида вафот этган. М.Юлдашев иккинчи даражали куйиш жароҳатини олган ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун Ҳанил касалхонасига олиб борилган.

Дипломатик ваколатхона вакиллари М.Юлдашевнинг аҳволидан ҳам хабар олган. Врачлар беморнинг ҳолатини оғир деб баҳолаган.

Фожеада вафот қилган ватандошимиз Фарруҳ Муминовнинг ота-онаси ва яқинларига ҳамдардлик билдириб қоламиз.

Шифохонадаги ватандошимиз Мутал Юлдашевга эса тезроқ соғлигини тиклаб олишини тилаймиз.