Модомики руслар инглизчани ўрганаётган экан, ўзбеклар нега русчани ўргансин?

Яқинда бир гуруҳ маданият намояндалари Ўзбекистонда рус тилига давлат тили мақомини бериш таклифи билан чиқди. Бу ташаббус ижтимоий тармоқларда қизғин ва кенг муҳокама қилинди. Менимча уларга етарлича аниқ жавоб берилди: йўқ.

Таклифнинг ўз мутлақо ўринсиз эканлигини жамоатчиликнинг реакцияси очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Лекин, улар бу жасоратни қаердан олди? Улар жасоратни таъсир кучи ва обрўси ортиб бораётган Россиядан олаяпти. Дарҳақиқат, Россия дунёда, айниқса МДҲ ҳудудида ўз мавқеини анча яхшилаб олди. Чеченистондаги урушни батамом тўхтатди, Гуржистон, Украина каби давлатлар билан очиқ тўқнашувларга бориб, улардан ер-ҳудуд тортиб олишга ҳам эришди.

Туяни шамол учирса эчкини осмонда кўр деганларидек, рус империализмига баҳоли қудрат қарши туришга уринган Украина ва Гуржистоннинг «оёғи осмондан» бўлгач, бошқа МДҲ давлатлари анча эҳтиёткор бўлиб қолдилар. Бу воқеалар Ўзбекистондаги руспарастларни ҳам руҳлантирмасдан қолмади, албатта. Ахир охирги 5-10 йил ичида Ўзбекистонда руслашиш авжига чиқди: меҳнат ёшидаги одамларнинг аксари Россияда мардикорлик қилаяпти, одамлар ўз болаларини ёппасига рус мактаб-боғчаларига бера бошлади, юқори мартабали одамлар рус тилида гапира бошлади, телевиденияда, ўзбекча кўрсатувларда рус тилида, таржимасиз, гапириш урф бўлди, кўчалардаги эълонлар ва пештахталар ҳам ёппасига рус тилига ўта бошлади, СССР замонидан қолган байрамлар носталгик шаклда нишонлана бошланди… Ҳатто 2017 йили, яъни «Улуғ Октябрь Революцияси»нинг 100 йиллигида Путин СССРни тиклармиш деган миш-мишлар ҳам тарқалган эди.

Биздаги бепарволик, лоқайдлик шу даражага бориб етдики, юқорида эсланган маданият намояндалари ўша машъум ташаббусга қўл урдилар. Демак, уларнинг ниятлари аён, Ўзбекистонни Россияга тобеъ, вассал ўлка ҳолига келтириш. Аммо уларнинг бу истаклари қанчалик ҳақиқатга яқин? Тарихга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонликлар, мустамлакачи Европа халқларидан фарқли ўлароқ, ош-нон деб уришмаган, лекин, масала ўзлиги, маданиятини сақлаб қолиш бўлган ҳолатларда ҳеч нарсадан тоймаган.

Бизнинг халқимиз, одамларимиз бағрикенг, меҳмондўст, кечиримли. Бунга халқимизнинг инсонпарвар одатлари ва одамийлик дини бўлмиш Ислом динининг таълимотлари сабабдир. Бизнинг на одатимиз ва на динимизда миллатчилик, ирқчилик, мустамлакачиликка жой бор! Лекин, миллатчилар, ирқчилар ва мустамлакачилар бизга зуғум қилса, бизга қарши чоғланса уларга ҳар доим муносиб жавоб қайтариб келганмиз.

Менимча, ўша маданият намояндалари бизнинг камтар, мўмин-қобил халқимизнинг нақадар эрксевар эканлигига етарлича баҳо бера олмаганлар, чунки улар бизнинг халқимизни яхши танимайди. Агар яқин тарихга қарасак, Чор Россияси бизни босиб олганидан то 1991 йилгача қуллик ва асоратга қарши кураш тўхтамаган: Дукчи Эшон, Жиззах, Пўлатбой, Мардикорлар қўзғолонлари, Жадидчилик ва Туркистон Мухторияти ҳаракатлари, «Босмачи» миллий-озодлик ҳаракатлари, Ўрта Осиё Мусулмонлар Идорасининг диний эркинлик йўлидаги маъмурий курашлари, II-Жаҳон Урушидан кейин етишиб чиққан янги авлод зиёлиларининг курашлари (Саид Аҳмад, Фаҳриддин Умаров ва ҳоказоларнинг қамалганлари), «Пахта иши», «Тўмарис», «Бирлик», «Эрк» халқ ҳаракатлари ва ҳоказо. Кўриб турганингиздек, Россия мустамлакаси бўлган бутун давр мобайнида эрк учун кураш асло тўхтамаган. Ҳозирги 33 миллионлик Ўзбекистон аҳолиси ҳам шу эрксевар инсонларнинг болалари!

Ўзбекистон аҳолиси ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон демографик жиҳатдан Украина ёки Россиядан кескин фарқ қилади. Россия ва Украинада аҳолиси орасида СССР даврида яшаган кекса ёшли СССРни соғинувчи унсурлар кўпчиликни ташкил этади. Ўзбекистонда эса бунинг акси, бизда аҳолининг асосий қисми ёш ва навқирон! Улар учун яқин тарихимиздаги қора доғ, мустамлака даври мутлақо нотаниш. Улар бу Қизил Империяда яшамаганлар! Улар, яъни руспарастлар, шу ёшлар ҳам асосан Россияда ишлаяптику барибир дейиши мумкин. Аммо, бу ҳолат аслида рус империалистларининг зарарига ишлаяпти, чунки ҳозир Россияда қора меҳнат қилаётган ёшларимиз ирқчи, ксенофобик Россия жамиятининг асл башарасини кўраяпти, уларнинг СССР ҳақидаги чўпчаклар билан аллалаб бўлмайди!

Халқлараро мулоқот воситасига келсак, бунинг учун анча бетараф ва қулай танловлар бор, масалан инглиз тили. Инглиз тили ҳозир дунё бўйлаб шунчалик кенг тарқалганки, ҳатто инглизча билмайдиган русни топиш қийин бўлиб қолди. Модомики руслар инглизчани ўрганаётган экан, ўзбеклар нега русчани ўргансин? Биз ҳам инглизча ўрганиб улар билан ўша ўзлари севиб ўрганган тил – инглиз тилида тенг мулоқот қилаверайлик! Нима биз итнинг кейинги оёғимизми, руслар инглиз тилини, биз эса рус тилини ўрганадиган?

ef.com

Ўзбекистонда яшаб туриб ўзбек тилини ўрганмай, рус тилини ишлатиб яшаб юрганлар бизнинг бағрикенг халқимизга муташаккир бўлишлари керак аслида! Майли, тилимиз уларга ёқмаса, керак бўлмаса, уларни мажбур қилмаймиз, тинчгина яшаб юраверсин. Лекин, улар ҳам бизни мажбур қилмасин! Улар ҳам бизга ўз тилларини тиқиштирмасин!

Халқлараро тил ҳақидаги гапни давом эттирадиган бўлсак, ўзбек тили ҳам ўнлаб давлатларда миллионлаб одамлар томонидан нафақат она тили, балки иккинчи тил сифатида ишлатиладиган тилдир, айниқса Афғонистон ва Ўрта Осиё минтақасида. Ўрта Осиё халқлари бир-бирлари билан рус тилининг миннатли хизматларисиз ҳам минг йиллар давомида бир-бирлари билан бинойидек мулоқот қилиб келганлар. Ўрта Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида ҳар иккила томонидаги аҳоли икки тилли ва бу аҳолининг аксарияти рус тилини мутлақо билмайди, унга эҳтиёжи ҳам йўқ. Нокамтарлик бўлмасинку, лекин ўзбек тили Ўрта Осиёда иккинчи тил сифатида кенг ишлатилади. Аммо шу билан бирга биз шимолдаги корчалонлар каби мутакаббир эмасмиз, ўзбеклар ҳам, айниқса чегара ҳудудларида яшовчи ўзбеклар, қўшни давлатларнинг тилларини жуда яхши биладилар. Ҳол бу экан, рус тилининг «миллатлараро тил» эканини биз учун унча аҳамияти йўқ.

Ҳатто рус тили «миллатлараро мулоқот тили» бўлган тақдирда ҳам бу уни Ўзбекистонда давлат тили қилиш учун важ-карсон бўла олмайди.

Абдул Аҳад Абдураҳмон,

Сиёсатшунос, Шайенн шаҳри, Вайоминг штати, АҚШ.