Ўзбекистонда Рамазон ойи 6 майдан бошланади

Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Президент қарори миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саҳоват, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида қабул қилинаётгани айтилган.

2019 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу йил республикамиз бўйича 1220 масжидда таровиҳ намозларида хатми Қуръон қилиниши ва уларда жами 2038 нафар қорилар иштирок этишини хабар қилди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларимизга кириб келаётган Рамазон ойи муборак бўлсин деймиз.