Ҳар бир юрт фарзанди она тили – ўзбек тили ҳимояси учун тайёр туриши лозим

Сўзимни Немис ёзувчиси Генрих Даубенинг ажойиб афоризми билан бошлайман:

Халқнинг тилига ҳужум – унинг қалбига ҳужум!

Сўнгги кунларда дунё ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган воқеа юз берди. Бу ўзларини «Зиёли» деб атаган халқ артистларидан тортиб бир қанча олимлар рус тилига давлат тили мақомини бериш учун имзо тўплашди…

Келинглар аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясига назар солсак. Қомусимизнинг 4-моддасида: «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

Кўриб турибсизки ҳаммаси қисқа ва лўнда қилиб ёзилган.

Албатта, рус тили, нафақат рус тили, инглиз, немис, француз, хитой тилини ҳам чуқур ўрганиш кераклиги, ёш авлодни билимли бўлиб етишиши учун шароитларни янада яхшилаш ва келажакда юртга фойдаси тегадиган мутахассислар бўлиши учун ўқитувчилар, ота-оналар бор куч ва билимларини сарфлашмоқда, бу албатта келажакда ўз мевасини беражак!

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилганига бу йил 30 йил бўлади. Ўз тилини ҳурмат қилган ҳар бир юрт фарзанди она тили – Ўзбек тили ҳимояси учун тайёр туриши лозим деб биламан. Келинглар, Ўзбек тилининг 30 йиллигини катта тантанага айлантирсак!

Баъзи ўзини зиёли деб атаган юртдошларимизнинг фикрларини жиддий қабул қилмай Ўзбек тилини ҳурмат қилишни, қадрлашни аввало ўзимиздан бошласак. Эътибор берсангиз кўча кўйдаги ажнабий тилларда ёзилган реклама, эълонлар ва турли хил ёзувларни олиб ташлаб ўзбек тилида ёзилган чиройли номлар билан атасак нима дейсизлар…

Ижтимоий тармоқдаги дўстларимдан илтимос қилиб қолар эдимки энг аввало миллатчилик қилмайлик, хақоратомуз сўзлар ёзмайлик, фикрга фикр бериб тўғри тушунтирайлик…

Агар шундай сўзлар ёзилса кимларгадир дастак бўлиши ҳеч гап эмас!  Ҳаммамиз шу юрт фуқароларимиз! 

Огоҳ бўлайлик!

Огоҳ бўлайлик!

Сўзимни охирида Махатма Гандининг сўзлари билан якунлайман: “Мустамлакачилар тарафидан тарбияланган Элита ўз халқининг биринчи душманидир!”

Омон бўлинг!

Ҳурмат билан Дима Қаюм.

Риштон.