156 нафар ватандош Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан олиб келинди

Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан муборак Рамазон ойида яна бир хайрли, улкан аҳамиятга эга “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди. 

president.uz

Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер бугун Суриядан Ўзбекистонга қайтарилган 156 нафар ўзбекистонлик бўйича баёнот берди.

Хелена Фрейзер авваламбор оммавий ахборот воситаларидан уруш ўчоқларидан қайтган юртдошларимиз – аёллар ва болаларнинг суратларини очиқ ҳолда тарқатмасликни илтимос қилди. Координатор БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу келтирилган инсонларнинг ҳуқуқларини халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланган ҳолда ҳимоя қилажагини билдирди. Шунингдек, бу борада барча маҳаллий давлат органлари билан мулоқотга киришишини маълум қилди.