“Big Data Expo 2019”: Дронлар спектакли

Хитойда “Big Data Expo 2019” кўргазмаси очилди. Бу йилги кўргазманинг очилиши 26 май куни бўлиб ўтди.

Кўргазмадаги энг ҳайратли чиқиш албатта турли рангли лампалар билан жиҳозланган дронлар армиясининг чиқиши бўлди. Юзлаб дронлар Гуиянг шаҳрининг осмонига кўтарилиб томошабинларга келажак парадини намойиш этди.

Бир вақтнинг ўзида 526 та дрон тунги осмонда ажойиб томоша кўрсатди. Дронлар ўнлаб шаклларни тасвирлаб берди.

Ушбу дастурни тайёрлашда 80 та мутахассис 112 кун ишлаган. Барча дронлар дастурчилар томонидан олдиндан дастурлаштирилган битта компьютер орқали бошқарилган.

Хитойнинг жануби-ғарбий қисмидаги Гуичжоу провинциясида ташкил этилган Хитой ахборот технологиялари халқаро кўргазмаси 2019 йилдаги ахборот индустриясига бағишланган йирик тадбир ҳисобланади. У 2015 йилдан бери ўтказиб келинади. Кўргазмада турли мамлакатлардан келган Ахборот технологиялари ва дастурлаш мутахассислари рақамли технологиялар соҳасидаги ўз ишланмаларини тақдим этади.

Кўргазманинг ҳакамларидан бири Бокхум Амалий фанлар университети (Германия) профессори, Райнер Дужиак Хитойдаги кўргазма ҳақида шундай дейди:
– Гуичжоуга бир неча бор ташриф буюрганман. Бугунги кунда катта ҳажмдаги маълумотлар тармоғини (Big Data) ривожлантириш Хитой вилоятлари ҳокимияти стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Дрон технологияси ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда, илмий тадқиқотларда катта ёрдам берадиган технология ҳисобланади. Хусусан, хавфли шароит ва ҳудудларда ахборот йиғиш, қутқарув, етказиб бериш ишларида самарали воситадир. 

Дронларнинг спектаклидан қуйидаги видеороликда баҳраманд бўлишингиз мумкин.