ДЎСТЛАРИ ҲИСОБИДАН ИМТИЁЗЛАР: иммигрантларнинг ҳомийларига ижтимоий имтиёзлар учун тўлов қилиш мажбурияти юкланади

Бу тартибни белгилаган қонун 23 йил олдин, аниқроғи 1996 йил иммиграцион ислоҳотлар доирасида Бил Клинтон томонидан имзоланган. Лекин, шунча вақтдан буён белгиланган тартиб кучга киритилмаган эди.

«Америка фуқароларига имтиёзлар қолдириш учун, иммигрантлар молиявий мустақил бўлишлари керак”, – деб айтган президент Трамп.

«Ҳозирги кунда агентликлар бу талабларни лозим даражада ижросини таъминламаяпти. Баъзи ташкилотларда иммиграция қонунчилиги талабларига риоя қилган ҳолда ушбу ҳомийлик маблағларини қайтариш ва уларни рўйхатини юритиш бўйича керакли йўриқнома ва тартиблар мавжуд эмас», дейилади меморандумда. Оқ уйга кўра, қонунни амалга ошириш механизмлари мавжуд бўлган бир қатор дастурлар мавжуд, бироқ улар янгиланиши керак. Энди ҳар бир янги иммигрантнинг ҳомийси ўз молиявий мажбуриятларининг ёзма гувоҳномасини имзолаши керак бўлади. Бундан ташқари, расмий ҳокимиятлар ҳомийлар учун тўлов механизмини яратадилар. Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармалари муҳожирлар ва уларнинг ҳомийлари тўғрисида маълумотларни тўплайди, Молия Департаменти эса ҳомийлардан пул тўловларини талаб қилади.

Ушбу тартибни танқид қилаётганларнинг айтишича бу тартиб кам даромадли ва янги давлатда энди мослашишга, иш топишга ҳаракат қилаётган муҳожирларни жазолашга айланиб қолади.

Бу танқидларга жавобан Оқ уй «Америка мурувватидан ҳаддан ташқари кўп одам фойдаланмоқда», деб жавоб бермоқда.

2014 йилда АҚШ фуқароси бўлмаган инсонларнинг 63%и давлатдан турли кўринишдаги моддий ёрдам олишган.

Муҳожирлар ҳуқуқларининг ҳимоячилари ушбу қоидани жорий қилинишига қатъиян қарши. Иммиграция ҳуқуқи Миллий Маркази ҳамда Ҳуқуқ ва Ижтимоий сиёсат Марказлари бундай «шафқатсиз, хавфли, ғайриинсоний дастур»ни қораладилар. “Трамп иммигрантларнинг оилаларига «агар сиз оқ бўлмасангиз ва бой бўлмасангиз, бу ерда сизни кўришдан хурсанд бўлмаймиз» деган гапни қўлидан келганча етказишга ҳаракат қилади. Унга бу жараёнда болалар ва оилаларнинг азобланишининг фарқи йўқ”, – дейилади уларнинг мурожаатида.

Ҳозирги кунда муҳожирларнинг 12 фоизга яқини Қўшма Штатларга малака ва махсус кўникмалар асосида кириб келмоқда ва шунга мос равишда юқори иш ҳақи олишлари мумкин. Fox News хабарига кўра, кўпчилик муҳожирлар оилавий алоқалар орқали (66%) кириб келмоқда. Трамп бир неча марта «занжир миграцияси», яъни чет элликлар қариндошлари орқали келишини камайтиришга уриниб кўрди, аммо ҳозирги кунга қадар буни амалга ошира олмади. Президентнинг янги иммиграцион режаси оилавий алоқалар орқали иммиграция қилишни сезиларли даражада қисқартиришни назарда тутади.

Агар ижтимоий ёрдам имтиёзларидан фойдаланган бўлса, иммигрантларга ҳозирданоқ грин картани олиш қийинлашиб қолган.

Биринчи ўринда бу Supplemental Nutrition Assistance Program (озиқ-овқат талони), Temporary Assistance for Needy Families (муҳтож оилаларга вақтинчалик ёрдам), Medicaid; Medicare Part D (рецепт бўйича субсидиялар бериш) каби дастурларга тегишлидир. Шунингдек, агар ота-оналар болаларига ҳам (WIC, CHIP, Head Start) ёрдам олган бўлса таъсир қилади.

Ушбу тартибнинг жорий этилиши сабабли эндиликда иммигрантлар давлатдан ёрдам олишдан қўрқиб қолган. Urban Institute тадқиқотига кўра 13% иммигрантлар грин карта ололмаслигидан қўрқиб давлатнинг ижтимоий ҳимоя дастурларида иштирок этмай қўйган.

Трампнинг ушбу қарорига қарши бўлаётганлар вазият оғирлашиши, хусусан ҳақиқатда ёрдамга муҳтож инсонлар давлатдан ёрдам ололмай қолишидан хавотирга тушмоқда, деб хабар беради rubic.us сайти.