ФИФА рефериси Равшан Эрматов ЎФАга биринчи вице-президент этиб сайланди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси анжуманлар залида ташкилотнинг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилмоқда.

Tribuna.uz мухбири хабар беришича, йиғилиш вақтида ФИФА рефереси Равшан Эрматов номзоди ЎФА биринчи вице-президенти лавозимига таклиф қилинди. Унинг номзоди қўллаб-қувватланди ва у ташкилот вице-президенти этиб сайланди. У ўз аризасига кўра ишдан кетган Умид Аҳмаджоновнинг ўрнини эгаллади.

Равшан Эрматов Жаҳон чемпионатларида 11та ўйинда бош ҳакам сифатида ишлаган ва бу борада рекордчи ҳисобланади. Эрматов 5 марта Осиёнинг энг яхши ҳаками бўлган ва бир марта «Globe Soccer Awards» талқинига кўра дунёнинг энг яхши ҳаками бўлган.