Кореядаги ўзбеклар билан учрашув бўлиб ўтди

Корея Республикаси Кимҳе шаҳрида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининиг ваколатхонаси томонидан «Жанубий Кореяда яшаш ҳамда меҳнат фаолияти давомида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни биласизми?! Амалий ёрдам, маслаҳат ва тавсиялар» мавзусида Ўзбекистонлик фуқаролар билан учрашув ташкил этилиши белгиланган эди.

Ушбу учрашув тафсилоти ҳақида қисқача ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек хабар берди.

Корея Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳамда таълим олиш учун келган 150 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари иштирок этган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишган, таклифлар билдирган, ўзларининг бизнес лойиҳаларини тақдим этган ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишган.

Тадбирда ўз иш вазифаларини ва мажбуриятларини виждонан бажариб келаётган, шунингдек, 4 йил ва ундан кўпроқ вақтдан бери шартномага мувофиқ иш ўринларини ўзгартирмасдан доимий ва намунали тарзда ишлаб келаётган фуқаролар Ваколатхона томонидан «Ташаккурнома» ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Энг кўп саволлар визани узайтириш ва ўзгартириш, оила аъзоларини Кореяга олиб келиш, янги турдаги чет элга чиқиш паспортини олиш, консуллик рўйхатига туриш, эски турдаги паспорт билан чет элга чиқиб кириш, иш берувчилар билан вужудга келаётган айрим муаммолар, иш жойини ўзгартириш ва бошқаларга оид бўлган.

Тадбир давомида фуқароларга бепул тиббий диагностика хизматлари ҳам кўрсатилган. Якунда лотерея ўйинлари ташкил этилиб, рўйхатдан ўтган иштирокчиларга 40 дан ортиқ қимматбаҳо соврин ва совғалар топширилган.

Кейинги учрашув жорий йилнинг 4 августида Сеул шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда экан.