Мана шу бизнинг аҳволимиз. Мусофирликда нега обрў ва қадримизни йўқотмоқдамиз?

Мусофирликка ҳар ким ҳар хил ният ва мақсадларда чиқади. Ортида яқинлари, оиласи ва ватани қолади. Бошқа мамлакатда яшар экансан ўз елкангда миллатинг, мамлакатинг ва керак бўлса динингни масъулияти бўлади. Лекин, бу масъулиятни ҳамма мусофир, муҳожир ва меҳнат мигрантлари ҳам ҳис қилмайди экан.

Жанубий Кореянинг Бусан вилоятидаги Ал Фатаҳ Жомеъ масжиди қабулхонаси деворига ёпишитириб қўйилган қоғоздаги ёзув бизнинг аҳволимиз. Эътибор беринг. Бу ёзув фақат бир тил, яъни ўзбек тилида ёзилган. Ваҳоланки, бу масжидда Малайзия, Покистон, Индонезия, Бангладеш ва араб мусулмонлари жуда кўп. Керак бўлса мана шу масжидда асосан шу юқорида санаганим давлатлардан келган мусулмонлар ибодат қилишади. Шукурки, улар ўзбек тилини билишмайди.

Бизни ватандошларимиз эса ислом динида қилиниши шарт бўлган фарз амалларни тўлиқ бажаришмайди. Аксарият йигитларимиз масжидларга фақат жума намозига ёки ҳайит намозига боришади ёки умуман боришмайди, намоз ҳам ўқишмайди. Дин билан боғлиқ бошқа амалларда ҳам худди шундай.

Аммо, уйланиш масаласига келганда шариат ҳукмларини жуда яхши билишади! «Зино қилмаслик учун никоҳланиб олиш керак экан», «Никоҳланиш учун ота-онанинг ва уйдаги биринчи хотиннинг розилиги шарт эмас экан» каби ҳукмларни рўкач қилиб масжидларга келишади.

Айни кунларда Кореядаги мавжуд масжидлар имомлари кўплари менинг телефон рақамимни сўрашди. Бизнинг миллатимиздан кимдир никоҳ масаласида ўша масжидга борса, улар менга телефон қилиб боғланиб ана шу ёшларни бизнинг масжидга бориши кераклигини ва бундай никоҳларни улар ўқимасликларини айтишмоқда.

Яқинда бир йигит менга қўнғироқ қилди. «Қори ака бир дўстим никоҳланиш учун Покистонликларнинг масжидига борибди. Имом қизга «Отанг ёки сенга маҳрам бўлган бирор одамни телефонда менга боғлаб бер. Сизларни бу ишларингдан уларни хабари борми, сўраб кўраман», дебди. Ўртоғим менга телефон қилиб жувонни акасини ролини ўйнаб беришимни сўраяпти. Шундай қилсам бўладими?», деб сўради.

Мана бизнинг аҳволимиз. Биз ҳамма жойда ўз обрў-эътиборимизни йўқотаяпмиз. Куни кеча Корея телевидениесида велосипед ўғирлаган Ўзбекистонлик йигитлар ҳақида шармандали лавҳа берилди.

Заводлар ва фабрикаларда ҳам иш берувчи ва айнан ўзбек миллатига мансуб ишчилар билан бўлаётган муаммоларни адоғи йўқ. Уларнинг баъзиларини санаб ўтаман. Ишга масъулиятсизлик, дангасалик, иш қуролларини ўғирлаб кетиш, шартномаларни тўлиқ ўқиб, ўрганмасдан имзолаш ва иш берувчи билан турли масалаларда тортишиб, келиша олмаслик ва ҳаказо. Ундан ташқари бошқа шундай муаммоларимиз ва иллатларимиз ҳам борки уларга алоҳида тўхталишни жоиз деб топдим. Бизнинг одамларга қуйидагича асосли саволларни бериб, афсуски ўз айбларимизни юзимизга айтишади.

  1. Иккаланг ҳам мусулмонсан. Нега шерикларинг биз берган ҳамма нарсани танламасдан еяверади, сенлар битта-иккитанг овқат танлайсанлар, бизга мумкин эмас дейсанлар ва ҳаказо.
  2. Заводда 15 нафар ўзбек ишлайди. Ҳаммаси мусулмон. Бештангдан бошқалари намоз ўқийман деб иш вақтида кетиб қолмайди. Нега улар ўқимайди, сенлар намоз-намоз деб асабни бузасанлар.
  3. Ўзбекистондан ўқиш учун келиб, ўқишни ташлаб ноқонуний ишлашга чиқиб кетаётганлар 100 нафардан 20 нафар. Ўзбеклар биринчи ўриндамиз.
  4. Ҳали ўқишга кирмасдан тил курсларига келиб ноқонуний яшаб юрганлар бўйича биринчи ўриндамиз.
  5. Е9 визаси шартнома билан ишга келиб. Муддати тугагандан кейин Ўзбекистонга қайтиб кетмасдан ноқонуний яшаб қолиб кетаётганлар бўйича ҳам биринчи ўриндамиз.
  6. Корея давлатидан сиёсий бошпана сўрашда ҳам илдамлаб бораяпмиз.
  7. Корейс миллатига мансуб эркакларга турмушга чиқиб, Кореяга келганда яшаш учун ҳужжатларни қилиб олиб кейин ажрашиб кетиш бобида ҳали бизнинг аёлларимизга тенг келадиган топилганича йўқ.
  8. Автомобилни маст ҳолда бошқариш бўйича Кореядаги чет элликлар орасида, албатта энг олий ўриндамиз.
  9. Йўл транспорт ҳодисасини содир этиш, воқеа жойидан қочиб кетишда бизнинг йигитларимизнинг устаси фаранглиги “таҳсинга сазавор”.
  10. Талаба бўлиб келганлар орасида козиноларга бориб пул ютқазиб, ўқиб турган олийгоҳлари шаънини жиноятчилик бўйича “обрўсини” кўтаришда ҳам етакчи ўринларни забт этиб келмоқдамиз.
  11. Корея қонунларини бузиб жарималарни тўламасдан қочиб юришликда ҳам энг олий ўриндамиз десам адашмасам керак. Шу кунларда интернет тармоқларида бир ўзбек йигитини корейс иш берувчи ургани ҳақидаги видео тарқалди. Бундан буёғига бундай ҳолатлар кўпайиб борса ҳайрон бўлманг. Чунки, биз ўзбеклар кундан-кунга Корея давлатида ўз обрўйимизни йўқотиб бораяпмиз. Сонимиз кўпайиб сифатимиз камайиб бораяпти.

Мана шу бизнинг аҳволимиз.

Ўзимизни, қалбимизни ислоҳ қилиб, ўзимиз тўғри йўлга чиқмагунимизча атрофимиз, ишимиз, ҳаётимиздаги муаммоларимиз ҳал бўлмайди. Кундан – кунга ҳамма жирканадиган, керак бўлса нафратланадиган, кимдан бўлса таёқ ейдиган миллатга айланиб бораверамиз. Аллоҳ ўзи барчамизни тўғри йўлига бошласин. Гап эгасини топади.

Давоми бор…

          Абдуғаффор Аҳмад,
27.07.19
Жанубий Корея Республикаси, Гимҳаэ шаҳри.