Эссиз Эшматвой…

Хўп машаққат, кўп азоб тортиб,
Уйдаги мол, қўйларни сотиб,
Яна озроқ қарзга ҳам ботиб,
Кореяга келди Эшматвой.

Ўқиб, ишлаб бой бўламан деб.
Икки қават уй соламан деб.
Данғиллатиб тўй қиламан деб.
Ҳаёлларни сурди Эшматвой.

Бир ҳафтада уч куни ўқиш,
Қолган кунлар текпеда бор иш.
Кореяда чаккимас топиш.
Ўқиб, ишлаб юрди Эшматвой.

Қўлда пул бор, унутилди ғам.
Қарзлар, қишлоқ, ота-она ҳам.
Бошқалардан бўлмайин деб кам.
Чўчқа ҳам еб кўрди Эшматвой.

Осонгина пул топмоқ даркор.
Шайтон билан бўлишди ҳамкор.
Казинога кирдию бир бор.
Юз минг ютиб олди Эшматвой.

Эшматвойнинг тинчи йўқолди,
Жуда қизиқ иш чиқиб қолди.
Ундан бундан анча қарз олди.
Бой бўлгани кетти Эшматвой.

Ўйин ичра қаттиқ қоқилди.
Томоғига недир тиқилди.
Бош айланиб ерга йиқилди.
Ютмади. Бой берди Эшматвой.

Харом ишни заҳрини тотиб.
Анча-мунча қарзга ҳам ботиб.
Афсус қилиб, йиғлаб, қон ютиб.
Қишлоғига қайтди Эшматвой.

Ота ҳомуш, қарз қаддин буккан.
Она маҳзун ерга тиз чўккан.
Казинога неларни тиккан,
Жуда ҳам кеч билди Эшматвой.

Умрини бой берди Эшматвой!

Абдуғаффор Аҳмад,
14 июль 2019 йил. Жанубий Корея, Гимҳаэ шаҳри.