Ижобат бўлган ният…

Куни-кеча 19 баҳорини нишонлаган Азиза тоғ бағрида зилол сувга тўла дарёда чўмилмоқда, эгнидаги оппоқ кўйлагини кутилмаганда оқиб келган лойиқа сув бўйнигача расво қилди. Одамни ваҳимага солувчи сув тошқини Азизани домига тортар, бечора қиз қўлларини чўзиб  уни кўриб турган онасидан нажот сўрарди. Онаси Салтанат опа жон-жаҳди билан қизини қутқаришга уринар, лекин сувга тушишдан жуда қўрқарди. Азиза “ойижон, қутқаринг” деб бақирар, Салтанат опа иложсиз у ёқдан бу ёққа югурар, додлаб овози буғиларди. Дарёнинг нариги қирғоғида Салтанат опанинг онаси Риҳсихон ая уларни кузатиб турарди, жуда ҳомуш бўлган буви набирасига ёрдам беришни истаб қўлини чўзарди-ю,бир зум ўтгач қўлларини туширарди. Салтанат опа “болам, болам” деганча овози бўғилди. Жигар – гўшаси Азизани сув ютиб юбораяптику, Салтанат опа уни қутқара олмаса. Шунда у нажот билан онасига қаради. Риҳсихон ая бошларини чайқаганча фақатгина: “Уни қутқара олмайсан” деб бақирди. Онасига диққатини қаратган Салтанат опа дарёга назар солган эди ҳамки лойиқаланган сувдан бўлак ҳеч нарсани кўрмади. Азиза сувга батамом ғарқ бўлганди…

Қора терга ботиб, ваҳимада уйғонган Салтанат опанинг юраги қинидан чиқаётгандек эди. Юраги шу қадар баланд овозда урар эдики, назарида бу овоз бутун хонани босиб кетгандек эди. Ўрнидан туриб: “Шукр, шукр, тушим экан” деди. Ёнида ётган турмуш ўртоғи Ғаффор акани безовта қилмаслик мақсадида секингина ташқарига чиқди. Ошхонага бориб, сув ичдида, кираверишдаги ойнага тикилди. Ранги оқарган бир аҳволда эканлигидан баттар юраги така-пука бўлди. Ошхонадаги курсига ўтирдида, тушини бирма-бир эслай бошлади. Азизани чўкиб кетгани, бундан саккиз йил аввал қазо бўлган Риҳсихон онасининг “Қутқара олмайсан” деган гапини ёдига олди. Бу нимадан дарак экан деб кўнгли беҳузур бўлди, кўзларига ёш келди. Раҳматли онаси тушига кирмаганига ҳам анча вақт бўлганди. Салтанат опа ярим соатларча ўзига келолмай ўтирди. Юзини совуқ сувда ювдида, қизи ётган хонага бошини суқди. Азиза ширин уйқуда ётарди. Бош тарафида турган телефонини столнинг устига қўйдида, қизига тикилди. Азиза жуда нозик ва чиройли қиз эди. Лабининг четидаги ҳоли ўзига ярашиб турарди, жамалак сочлари, қалин, қора қошлари ҳуснига ҳусн қўшарди. Тўқимачилик институтининг иккинчи курс талабаси Азиза, жуда чиройли либослар расмини чизар, ўқишдан бўш қолдими, тикувчилик билан машғул бўларди.Қизнинг истеъдодидан ғурурланган Салтанат опа уни еру-кўкка ишонмасди. Икки ўғил фарзанддан кейин кутилган қиз.

Салтанат опа бу даҳшатли тушни унута олмасди. У қизининг юзидан ўпдида хонасига кириб ётди,қани кўзларига уйқу келса. Тонг отсаю Ғаффор акани масжидга юбориб садақа берса. Тонг отди, нонуштадан кейин туш тафсилотини эрига айтгиси келмаган Салтанат опа зудлик билан масжидга боришини тайинлади. Ғаффор ака ҳам бир йўла Чорсу бозоридан гўшт олиб келишини айтиб хотинининг гапига кўнди. Кўнгли озроқ таскин топган Салтанат опа уй юмушларига шўнғиди. Доимгидек ўқишга отланган қизини гапга тутди:

– Азиза қизим, курсдошларинг билан тоққа боришни режа қилмаганмидиларинг?
– Тоғ?! Йўқ ойи режа қилмагандик, нега сўраяпсиз?
– Шундай ўзим, баҳор фаслида акаларинг билан чиқардинглар.
– Ҳа, лекин тоққа вақт йўқ энди, буюртмаларим кўп, ўқиш. Таътил бўлсинчи кўрамиз.
– Нонушта қилдингми?
– Каҳва ичдим.
– Бўлдими?
– Биласизку ойи, эрталаб егим келмайди. Майли яхши ўтиринглар, мен кетдим.
– Эҳтиёт бўл қизим, Аллоҳнинг паноҳига.
– Хўп, сизлар ҳам.

Азиза чаққонлик билан туфлисини кийдида уйдан чиқиб кетди. Салтанат опа тушини таъсирида кун бўйи кайфияти бўлмади. Орадан беш ой ўтди. Туш унут бўлди. Катта келини билан чақчақлашиб сомса тайёрлаётган Салтанат опани телефон жаранги хаёлини бузди. Келини телефон тарафга боришга уринган эди ҳамки, оғир оёқ келинини овора қилгиси келмаган Салтанат опа гўшакни ўзи кўтарди.

– Лаббай, ҳа мен унинг онаси бўламан тинчликми? Нимага? Қаерда ўзи? Салтанат опа стулга аранг ўтириб олди. Келини қайнонасини кўриб шошганча нима бўлганини сўрай бошлади. Қайнонаси Азиза дарс вақтида хушини йўқотгани, тез ёрдам чақиришгани, ҳозир ТошМИ да эканлигини айтди. Бу хабардан воқиф бўлган икки акаси Ғулом ва Обид тез фурсатда уйга етиб келишди. Салтанат опани олиб, касалхонага жўнаб кетишди.

ТошМИ га келишганида Азиза тўшакда ранги оқарган ҳолда ётарди. Салтанат опа қизини кўрди-ю, яна ўша туши ёдига тушди. Шифокорларнинг бир неча кунлик текширув натижаларига кўра, Азизада оқ қон касаллиги аниқланди. Бу мудҳиш воқеадан кейин оила карахт бўлди. Уйда ҳеч ким кулмас,бир-бирлари билан кам гаплашадиган бўлишди. Шифокорларнинг қаршилигига қарамасдан икки ака пул топиб, Азизани Ҳиндистонга олиб боришни режа қилишди. Лекин хасталик шу қадар шошилдики, бу ташҳисдан кейин Азиза атиги уч ой умр кўрди холос. Умрининг сўнгги кунларида фақат бир нарсани такрорлар рози-ризолик сўраш билан бирга ота-онасига Грин Карт лотореясини ўйнагани, агар ютуқ чиқса албатта унинг учун ҳам Американи кўриб келишларини илтимос қиларди. Бу гапларга умуман парво қилмаган ота-она Яратгандан қизларига шифо сўрашдан бўлак бошқа нарса билан ишлари бўлмасди.

Ўз қўллари билан қизларини тупроққа топширишганида маҳзун куз ҳукмронлик қиларди. Фасл йиғлар, унга қўшилиб Салтанат опа ҳам.

Кўп ўтмай уйга мактуб келди. Салтанат опанинг кичик ўғли шошганча хатни оча бошлади. Диққат билан ўқиди. Ҳовлидан ичкарига югурди.

– Ойи, дада, Азизага хат келибди.

Қизини қабрга топширган Салтанат опа камига беш йилга қариган муштипар она хомуш ўтирарди.

– Нималар деяпсан ўзи? Яна қанақа хат?

Ғаффор ака қўлини хатга узатди, кўзойнагини тақиб, диққат билан ўқиди.

– Ие, Азиза айтган лотореями бу?
– Ҳа-да, ўша лотореянинг жавоби чиқибди. Сизлар ютибсизлар-ку ахир.
– Бошимизда аза, лотореяга бало борми? деб Салтанат опа юзини ўгирди.
– Салтанат қизингни васиятини эсла, сўнгги гапи ютуқ чиқса боринглар деганини.

Салтанат узоқ ўйга чўмди, эри узатган мактубни қўлига олмади, бироқ назарида бу хатни элчиси Азизадек туюлди. Кўнглида: “Балким қизим ютуқ чиқишини сезгандир, бу лотореяни неча йилдан бери ўйнарди”. Лекин, ўзга давлатга бориш, кексайиб, қартайиб қолганида бу фикр унинг учун бемаъни хаёлдан ўзга эмасди. Кун давомида ушбу лотореянинг муҳокамаси бўлди. Унда Салтанат опа иштирок этмади холос. Кеч тушиши билан ўз хоналарига кирган Ғаффор ака Салтанатга бафуржа гапира бошлади:

– Биламан кўнглингга сиғмайди, лекин бу Азизанинг сўнгги васияти эди, қолаверса қизим доим сизларни Ҳаж сафарига юбораман деб ният қиларди. Аллоҳнинг ҳукми экан, орзусига етмади. Бироқ уни руҳини шод қилиш мумкинку, васиятини амалга ошириш билан бирга Ҳаж сафарига пул йиғиб келармиз, бошқа давлатда озгина чалғиш имкони бўлар. Нима дейсан?

Салтанат лом-лим демади.

Вақт ўтиб онасини кўндирган ўғиллар ҳужжатларни расмийлаштиришга тушиб кетишди. Салтанат опа ва Ғаффор ака АҚШга отланишди. Иккиси ҳам Питсбург штатига келиб меҳмонхонага ишга жойлашишди. Салтанат опа ўзга давлатга кўника олмас, ишдан қайтгач туни билан йиғлаб чиқарди. Эрининг илтимосига ҳам эътибор қилмай кун бўйи ишлаб толиққан Ғаффор акани ҳам йиғлаб юрагини эзарди. Салтанат опа кунига 24-26 та меҳмонхона хоналарини тозалар, чойшабларни алмаштириб янгиларди, чаққонлик қилмаса ишдан ҳайдалишидан қўрқарди. Унча-мунча инглиз тилини ўрганиб олган Салтанат опа иш бошқарувчини кўнглини олиш мақсадида уйда ош дамлаб олиб борар, умрида бунақа мазали таомни таътиб кўрмаган иш бошқарувчи “Гуд, сенкю веру мач” деб миннатдорлик билдирарди. Бундан руҳланган Салтанат опа кейинги сафар чучвара, манти, шўрва каби таомларни пишириб, олиб боришдан чарчамасди.

Муҳожир аёл сифатида бу қариялар билан бир неча кун ижарада яшаб бу воқеалардан воқиф бўлдим. Бир куни ишдан хориб қайтган Салтанат опа саломимга ҳам алик олмадилар. Ғаффор ака “аҳамият берманг” қабилида имо қилдилар. Мен индамадим. Хоналарига кириб кетиб у ердан чиқмадилар. Тун. Мен ўз хонамдаман, Салтанат опа шу қадар додлаб йиғлардики, мен даст ўрнимдан турдим, чиқишга уриндим, лекин Ғаффор аканинг “Баъзида тушкунликка тушиб қолади, ҳатто мен ҳам олдига боролмай жим тураман”, деган гаплари мени тўхтатди. Салтанат опа бир неча соат йиғлади, кейин тинди.

Уларни кузата туриб, бу икки кексаларни дард еяётганига ачинсам, яна уларнинг ғайрат ва шижоатига қойил ҳам қолдим. Америкага келиб қолиш воқеалари ҳаммада турлича бўлгани каби, ҳар бир мусофирнинг тақдир чизиқлари ҳам сира бир-бирига ўхшамасди.

Ҳикоя муаллифи
Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова.