Корейс Кореядаги ўзбек масжидида мусулмон бўлди (видео)

Ислом дини ва маданияти билан қизиқиб уни ўрганиб, эътиқодини ўзгартирган ва ҳидоят топиб иймон келтирган инсонлар тақдири ҳақида кўп эшитиб турамиз. Шундай воқеалардан бири ўтган ой Жанубий Кореянинг Кимҳе шаҳридаги ўзбеклар масжидида ҳам бўлди.

Корейс миллатидаги Ким Теунг масжидга ташриф буюриб Ислом динига кириш ниятини билдирган. Ва масжид жамоаси ҳузурида иймон калимасини келтириб мусулмонча Абдуллоҳ Теунг исмини олибди.

“Ўзи анча одобли бола экан, изланиб эътиқод масалаларини ўрганиб шу қарорга келган экан. Бизни масжидга танишлари орқали ташриф буюрган экан. Биздан намоз ўқиш, эътиқод масалари ҳақида кўплаб саволларига жавоб олди. Маслаҳатлар бердик. Келгусида корейс тилида илмини янада мустаҳкамлаш учун кимга мурожаат қилай деб сўраганида, Корея мусулмонлари федерацияси Пусан вилояти бошқармаси раҳбари, корейс миллатидаги Абдуссалом домлага йўналтирдик. Шунингдек, янги мусулмон дўстимизга Қуръони каримнинг корейс тилига таржима қилинган нусхасини ҳадя қилдик,” – дейди масжид имоми Абдуғаффор Эргашев.