Мигрантларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади: уй, микроқарзлар ажратилади

Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда ишлайдиган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида яна бир амалий иш бўйича қарор қабул қилинди.

“Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”
Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра:

  • уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда кўп квартирали уйлардан республика бўйича жами 3 462 та хонадон ажратилади;
  • меҳнат мигрантлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган кредитларни қайтаришни “Азия инвест банк” АЖ ва Россиядаги бошқа ҳамкор-банклар орқали Россия рублида, шу жумладан электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш механизми жорий қилинади.

2019 йил 1 октябрдан:

  • меҳнат мигрантларига – 1 банк куни давомида паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси асосида 2019–2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз ставкада 2 млн сўм миқдорида 1 йил муддатга микроқарзлар бериш;
  • суғурта компанияларига – йилига 1 маротаба хориждаги вақтинчалик меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 000 сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этиш амалиёти жорий этилади.

Фармонга мувофиқ:

  • Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси;
  • Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ташкил этилди.

Фармон билан:

  • 2019 йил 1 октябрга қадар “Ягона миллий меҳнат тизими” ахборот тизими доирасида “labor-migration” дастурий мажмуасини жорий этилиши;
  • Фармонда назарда тутилган кредитлар, субсидиялар, микроқарзлар ва кўп квартирали уйлардаги хонадонлар “labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига тақдим этилиши белгиланди.

Фармонга кўра 2019 йил 1 октябрга қадар меҳнат мигрантлари учун:

  • 2020 йилда уй-жойлар қуриш параметрлари;
  • уй ажратиш тартибига оид низом тасдиқланади.
  • 2021 йил ва кейинги йилларда ушбу параметрларни шакллантиришда меҳнат мигрантлари учун кўп квартирали уйлардан хонадонлар киритилиши назарда тутилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири биринчи ўринбосарига меҳнат мигрантларининг меҳнат, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси юкланди.