«Питсбургдаги ўзбеклар жамияти» ўз фаолиятини бошлаш арафасида

Америка тарихидан яхши маълумки, бу қитъага келган ҳар бир халқ, ижтимоий гуруҳ унда ўз урф-одатлари ва туғилиб ўсган еридаги қадриятларни сақлаб қолишга ҳамда бошқа халқлар ва миллатларга танитишга уриниб келган.

Шу мақсадда Питсбургда бир қатор халқлар, миллатларнинг маданий жамиятлари мавжуд. Аксар ватандошларни изтиробга солиб келган масала бу жамиятлар ва марказлар орасида Ўзбеклар жамиятининг йўқлиги эди.

Тахминий ҳисобларга кўра бугунги кунда Пенсилвания штатининг Питсбург шаҳрида уч мингга яқин ўзбеклар истиқомат қилмоқда.

Америка турмуш тарзига мослашиш давомида ўзбек маънавияти ва маданиятини, қадриятларимизни тарғиб этиш, маҳаллий халқ вакилларини ўзбек маданий меъроси билан таништириб бориш мақсадида «Питсбургдаги ўзбеклар жамияти»ни ташкил этиш ташаббуси бир гуруҳ ватандошлар томонидан илгари сурилган эди.

Ташаббускорлар шу йилнинг 23 июнь куни илк норасмий йиғинини ўтказишган эди. Тадбирда Америкадаги илк ўзбек тилидаги «Ватандош» газетаси ҳамда шу номдаги ўзбеклар жамияти асосчиларидан бири Фарҳод Султон ҳам иштирок этиб, тажрибадан келиб чиқиб Питсбургда ҳам ҳудди Американинг бир қатор бошқа штатларида бўлгани каби ўзбеклар жамиятини тузиш ғояси муҳокама қилинган эди.

Йиғин якунида ташаббускорлар жамиятни тезроқ расмий фаолият бошлаши бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олишган эди.

Мана шу ташаббуснинг давоми сифатида 28 июль куни Питсбургда яшаётган ўзбек нуронийлари, ташаббускорлари иштирокида катта маслаҳат йиғини ўтказилди. Тадбирга юздан ортиқ ватандошлар ташриф буюрди. Ушбу йиғин ўзбекона урфга кўра ош дамланиб, ўзаро маслаҳат ва суҳбат тарзида сўлим табиат қўйнида ташкил этилди. Тарихий ишга қўл урилмоқда – «Питсбургдаги ўзбеклар жамияти» шаклланмоқда.

Жамият ташаббускорлари: «Биз биламиз, Америкада яшаш дегани тинимсиз меҳнат ичида бўлиш деганидир. Аммо, шундай бўлсада, сизларни мана шу хайирли ва жуда ҳам фойдали масала учун вақт ажратишга чақирамиз. Зеро, тузилажак жамият сизнинг жамият, сизни америкаликларга танитувчи манбаа бўлади!» – деб Питсбургдаги ватандошларга мурожаат қилмоқда.

Дарҳақиқат, бундай жамиятларнинг ташкил қилиниши ватандошлар ўртасида бирдамлик, ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик ишларини ривожлантиришга кўмак бериши билан бирга Ватандан олисда ўз тили ва маданияти билан ҳамнафас бўлишда катта роль ўйнайди.