Мусофирнинг чорак асри…

Ўзини Любовь Крученко деб таништирган суҳбатдошим билан шунчаки тасодифан учрашдим. У Украинадан бўлиб, кўнгли очиқ, одам билан тезда киришиб кетадиган хислатга эга эди.

Америкага бундан 26 йил аввал, қариндошларининг таклифига кўра ташриф буюрган Любовь бошидан кечирганларини тўлқинланиб ҳикоя қила бошлади.

Қондошларнинг таклифига биноан ўз юртидан жуда узоқ давлатга жўнаб кетган Любовь ва қизи Алёнани олдинда нималар кутаётганини билишса эди. Аввалига қариндошлари кўмаги билан кичик  бир хонани ижарага олишди. Кўп ўтмай, 19 ёшга кирган Алёнани қариндошлар турмушга бериш кераклигини айтишади. Ўзга давлат, мутлақо бошқа шароит, Любовь бу никоҳга қаршилик билдиради, лекин, яқинлар уларга кўмак кераклиги, оилада эркакнинг бўлиши ўзга давлатга оёққа туришга ёрдам қилиши ҳақида айтиб, уларни иккисини кўндиришди. Яқинлар даврасида кичик никоҳ маросими бўлиб ўтди. Энди уч кишидан иборат оила икки хонали уйга кўчиб ўтди. Алёна тиббиёт олийгоҳининг психология факултетида таҳсил оларди. Тез орада Алёна ҳомиладор эканлиги маълум бўлди. Бироқ оилада етишмовчилик сабаб муаммолар чиқа бошлади. Янги куёв ишлашни хоҳламас, уйда ётиб олиб, телевизор кўришни афзал биларди. Қайнонаси ҳамда аёлининг гап-сўзига  қарамасдан, ўзгаришни сира истамасди. Ижара ҳаққи, рўзғор ташвишлари биргина ишлайдиган қайнонасининг бўйнига тушганди. Фурсат етиб, Алёна бир эмас икки фарзандни дунёга келтирди. Эгиз болаларга Ален ва Джорж деб исм қўйишди. Давлатдан болалар учун моддий ёрдам ажратилгани билан рўзғор харажатлари ортиб борарди. Алёна талаба, биргина Любовьни ишлаб топгани етмасди. Бундай муаммолардан батамом чарчаган Алёна турмуш ўртоғи билан ажрашишга қарор қилади. Турмуш ўртоғи билан узул-кесил ажралишгандан кейин, Любовь ишдан кетишга мажбур бўлди, сабаби болалар ҳали ёшига ҳам етмаган, Алёна ўқишни давом эттириши керак эди. Бироқ Алёна биргина ишлаётган онасининг топган пулларига яшаб келаётганлиги учун бу қарордан ҳайрон бўлди. Любовь бу режани олдиндан ўйлаб юрганди. Яъни улар яшаётган  “Брайтон Бич” кўчасида дўконлар жуда кўп. Кеч тушиши билан бироз муддати ўтган сабзавот ва мевалар “гарбич” яъни яроқсиз сифатида ташқарига чиқариб юбориладиган озиқ-овқат маҳсулотлари расталарни эгалларди.

Любовь ҳар куни ана шу маҳсулотларни кўчадан йиғиб келар, уларни тозалаб, ювиб тундан тонгга қадар турли пишириқлар пиширарди. Шаҳар уйғониши билан кўчага чиқар, қизи Алёна ўқишга кетгунича кечаси билан тайёрлаб пишириб чиққан  мевали ширинликлар, сабзавотли сомсаларни сотиб келарди. Бу пишириқлардан ўзлари ҳам ейишар, бу ғоядан тушган пуллар оилани очликдан, кўчага ҳайдаб юборилишдан қутқарарди. Алёна кун бўйи болаларга қараб, кеч тушганида “гарбич” йиғиб тирикчилик қилаётган онасига ачинсада, бироқ иложсиз бу вазиятда бошқа чорани кўрмасди.

Шу йўсинда орадан уч йил вақт ўтди. Болалар боғчага борадиган, Любовь ишлайдиган, Алёна ҳам ўқишдан бўш вақтларида ўзига юмуш топганди. Оила каттароқ бўлган уйга кўчиб ўтишга қарор қилди. Улар кўп қаватли уйлардан бирига 3 қаватдаги 2 хонали уйга жойлашишди. Дам олиш кунлари оила жам бўлар, 3 ёшга тўлган болакайлар ўз қувватларини жиловлай олмай югуришгани-югурган эди. Шубҳасиз уй болаларнинг тўс-тўпалонига тўларди. Кеч тушиб, тушликка йиғилган оилани тинчини эшикни мушт билан ураётган шовқин бузди. Любовь даст туриб, эшик томон шошилди. Эшикни очганида 2-қаватда яшайдиган қўшниси қовоқларини уйиб, хақорат қилиб турганини кўрди. Қора танли Майкл исмли қўшнисини бундай аҳволда келиб безовта қилиши илк марта эмасди.

– Мен сенларга неча маротаба айтишим керак деб ўшқирди, қўшни.
– Болалар тўпалон қилишадида, кун бўйи боғчада ҳеч кимни безовта қилишмайди. Кеч тушганида уйига келиши керакку.
– Жонга тегди, ишдан кейин дам ололмайсан.
– Менга қара, Майкл сен дўстларингни олиб келиб, тундан эрталабгача мусиқани баландлаб, бутун уйни бошингга кўтарсанг майли, лекин иккита болакайни шовқини сени тинчини бузса.
– Бир кун келиб, икки набирангни ҳам отиб ташлайман, уқдингми, бир умрга йўқоласанлар шунда!? деб ўшқирганича кўздан ғойиб бўлди.

Любовь эшикни беркитар экан, бу қора танлидан қўрқиш кераклигини, хаттоки бу уйдан бошқа уйга кўчиб ўтиш кераклиги ҳусусида ҳам ўйлаб қолди. Эртасига уй бошқарувчисига учрашиб муаммо ҳақида гап очди. Уй бошқарувчиси эса бу оиладан ўзи ҳам қутулишни исташи, бироқ уларга тиши ўтмаётганини куйиниб гапирди. Маълум бўлишича 3 ойдан буён турли баҳоналар қилиб ижара пулини тўламаётган экан.

Любовьнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб уйига қайтди. Одатдагидек дам олиш кунларидан бирида Любовь рўзғор учун керакли маҳсулотларни харид қилиш мақсадида йўлга отланди, уйда болалар билан Алёна қолди. Орадан чамаси икки соатлар ўтиб, Любовь дўкондан қайтди. Уйига яқинлашганида не кўз билан қарамасин эшик олдида қўшниси Майкл Алёна ва болаларга қўлида қуроли билан нишонга олиб турарди. Алёна қўрқувдан ранги оқарган, болалар оналарини оёғига ёпишиб йиғлашдан тинишмасди. Любовь қўлидаги халталарни ерга қуйдида, хотиржам овозда ўзининг украин тилида Алёнага полицияни чақириш ҳусусида гапирди. Алёна аста секин орқага чекинди, болалар онасига эргашди. Қора танли қўшни энди қуролни Любовьнинг пешонасига тиради.

– Мен сени огоҳлантиргандимку, тўғрими огоҳлантиргандим, лекин сен мени гапимни писанд қилмадинг. Бугун дам олиш куни дўстларим келишган, мана бу итваччаларинг эса кайфиятни бузгани бузган, дўқ-дўқдан безор бўлдик. Энди оиланг билан ҳаммангни отиб ташлайман.

Любовь ғазабдан қутурган қўшнисини алла нималар деб гапириб тинчлантиришга ҳаракат қилар, Алёна чақирган полиция ходимлари тезроқ келишларини Парвардигордан илтижо қиларди. Кўп ўтмай Любовь кутган қонун посбонлари етиб келишди. Буни сезган Майкл бир зумда кўздан ғойиб бўлишга улгурди. Полиция ходимлари Майклни қўлини занжир солиб, олиб кетишди. Алёна ва Любовьдан барча тафсилотларни билиб, хайрлашишди. Кетишдан олдин полиция капитани бу йигит жазоланиши, лекин улар бу уйдан албатта бошқа ерга кўчиб ўтишларини маслаҳат берди. Воқеанинг эртасига Любовьга зўравон Майклни адвокати қўнғироқ қилиб, уни қамалишини исташи ёки истамаслиги хусусида сўраганида Любовь:

“Мен уни қамалишини истамайман”, деб жавоб берди. Оила полиция капитани сўзига амал қилган ҳолда у ердан бошқа ерга кўчиб ўтди.

Айни вақтда оиладаги Ален ва Джорж 25 ёшда. Улардан бири шифокор, яна бири компьютер программисти, Алёна Америкадаги клиникалардан бирида шифокор-психолог бўлиб ишлайди. Ҳикоямнинг бош қаҳрамони Любовь Крученко айни вақтда 72 ёшга кирган, нафақада. Набиралари учун доимо жасоратли ва меҳрибон буви бўлиб қолади.           

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова
ҳикояси.