ТУРКИЯДА БЎЛИБ ТУРГАН ЁКИ У ЕРГА БОРМОҚЧИ БЎЛГАН ЎЗБEКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ ДИҚҚАТИГА!

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментининг хабари.

Ҳозирги пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳуқуқий тартиб ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда шаҳарда ноқонуний юрган хорижий фуқароларни аниқлаш ва уларни мамлакатдан чиқариб юбориш борасида транспорт воситаларида, иш ва яшаш ҳамда жамоат жойларида мунтазам текширувлар олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан хорижий фуқароларга қўйилган талаблар ва зарур меъёрий ҳужжатларни ўрганиш ва ватандошларимизни ҳуқуқбузар ҳолатига тушиб қолишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси шаҳар Хавфсизлик бошқармаси ва миграция хизмати раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Турк мутахассисларининг таъкидлашича, аксар хорижий фуқаролар Туркияда яшаш ҳуқуқини берувчи (ikаmеt izni) ва ишлашга рухсат берувчи (çalişma izni) ҳужжатлар фарқини билмайди.

Қонунга мувофиқ яшаш ҳуқуқини берувчи (ikаmеt izni) ҳужжатга эга чет эл фуқаролари Туркия ҳудудида ишлашни истасалар, албатта, қўшимча ишлашга рухсат берувчи (çalişma izni) ҳужжатларга ҳам эга бўлишлари шарт. Акс ҳолда, улар қонунни бузган ҳисобланади ва уларга нисбатан чоралар кўрилади.

Маълумки, 2018-йилнинг октябр ойидан бошлаб Туркия Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Туркия ҳудудида 90 кун давомида визасиз юришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Бу муддат Туркияда ишлаш мақсадида келган хорижий фуқароларга яшаш ҳуқуқи (ikаmеt izni) ва ишлашга рухсат берувчи (çalişma izni) ҳужжатларни расмийлаштириш учун етарли муддат ҳисобланади.

Бундан ташқари Туркиянинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарида турк иш берувчилари билан икки томонлама шартномалар тузиш орқали Туркияга келишидан олдин ҳам ишлаш ҳуқуқини берувчи (çalişma izni) ҳужжатларини расмийлаштириш имконияти мавжуд. Бу эса, ишлашга келмоқчи бўлган фуқароларнинг ишини сезиларли даражада осонлаштиради.

Шу муносабат билан Бош консулхона Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларини барча керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришга ва мамлакатда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилишга чақиради.

Элчихона ва Бош консулхона Туркияда бўлиб турган фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Зарур ҳолатларда ҳамюртларимиз Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси Консуллик бўлимига (0312) 441-17-46, e-mail: uzconsul.ankara@gmail.com, факс: +90 312 442 70 58) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига (+90 212 323-20-37, факс: +90 212 312 20 40, e-mail: uzbekconsul@yahoo.com) мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамюртларимиз билан мазкур йўналишда ҳамкорлик қилишга умид билдиради ҳамда таклиф ва изоҳлар учун олдиндан миннардорчилик билдиради.”