“Қимматга тушган ютуқ…”

Октябрь ойининг бошидан ноябрга қадар Самарқанд кўчалари қора костюм-шим ва галстук тақиб олган, ўзларини ишбилармондек тутадиган кишиларга тўлиб тошади. Улар Грин Карт лотореяси “элчилари”. Автомобилга ўтириб олиб, уйма-уй лоторея ўйнашга давъат этувчилар ҳеч бир хонадонни четлаб ўтишмайди. Улар орасида ёши 50 лардан ошган Фарида исмли аёл ҳам бор. У машинадан эпчиллик билан тушар, эшикни қоқиб: “Қани лоторея ўйнамай қолганлар борми? Бизни қўлимиз енгил дарров ютуқ чиқади. Ҳаётингиз яхши томонга ўзгаради, дарров бойиб кетасизлар”, деб баланд овозда кириб келди. Уни Зиёда очиқ чеҳра билан кутиб олди.

– Ассалому алайкум Фарида опа, ўткан йили ўйнагандик, ютуқ чиқмади опа. Бу сафар…
– Сингилгинам мени офисимда ўйнаган эдингизми?
– Йўқ, йўқ бошқа бир офисда.
– Балли, яшанг. Сизлар гапга лақиллаб юрасизлар ўзи. Билиб, суриштириб кейин қадам қўйиш керак Зиёдахон.
– Опажон билмасам.
– Олиб чиқинг ҳужжатларни ҳозирнинг ўзида тўлдирамиз. Бўлинг дарров, борадиган жойларимиз кўп ҳали.

Зиёда ҳозирнинг ўзида чет элга кетаётгандек шошиб қолди. Югуриб ичкаридан ҳужжатларни олиб чиқди. Паспорт ва болалар метеркалари.

Фарида опа чаққонлик билан ноутбукни очиб анкета тўлдира бошлади.
– Хўш, бўлди. Мана бу ҳужжатларни олиб қўйинг.
– Фарида опа кенжатойим Жалолиддинни киритмадингиз анкетага, кичигим қолиб кетди-ку.
– Эй, қанақа эзмасизлар-а? Шунинг учун сизга ютуқ чиқмаган тушундингизми. Болаларингиз бир эмас учта бўлса иккитасини киритдим-ку бўлдида. У ердагилар болалари кўп экан деб яна тушуриб қолдиради. Тушундингизми?
– Ютуқ чиқиб қолсачи, унда Жалолиддин нима бўлади?
– Ютуқ чиқсин, у ёғини камина тўғирлаймиз. Тушундингиз-а. Эсингизда бўлсин майнинг бошларида жавоблар чиқади, жавобининг пароллари менинг қўлимда, борасизлар, ўзим билиб айтаман. Иш ҳаққимиз юз минг сўм, бўла қолинг Зиёда.
– Вой Фарида опа бултур 60 минг эди, яна ошдими?
– Сиз ўткан йили лўттибозлар қўлига тушиб таъзирингизни емабсиз шекилли. Бизникида гарантия бор, гарантия тушунтира олдимми?
– Ҳа, майли.

Зиёда шошганча ичкаридан пул олиб чиқди. Фарида опани қўлига тутқазиб:
– Бояқиш ўғлимни қўшсак бўларди-да опа, шунча одамга ютуқ чиқяпти, боламга ҳам жой топилар.
– Бўлди жонга тегдингиз, мана юз минг пулингизни ола қолинг.
– Хўп, хўп опа сизлар қонун-қоидани яхши биласизлар, нима десангиз шуда опажон.
– Айтганча ютуқ чиқса суюнчсини биласизлар-а, мен анави аферистлар каби икки минг сўрамайман, минг доллар берсанглар етади. Болаларингизни ҳаққи керак эмас менга.
– Майли опа, бир гап бўлар аввал натижаси чиқсинчи.
– Бўпти, бўпти омадингизни берсин, яхши қолинглар.

Зиёда Фарида опа ҳақида кўп эшитганди кимдир: “Қўли енгил, ростан кўпларга ютуқ чиққан деса, яна кимлардир бу ёлғончи, маккор хотиндан эҳтиёт бўлинглар”, деб огоҳлантирганларни ҳам эшитган. Нима бўлса-бўлди Зиёда лоторея ўйнаб бўлди. У ўзича: “Ҳақиқатдан кўп болаларни ўтказмаса керакда, шундоқ ҳам ҳамма давлатдан ўша ерга кўчиб борган”, деб минғиллай бошлади. У лоторея ҳақида эрига индамади, юз минг сўм тўлаганидан хабар топса урушишидан қўрқди. Бу пулларни Зиёда тежаб йиғиб қўйганди…

Лотореянинг жавобини билиш фурсати етиб келди. Кўпчилик қатори Зиёда ҳам шаҳар марказида жойлашган Фарида опанинг офисига ошиқди. Офис эшиги ёнида одам кўп, ҳамма ҳаяжонда. Гал Зиёда етиб келди. Фарида опа уни очиқ чеҳра билан кутиб олди, агар бугун келмаганида ўзи уйларига бормоқчи эканлигини айтди. Зиёданинг хаяжондан юраги така-пука бўлиб кетди, ахир беш йилдан бери шу лотореяни ўйнаб чарчаган эди-да.
– Опа яхши янгилик борми, а?
– Борда, бор Зиёдахон сизларга ютуқ чиқди.
– Қўйсангизчи, ростанми?
– Ҳа-да. Чиндан, мен сизга нима дегандим. Мана натижаси зўр бўлди.
– Гап бундоқ, уйга бориб эрингизга айтинг-да, суюнчисини бир ҳафта ичида олиб келинглар, мен сизларга қандай хужжатлар йиғишингизни ва қолган йўл-йўриқни ўргатаман. Имилламанг, бора қолинг. Мени Фарида дейишади. Қўлим енгил эканми?

Зиёда хурсандлигидан оғзи қулоқларига етди.
Хўп бўлади, – дедида уйига югуриб кетди.

Бахтига эри Нусрат эндигина ишдан қайтганди. Зиёда ютуқ ҳақида оғзини тўлдириб мақтана кетди. Эри кутилмаган янгиликдан ўзини йўқотиб қўйди. У минг долларни қаердан топиш ҳақида ўйларди. Зиёда йўл-йўлакай бу ҳақда ўйлаб қўйганди, қайнотасидан қолган эски “Жигули” русумли автомобилни сотиш режаси энг маъқул режадек кўринди. Аввалига Нусрат унамади, ишдан бўш қолганида ора-чора кира ишлаб рўзғорга ас қотаётган тўрт ғилдиракли дўстини йўқотгиси келмас, қолаверса раҳматли отасидан қолган меросни кўзи қиймасди. Оғзини ёпа олмаётган Зиёда бирданига йиғлашга тушди. Уч кунлик мажоро оқибатида машина сотилди. Суюнчи эгасига дарровгина етказилди. Ҳужжатлар тайёр бўлганида элчихонага бориш фурсати етганида Зиёданинг кўнгли ғаш бўлди. Фарида опанинг гапига кўра учинчи фарзанди ҳақида умуман гапириш мумкин эмаслиги, агар айтса Грин Карт лотореяси бекор қилиниши ҳусусида қайта-қайта такрорларди. Содда эр-хотинлар бу аёлнинг хийласига лаққа тушишди ва элчихонада фақат икки фарзандлари борлиги ҳақида ёлғон маълумот беришди. Уларга ва икки фарзандига визалар берилди. Тўрт ёшли Жалолиддин эса Самарқандда бувиси қўлида қолишга мажбур бўлди. Оила узоқ сафарга отланган-ку, бироқ кўнгиллари хира тортган, бағридан боласини юлиб ташлаб кетиш осонми? Лекин яхши даромад топиш ҳусусидаги ўйлар ҳамма нарсадан устун чиқиб оила ўзга давлатга жўнаб кетди. Бу сафар Зиёда ва Нусрат учун азалий орзуси эди. Эр-хотин бошқа мусофирлар каби кўпгина қийинчиликларни бошидан кечиришди, лекин, бу ташвишлар Самарқандда қолиб кетган жажжи Жалолиддинни соғинчи олдида ҳеч гап эмасди. Зиёда бир неча бор бўлиб ўткан иш хусусида элчихонага айтиш истагида бўлди, бироқ унинг ёлғонини кечира олишадими, интизом ва қонун-қоидалар устувор бўлган давлатда бу хийла ва ёлғонга ўрин бормикан? Кўпчилик бундай қилмасликни маслаҳат беришди. Агар сир очилса улар бутунлай Американи тарк этишга мажбур эдилар.

Оила узоқда бўлсада Фарида опа ҳақида кўпгина маълумотга эга бўлишди. Бу аёл кўп маротаба шундай иш тутиб, катта пул эвазига, юртида қолиб кетган фарзандини элчихонадан ўтказиб беришини айтиб жабр кўрган ота-оналардан фойдаланишидан хабар топишди.

Грин Карт лотореясини қоидасига кўра оиласи ҳақида бирор ёлғон маълумот бериш қонунга хилоф ҳисобланар, бундай хатони Америка ҳукумати умуман кечирмасди.

Шунчаки тасодиф туфайли Зиёда билан учрашиб бу воқеадан хабар топгандим. Мен Зиёдадан энди қандай иш тутиши ҳақида сўраганимда. Яна уч-тўрт йил ишлаб, пул тўплаб кейин уйга қайтишлари ҳусусидаги фикрини айтди. Бироқ ўз ота-онасидан узоқда бўлган беайб айбдор Жалолиддинга ота-онаси томонидан юборилган совға-саломлар татирмикан?

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова
ҳикояси.