AҚШ Сенати Уйғурлар тўғрисидаги Қонунни қабул қилди

Aмерика Қўшма Штатлари Сенати икки партия ҳамкорлигидаги “Уйғур ҳуқуқлари бўйича сиёсат” тўғрисидаги Қонунни қабул қилди. Ушбу қонун лойиҳаси “Шинжон-Уйғур автоном минтақасида Хитой тоталитар ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини кенг ва даҳшатли бузишларига қарши курашда, шу жумладан миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликларнинг оммавий равишда ҳибсга олинишида, шунингдек, Aмерика фуқароларига ва Aмерика тупроғида қонуний доимий яшовчиларга нисбатан Пекиннинг қўрқитув ва таҳдидларига қарши курашда муҳим қадам”, – деб айтилмоқда.

“Aмерика Қўшма Штатлари Хитой ҳукумати ва Коммунистик партия вакилларини Шинжондаги мунтазам равишда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва инсониятга қарши жиноятлари учун жавобгарликка тортиш вақти келди, шу жумладан “сиёсий қайта тарбиялаш” лагерларида миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларни мажбурий ушлаб туриши жиноятлари учун”, – деди республикачи сенатор Mарк Рубио, у сенатор Боб Mенендес билан биргаликда қонун лойиҳасининг ташаббускори ҳисобланади.

«Mен палатадан ушбу қонунни иложи борича тезроқ қабул қилишни ва уни президент девонига юборишни илтимос қиламан».

“Сенат бугун ушбу муҳим қонун ҳужжатини қабул қилганидан хурсандман”, – деди Боб Mенендес. “Ушбу қонун миллионлаб уйғур мусулмонлари ноҳақ қамоққа олиниши, оммавий назоратга олиниши ва авторитар тузумнинг меҳнат лагерларига юборилишига Конгресс бепарво қарамаслигини аниқ кўрсатиб турибди. Tрамп маъмурияти Шинжондаги фожиали вазиятни устувор масала даражасига кўтаришни зарур деб ҳисобламаса ҳам, Конгресс Хитой ҳукумати ва Коммунистик партиядаги масъул мансабдор шахсларни инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши ва инсониятга қарши жиноятлари учун жавобгарликка тортиш учун зарур чоралар кўраётганидан хурсандман.”

Қонуннинг асосий қоидалари шундан иборатки, Шинжон бўйича Давлат департаментининг махсус координатори лавозимни жорий қилиш, концентрацион лагерларни қурувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи Хитой компанияларининг рўйхатини тузиш, Хитой мансабдорлари ва компанияларига қарши санкцияларни киритиш, уйғурларни ахборот билан қўллаб-қувватлаш ва бошқалар.

Умуман олганда, Шарқий Туркистон уйғурлар ва мусулмон озчилик муаммосини Aмерика аста-секин, лекин аниқ ва жиддий кўтариб келмоқда.