Нью Йоркнинг Бруклинида иккинчи бор Самарқанд куни тантанали нишонланди

Ўзга юрт, ўзга урф-одат, маданият, атрофингда барча нарсалар ўз Ватанингдан узоқда эканлигингдан дарак бериб турган вақтда ўзбек миллий карнай-сурнай навосининг баралла жаранг сочиши қалбингизни жунбушга келтиради.

Нью Йоркнинг Бруклин шаҳрида иккинчи бор Самарқанд куни тантанали нишонламоқда. Американинг айнан Нью-Йорк штатида Самарқандликлар жуда кўп, лекин, 17 октябр куни ўтказилган байрамда нафақат Самарқандликлар, балки  Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан бўлган меҳмонлар, шунингдек, қўшни давлатлардан ҳам иштирокчилар ташриф буюришди.

Ўзбекнинг ҳеч бир байрами файзли дастурхонсиз ўтмайди. Байрамга ташриф буюрганларни лутф билан дастурхонга таклиф қилишди. Тадбир бошловчиси Шаҳриёр Амонов барчага яхши кайфият тилаб илк сўзни “Turkistanian American Assosiation” ташкилотининг  раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Абдулла Хўжага берди. У киши яқинда ўзга заминга ташриф буюрган ватандошларнинг ҳамжиҳатлиги ва байрамни янги Ватанда зўр қизиқиш билан нишонлашаётганидан хурсандлигини яшира олмади. Шунингдек, у ватандошларимизни бу каби тадбирларда фаол иштирок этишлари бирдамлик ва ҳамжиҳатликнинг асоси эканлигини таъкидлади.

Байрамнинг Бош ташкилотчиси Максим Чжен. Максим «Info Accident Advertisement» компаниясининг директори ҳисобланадиган ватандошимиздир.

Бу каби тадбирни иккинчи бор ўтказишимиздан асосий мақсад Нью Йоркдаги ватандошларимизни бирлаштириш, осон бўлмаган муҳожирлик ҳаётидаги муаммо ва ташвишларни оз фурсатга бўлсада, унутишларига шароит яратишдан иборатдир, – дейди Максим Чжен.

Куй ва қўшиқлар ажойиб рақсларга уланиб кетди, айниқса жажжи қизалоқларнинг рақсга тушишлари меҳмонларга хуш маъқул келди.

Мен бу каби тадбирда биринчи бор иштирок этишим, ресторанга кириб келарканман, ўзбек миллий карнай-сурнай наволари, гўзал раққосалар, дид билан  безатилган дастурхон мени эътиборимни тортди. Дарҳол байрамона кайфият пайдо бўлди. Айниқса, жажжи қизалоқларнинг берилиб рақсга тушишлари мени лол қолдирди. Жудаям чиройли байрам, – деб ўз фикрларини билдирди Украиналик Светалана Ромля.

Байрам меҳмонларини фикрларига қулоқ тутар экансиз, улар ҳам  бу  каби тадбирларни ўрни беқиёслиги ҳақида таъқидлаб ўтишди:

– Мен аслида Туркманистонданман, лекин Ўзбекистонлик дугоналарим, танишларим жудаям кўп, сизнинг халқингиз жуда  ширинсўз ва меҳмондўст. Бугунги тадбирга ҳам дугоналарим таклиф қилишди. Бундан жуда мамнунман. Ишдан ташқари аёллар муҳожирликда рўй бераёган воқеалар, ҳаётларидаги бахтли онларни ҳам айнан мана шундай тадбирларда бир-бирлари билан баҳам кўришади. Яхши кунларда ҳам бахтсиз кунларда ҳам одам тафтини одам кўтаради-да, бу каби байрамларни ташкил қилган ташкилотчи ва ҳомийларга минг раҳмат, – деб сўзини якунлайди Марзия Режепова.

Байрам байрамдек ўтди, мазали таомлар, миллий куй ва қўшиқлар, жозибали рақслар, шунингдек ҳомийлар томонидан ташкил қилинган лоторея ўйинлари ҳам меҳмонларга кўтаринки кайфият улашди. Байрам ташкилотчиларининг фикрига кўра, келаси йил Самарқанд куни бунданда катта масштабда нишонланишини ният қилишмоқда.

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова,
Махсус  Vatandosh.com  сайти учун.

(Тадбир фотоларини байрам ташкилотчилари тақдим қилди.)