Ўзга юртдаги манқуртлар…

2000 йили Қўшма Штатлар визасини олишга муваффақ бўлган Заршед асли Самарқандлик тожик миллатига мансуб йигит эди. Жуда келишган, мунтазам равишда спортнинг бокс тури билан шуғуллангани боис қомати ҳам расо йигит эди. У Самарқандда ота-онасидан мерос қолган уйда яшарди. Уйланган, икки ўғил ва қиз фарзандларнинг отаси эди. Кўпчилик қатори Америкага бориш истаги жўш урган бир вақтда мусобақаларда қатнашиб, қўлга киритган совринларини олиб, элчихонага боришни ният қилди. Визани қўлга киритгач, оиласига албатта олиб кетишини ваъда қилиб, Америка қайдасан? дея Ватандан узоқлашди.

Аввалига Американинг Флорида штатида яшаб, ишлаб юрди. Кўпгина муҳожирлар каби ресторанда 14-16 соатлаб идишларни ювган вақти ҳам бўлди. Лекин у ҳаёти бу йўсинда давом этишига чидай олмаслигини фаҳмлаб, ўз устида ишлай бошлади, йўлини қилиб, энг яхши спортчи сифатида грин картани расмийлаштиришга ҳаракат қилди ва буни уддасидан чиқди ҳам. Орадан икки йилу саккиз ой ўтгач, қоидага асосан аёли ва икки фарзандини Америкага олиб келишга муваффақ бўлди. Бу орада у ҳеч иккиланмай Америка фуқаролигини олиш учун ариза берди, сал кейинроқ аёли ва болалари учун ҳам фуқаролик учун илтимоснома хужжатларини иммиграция хизматига топширди. Орадан вақт ўтиб борар экан, уларнинг оилаларида яна бир ўғил фарзанд дунёга келди. Унга Стив деб исм беришди. Ўзбекистондан ташриф буюрган одамлар: “Нима учун Стив? Ўзимизни одам бўлсанг, шарқона исм берсанг бўлмасмиди?” деган саволига беписандлик билан:“Мен ва менинг оилам Америка фуқароларимиз, ҳоҳлаган исмимни бераман” деб керилишдан чарчамасди. Аёли ҳам Нью Йоркдаги ўқув юртига кириб ўқий бошлади. Оилада ҳамма инглиз тилини мукаммал ўзлаштирди.

Заршед бу давлатдаги қонун-қоидаларни яхши билиш мақсадида шу соҳага йўналтирилган ўқув масканида таҳсил олди. Ўша йиллари у Людмила исмли адвокат билан танишди. Людмила жуда зиёли, бир қатор ишларни ютиб чиққан адвокат сифатида ўз соҳасида анчагина ном чиқарганди. Людмила иммиграция ишлари бўйича адовкат бўлиб, Заршед билан танишув унга жуда қўл келди. Кўпгина юридик саволлар билан Заршедни ёнига ташриф буюрган Ўзбекистонликларни у ҳамкори Людмилани ёнига юборадиган бўлди. Икки ҳамкор иш юзасидан шу даражада кўп бирга бўлишардики, бирор жиддий масалада Заршед ўз аёлига эмас балки Людмилага маслахат солишни одат  қилганди. Бора-бора бу ҳамкорлик ишқий муносабатларга айланиб кетди. Людмилани икки фарзанди ва эри бўлишига қарамасдан имкон қадар кўп вақт Заршедни ёнида бўлишга ҳаракат қиларди.

Орадан саккиз йил ўтиб, Заршед Людмиланинг маслаҳатига кўра, муҳожирлар учун махсус нотариал идорасини очди. Энди икки оиласи бўлган жуфтлик иш баҳона тез-тез кўришиб турадиган бўлишди. Заршед шу қадар ўзига бино қўйдики, бундан ўз юртидан келган муҳожирлар, шунингдек ўз аёли ҳам азият чека бошлади. Уйга жуда кеч қайтар, автомобилни доимо маст аҳволда бошқарадиган бўлди. Иш жойида, машинада, уйида, ҳатто Людмиланинг офисида спиртли ичимликлар заҳира сифатида турарди. Умид билан келган муҳожирларни ишонтириб, пулларини олиб, ишларини битирмасди. Агар кимдир даъво қиладиган бўлса, “Мен шу давлатнинг фуқаросиман, ҳозир полиция чақираман”, деб дўқ-пўписа қиларди.

Заршеднинг кирдикорларидан тўйиб юрган Фарангиз ўқишидан эртароқ чиқиб, эрининг офисига шошилди. Охирги пайтда у тез-тез унинг иш жойига боришни одат қилганди. Офиснинг эшиги очиқ, лекин ичкарида ҳеч ким кўринмасди. Хайрон бўлган Фарангиз ҳожатхона томондан овоз келаётганини эшитди, у ердан эрининг овози келарди. Эри бир ўзи эмас, аёл кишининг ҳам овози эшитиларди. Фарангиз нима қилишини билмай турганида, ҳожатхонани эшиги очилди. Аввал эри, кейин адвокат Людмила чиқиб келди. Фарангиз ҳангу-манг бўлиб қолди. Бу ташрифдан ўзини тезда ўнглаб олган Заршед аёлини кулиб қарши олди:
Фарангиз салом, келдингми, яхши, қорним роса оч қолган ҳозир бирга овқатланамиз.
Фарангиз лом-лим демади. Унинг кўзлари Людмилага қадалганди. Людмила вазиятга мослашган ҳолда, рус тилида:
Мы покурили с Заршедом в туалете, у него везде камеры а курить нельзя! Не так ли?
Конечно Люда, ладно я позвоню по этому делу, ты же спешишь, поговорим потом.
Конечно. Пока, – деганча бир зумда кўздан ғойиб бўлди.

Фарангиз Людмилани чиқиб кетиши билан эрига ёпишди, йиғлади, сиқтади, лекин, эри Людмилани сўзини такрорлади холос.

Бир куни Заршеднинг офисига узоқ йиллар давомида Самарқанддаги ички ишлар бўлимида махсус журналист бўлиб ишлаган Гулбаҳор Эшмирзаева келди. У Америкада ўзини ўрнини топган Ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақида репортаж тайёрлаётган экан. Танишлардан бири Заршедни тавсия қилган, бироқ атрофдаги бошқа одамлардан Заршед ҳақида салбий фикрларни эшитгач, аввалига бориб, гаплашишни ва уни бирмунча вақт кузатишни режа қилганди. У борганида офисда одам кўп, навбатма-навбат қабул қиларди. Заршед унга «кутиб туринг» ишорасини қилди. Гулбаҳор опа ҳам бўш ўриндиққа бориб ўтирди. Заршед иш орасида, қайта-қайта савол билан мурожаат қилганларни устидан мазах қилар, гап орасида «ғалати халқимиз бор-да, уйғонинг сиз Америкадасиз, Ўзбекистонда эмас, (инглизчалаб) О май Гад», деб қўярди. Одамлар кетиб гал журналист опага келганида у Заршедга дарҳол савол ташлади:

– Эшитишимча Америка фуқаролигини қабул қилибсиз? Шу тўғрими?

– Тўғри эшитибсиз, мен Америка фуқаросиман ва бундан фахрланаман.

Лекин, сизни бу фуқароликгача ўзбек замини етиштирган шундай эмасми?

Сизни, опа тушунмадим мени сўроққа тутиш учун келганмисиз, ёки бирор иш биланми?

– Шунчаки сўрадим. Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз йўқ экан-да?!

– Йўқ, қайтиш ниятим йўқ, бўлдими? Соғинмайман, ачинмайман. Менга шу ер маъқул. Яна саволлар борми?

Заршед бу саволлардан қизариб кетди. Ўзини бошқара олмади.

Гулбаҳор опа эса Заршедни зимдан кузатиб турарди, шунда эшикдан бўйлари паст ориқдан келган бир йигит салом бериб кириб келди.

Узр Акажон, мен 2 кун аввал олдингизга келгандим, ҳужжатда бир-икки хатолик бор экан, шуни тўғирлаб берсангиз. Жуда зарур эди.

Эй, сен ўзи кимсан? Қанақа хужжат, қанақа хато? деб ҳалиги йигитга бақира бошлади Заршед.

Мен Ғайратман, ўткан куни келгандим ишонч хати билан акажон, эслай олмаяпсизми? деб қўлидаги ҳужжатни Заршедга узатди.

Заршед хатни ўқигандек бўлдида, уни майда-майда қилиб йиртиб ташлади.

Эртага келасан, бошидан қилиш керак. Ҳозир вақтим йўқ.

Лекин, мен бу хатни эрталаб топширишим керак, акажон илтимос, майли, хатолик сиздан ўткан бўлса ҳам, фамилиямда бир харф тушиб қолибди, пулини тўлашга тайёрман, фақат бугун қилиб беринг, жуда зарур эди.

Шунда Заршед ўтирган жойидан шашт билан турдию, ҳалиги йигитни ёқасидан тутиб ташқарига итарди, камига уни оёғи билан орқасига қараб жон-жаҳди билан тепди. Йигит бечора юзтубан ерга йиқилди. Зарбдан ўзига келиши осон бўлмади шекилли, бир зум ерда ўтирганча қимирламай қолди, кейин ўрнидан секин турдида, уст бошини қоқиб юриб кетди.

Гулбаҳор опа бу манзарадан лол эди. У Заршедга нима дейишни билмай қолди, касбий тажрибасида жиноятчиларни кўпини кўрган эдику, лекин, бундай инсон қийфасидаги манқурт ва маҳлуқни энди кўриб тургандек эди. Аёл эмасми, «мени ҳам тепиб қолсачи» деган ҳадик билан ўрнидан турдида:

Хайф сендек Ватанпурушга, – деб, шошганча кўчага ўзини отди.

Журналист Гулбаҳор Эшмирзаева ҳам, мен ҳам асли Америка фуқаролари билан шаҳарда тез-тез юзлашганмиз. Улар жуда мулойим, қувноқ, маданиятли, эътиборли ва энг асосийси меҳрибон инсонлардир. Ҳар қалай кўриб кузатганимизни ёзишни афзал билдим. Кеча ўзбек заминида «Ўзимга бекман» деб юрган Заршед каби манқуртларни йўлимизда учраши, у каби кимсаларга ишимизни тушиши фожеанинг ўзидир.

Кичик хотима ўрнида: бундай бемеҳр кимсалар Америка фуқароси бўлишга лойиқмикан? Бу давлатга бундай фуқаролар керакмикан?

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова
ҳикояси.