Ватандошлар Нью-Йорк шаҳридаги 33-сайлов участкасида муддатдан олдин овоз беришди

2019 йилнинг 14 декабрь ҳафтанинг шанба куни Нью – Йоркнинг Бруклин шаҳри, Брайтон Бич ҳудудида жойлашган кутубхона биносида Ўзбекистон Республикасининг БМТ даги доимий ваколатхонаси ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан ташкиллаштирилган муддатдан олдин овоз бериш 33-сайлов участкасига БМТ аъзолари, Нью-Йоркдаги Ўзбекистон консуллиги вакиллари, турли ўзбек жамиятлари фаоллари, журналистлар жам бўлишди.

Сайлов бошланишидан аввал ташкилотчилар ва жамият аъзолари саф олишди ва Ўзбекистон Республикаси мадҳияси бутун сайлов участкаси бўйлаб жаранг сочди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига республикадаги беш партиядан депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар бинонинг кириш қисмига осиб қўйилган. Овоз беришга келган Ўзбекистон фуқаролари бирин-кетин номзодлар билан танишиб ва овоз бериш шартлари асосида номзодлардан бирига овоз беришга киришдилар.

Хориждаги қизғин ҳаракатга қурилган ҳаёт асносида Ўзбекистон сиёсий ҳаётига бефарқ бўлмай, вақт ажратиб келган юртошларимиз фаоллигидан қувондик. Сайлов эрталаб соат 9:00 дан бошланган бўлса, кечга қадар давом этди. Сайлов участкасида кун давомида янграган миллий куй ва қўшиқлар кўтаринки кайфиятни улашди. АҚШ да меҳнат қилиб яшаб келаётган барча Ўзбекистонликлар 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловга номзодлари қўйилган барча иштирокчиларга омад тилайди.

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова
Vatandosh.com сайти учун махсус.