Коронавирус пандемияси: тушунчалар ва тарғибот савияси

Шу кунларда инсоният навбатдаги синов, имтиҳондан ўтмоқда. Имтиҳон шу даражада қатъийки, ҳазиллашмаяпди. Имтиҳонда талаб ва шартларни фақат коронавирус қўймоқда. Синовлар иқтисод, сиёсат, дин ва қонун, умуман барча соҳаларни қамраб олди. Соғлиқ энг муҳим масала эканлигини кўрсатиб қўйди, барча соҳага “тўхта” ишорасини кўрсатди. Шу кунларда эгоизм ва гуманизм ўртасидаги курашни ҳам кўрдик. Кимдир ўзидаги меҳрни, кимдир эса нафсининг кучини кўрсатди.

Инсонлар ўз билим савияси, ижтимоий мавқеи ва дунёқарашидан келиб чиқиб вазиятга, жараёнларга ўз фикр ва қарашларини билдиришмоқда.

Шу ўринда, интернетнинг ўзбек тилида мулоқот қиладиган доирасида ушбу касалликнинг тарқалаши ва унинг жамиятга таъсири ҳақидаги баъзи мулоҳаза ва фикрларга эътибор қаратиб ўтсак.

Жумладан, билдирилаётган фикрларда аҳолимизнинг тиббий маданиятини, бошланғич билим савиясини янада оширишмиз кераклиги кўринди. Масалан, эпидемия билан пандемиянинг фарқига бормаслик (гарчи бу касалликдан ҳимояланишда амалий аҳамиятга эга савол бўлмасада, атамаларнинг фарқига бориш ушбу масаланинг нақадар жиддийлигини тушунишга туртки бўлади).

Ваҳима қилмаслик ҳақида кўп огоҳлантирилишига қарамай, айнан аҳолини овутиш, тинчлантириш, сабр-тоқатга, оқибатли бўлишга чақириш вазифасини бажарадиган диний воизлар, диний контексда ёзадиган блогерлар ўз постлари, контентларида “вабо” сўзини кўп ишлатиши кузатилди. Тўғри, бу сўз араб тилидан кирганлиги ва ўзбек тилига кўчганлиги, касалликларни тарқалиб кетишига кўчма маънода “вабо” сўзини ишлатиш бадиий адабиётда, дидактик панд-насиҳат асарларида борлиги маълум. Лекин, бугунги кунда тарқалган ва карантин қилинаётган касалликнинг ўз номи ва хусусияти бор.

Ва бутун дунё унинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Шу жараёндаги тарғиботларда тиббий саводхонлик, маданиятни ошириш, ваҳима қилмаслик, бўртирмаслик, инсонларни илмий чалғитмаслик мақсадида “вабо” сўзини ишлатмаслик маъқул бўларди. Аксинча, бу сўзни “коронавирус” сўзи ўрнига ишлатиш тарғибот усули жиҳатидан нотўғри бўлар эди. Зеро, бугун вабога эмас коронавирусга, илмий номи COVID-19 бўлган ҳаво томчи орқали нафас йўлларидан юқадиган респиратор касалликка қарши курашилмоқда.

Бу гап худди сўз ўйинидек туюлиши мумкиндир, лекин, бугунги ахборот асрида ҳар бир айтилган гап, ёзилган сўз яхши сақланиб қолмоқда. Динда фарзни суннат, суннатни фарз дейиш ёки тажвидда битта ҳарфнинг ўхшашини айтиб кетавериш қандай хато бўлса, тиббиётда ҳам касалга ташхис қўйиш шундай масъулиятли ишдир. Келажакда юз йиллар, балки беш юз йиллардан кейинги авлод бугунги коронавирус пандемиясини ““вабо” бўлганми ёки бошқами” деб, тарихий далилларни ўрганганда “ўша даврнинг уламолари “вабо” деган экан, лекин, давлат ва тиббиётда “респиратор вирус касаллигини тарқалиши” дейилган экан”, деб ихтилофга бориб қолишмаса деймизда. Муболаға бўлсада.

Қолаверса, битта белги, ҳарф, сўз нотўғри ўқилса, ишлатилса ривоят, ҳукмлар, маънолар ўзгариб кетишидан огоҳлантирадиган соҳа – дин вакилларининг шу ерга келганда эътиборсизлик қилиши, “бўлаверади”, “ҳамма тушуниб турибдику нимани айтаётганимизни” қабилида ёндошиши қандайдир нопрофессионаллик бўлмоқда. Оқибатда, уларни ижтимоий тармоқда кузатадиганлар орасида “ровиянинг обрўли, ишончлилиги”га суяниб “қавлда нима дейилган бўлса” худди шундай, баъзан эса ҳиссиётга берилиб “вабо мусулмонга раҳмат, ўлса шаҳид бўлади, кофирга эса жазо” мазмунида фикрлар билдириш ҳоллари юз бермоқда. Таъкидлаш керакки, ҳозирги пандемия вабо касалиники эмас, шаҳид кетадиган, бу грипга ўхшаган вирусли касаллик. Грипдан фарқи вакцинаси йўқлиги, тарқалиш тезлигининг юқорилидир.

Шу ўринда, “вабо” сўзини араб тилида асосан “эпидемия”, “касалликнинг тарқалиши” маъносида ишлатилишини инобатга олиш керак. Ўзбек тилида эса “вабо” дейилганда ўлим келтирадиган оғир касаллик назарда тутилади ва “эпидемия” маъносида ишлатилмайди. 1883 йил Роберт Кох Ҳиндистондаги тадқиқотидан сўнг вабони қўзғатувчи бактерияни аниқланганидан кейин бу сўз туркий-ўзбек тилида касаллик номига кўчиб, илмий атама сифатида ишлатила бошланган. Унгача барча ўлим келтирувчи юқумли касалликларни вабо дейиш одатий ҳол бўлганлигини кўришимиз мумкин.

Ўлат. Библияга ишланган миниатюра. XV аср.

Энди мавзуга оид тушунчалар ҳақида илмий манбаларда нима дейилганини маълумот сифатида келтириб ўтсак.

Вабо касаллиги

Касалликни «вабо вибриони» бактерияси қўзғатади ва келтириб чиқаради. Асосан инсон ва ҳайвоннинг нажофати орқали тарқалади. Иссиқ, санитария ва гигиена шароити оғир бўлган жойларда пайдо бўлиб тарқалган. 1817 йилда Ҳиндистондаги вабо пандемиясидан бошлаб ҳозиргача 7 та марта вабо пандемияси қайд этилган. Касалликда одам қусиб, қайт қилиб, ичи кетади ва оғир аҳволда ўлиши мумкин. Ўткан аср охирига келиб ушбу вабо касаллиги устидан енгилган. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра ҳозир вабо касаллиги ўчоғида карантин қўлланилмайди. Қизиқ бир маълумот: XIX аср ўрталарида Англияда вабо касаллигини олдини олиш, камайтириш чораси сифатида шаҳар канализация тизими кашф қилинган.

Вабо вибриони бактериясининг микроскопик сурати.
Ганга дарёсининг суви муқаддас дейилиб, ичиш, ювиниш ва унга жасад кукунини сочиш одати бор. Соҳилидаги инсон майитини ёқадиган жой. Вабо касали бактериясининг тарқалиши муҳити.

Шу ўринда вабо билан чалкаштириладиган ўлат касаллиги ҳақида қисқача айтиб кетсак. (Ўлат рус тилида “чума”, турк тилида “veba” дейилар экан, турк тилида вабони “Kolera” дейилар экан). Ўлат касаллигини ўлат таёқчаси (Yersinia pestis) қўзғатади. Бу касаллик келиб чиқишига паразитлар – бурга, бит, каламуш, сичқон ва бошқа кемирувчилардан бактерияни юқтириб олиш, антисанитария ва ифлослик сабаб бўлган. Инсоният тарихида ўлатнинг учта даври юз берган. Биринчиси эрамизнинг 500 йилларида, Иккинчиси 1050 йиллардан 1830 йилларгача бўлган, учинчиси 1855 йил Хитойда бошланган. Вабо, тошма, қизамиқ, грип ва бошқа юқумли касалликларга нисбатан ўта хавфли бўлган. Инсон бир неча кунда ўлган. Шунинг учун тарихда, айниқса ўрта аср Европасидаги ўлат пандемияларида урушдан ҳам кўп одам ўлиб кетган.

Ашдоддаги ўлат. Ангело Карочелли сурати. XVI -XVII аср.

Эпидемия ва пандемия фарқи нима?

Эпидемия – инфекцион касалликларнинг маълум ҳудуд, аҳоли орасида одатдагидан кўп тарқалиши.

Пандемия (юн. пандемос – ёппасига, халқаро) – эпидемик касалликнинг бир мамлакат, бир неча мамлакат, қитъа ёки континентда ёппасига тарқалишидир.

Яъни, кўриб турибмизки бу сўзларнинг асосий фарқи касалликнинг тарқалиш кўлами, географиясида.

Тилшунослик қоидасига кўра “пандемия” сўзи “эпидемия” сўзининг гипоними, яъни ундан каттароқ, умумийроқ маънони англатувчиси ҳисобланади.

Ҳуқуқий томонидан 2020 йил 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 вируси тарқалишини пандемия деб эълон қилди ва унга қарши курашишни энг юқори хавотирли даражага кўтарди. Унгача пандемия эълон қилиш ёки қилмаслик ҳақида мунозаралар қилиб келинди, анча вақт. Хўп, бу нимани англатади? Оддий одам “нима фарқи бор эпидемиями, пандемиями, барибир касаллик тарқалаяпдику”, дейиш мумкиндир. Фарқи шундаки, пандемия эълон қилинганидан кейин барча давлатлар ЖСС ташкилотининг тавсияларига риоя қилиши, инсонлар саломатлигини сақлаш чораларини биринчи масалага кўтариши, шунингдек, давлат ички ва ташқи шартномалари, алоқаларида узрли ўзгаришлар, тўхталишлар, чекловлар юзага келиши мумкин бўлади.

Демак, шунга кўра бугунги халқаро ва давлат ичидаги карантинда қўйилаётган талаблар, иқтисодий чора-тадбирларнинг сабабини тушуниб олишимиз мумкин. Яъни, ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаришидир.

Коронавирус ва COVID-19 нинг нима фарқи бор?

Коронавирус бу вируснинг номи. Ушбу вируснинг турли авлоди, шакллари аниқланган, масалан Middle East Respiratory Syndrome (MERS) ва Severe Acute Respiratory Syndrome (SARS).

Коронавирус SARS-CoV-2 нинг микроскопик сурати.

COVID-19 эса ЖССТ томонидан коронавируснинг янги турига берилган илмий исм, ном. COVID-19, яъни, COronaVIrus Disease-2019. Вирус 2019 йил декабрда Хитойнинг Ухан вилоятидан тарқалишни бошлаганлиги учун “19” рақами қўйилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги тиббиёт, илм-фан ривожланган даврда ҳар нарсани ўз номи билан аташ, тўғри тарғибот ва тушунтириш олиб боришнинг ҳеч бир қийин томони бўлмаса керак. Қолаверса, расмий тиббий манбалар, шифокор мутахассисларнинг тушунтиришларига эътибор бериш керак. мавзуга доир фактларни ахборот асрида тезкор топиб, ўқиб олиш мумкин, бундан фойдаланишни кучайтиришимиз керак.

Юқоридаги фикрларимизни озроқ бўлсада касалликлар ҳақида билимимизни ошириш мақсади айтиб ўтдик.

Бугун бутун дунё, инсоният кўзга кўринмайдиган вирусга қарши ислом динида ибодат даражасига кўтарилган поклик қоидаси бўлган – қўлни ювишдан бошқа чора тополмай турибди. Аслида шунинг учун ҳам поклик тиббиётнинг олтин қоидасига айланган. Бугун бутун одамзод бир ғоя атрофида бирлашганини кўрдик бу – қўлни ювиш.

Қўлингиз доимо тоза бўлсин, шунда коронавирус, туберкулёз, стафилакок, стрептакок, вабо, ўлат ва бошқа минглаб инфекциялардан ҳимояда бўласиз, иншааллоҳ.

Абдуллоҳ Қувондиқ