“ЁДГОРЛИК”

“Ушбу ҳикояни Тошкентни босиб олиб, минглаб Тошкент йигитларини қириб ташлаган, Тошкент қизларининг, Тошкент келинларининг номусини булғаган ўрис босқинчиларининг 24 нафар ҳалок бўлган босқинчи аскари шарафига бунёд этилган Авлиё Георгий бутхонасини Тошкент халқининг миллиардлаб маблағи эвазига қайта таъмирлаган Тошкент шаҳри ҳокимлигига буюк ҳурмат билан бағишлайман.”
Каримберди Тўрамурод

1.

– Қорақирдағи ҳайкалди кимдир бузиб ташлапти!

Қишлоқда гап ётармиди? Ҳамма шу томонга чопди.

Ростдан, қирнинг тепасига ўрнатилган, салкам бир юз эллик йил турган, уйдан баланд ёдгорлик ер билан битта бўлиб ётарди. “Поручик Михаил Васильевич Гадкинга, унинг сафдошлари бўлган генерал фон К.С. Пёскин қўмондонлигида мазкур вилоятни олишда ҳалок бўлган жасур солдатларга миннатдор Русиядан, император ҳазрати олийларидан”, деган ёзувли мармар лавҳа эса мисоли келига солиб туйилган эди.

– Ким қиған бўлиши мумкин?

– Ким қиған бўсаям жураги отти калласидаякан, – деди Жўра қассоб. – Ҳукуматтанам қўрқмапти-я, шоввоз. Давлатти ҳайкалини бузипти-я?!

– Жураги катта бўса бордир, энди катталар кеса нима деймиз? – ўз қайғусини айтди оқсоқол.

– Э, оқсоқол, қизиғакансиз, Жаласойға катталар неччи жилда бир келади. Кесаям барра сўрайди, ширвоз сўрайди, сиздан ҳайкалди сўраймиди? – деди Асад чўпон.

– Рост, – унинг гапини маъқуллади Неъмат муаллим. – Бу ҳайкалди бизди ҳукумат қурмаған. Ҳоттайики, советти ҳукуматиям қурмаған. Уни Оқпошшо қурған. Энди уларди оти босмачи бўлди. Журт мустақил бўғаннан кетин ўристи ҳайкалиға бала борма? Жақиндағи ўрисам эмас, жуз жилди наржағидағи ўрисқа қўйилған ҳайкалийди. Бузип тўппа-туври қипти.

– Малимди гови туври, – деди Мансур дўкончи. – Бу ҳайкалди ким қурғаниниям биров билмасийди, кимға қўйилғаниниям биров билмайди.

– Силар билмасаларинг мен билайидим, – деди тўқсонни қоралаган, умри идора қоровуллигида ўтган Ваҳоб бобо. – Эҳ-ҳе, бу ҳайкалди олдида не-не байрамлар бўлайиди. Кўп ўрислар кеп, гул қўяйиди. Ҳар жили ўристи журтидан аял-эркаклар кеп, ҳайкалди бўяп, тозалап, атропиға гулларди эгип, бир-икки ишша орақ-порағам ичиб кетайиди. Лелин боваға ҳайкал қўйилғанға довур бачалар биринчи майға шерга келайиди. Пиянирға, камсамолға шерда ўтайиди. Идараға Лелин бова кеганнан кетин ҳамма байрам шақа кўчти. Уккағар Зойит булдузур Лелин бовани овдарди, ана энди Лелин боваям жўқ, пиянирам жўқ, камсамолам жўқ. Тузув-тузув байрамам жўқ. Қишлоқда битта ҳайкал қовди, муниям жепсилар.

– Хапа бўманғ, отағанам, – деди унга Аҳмад жаржақ деган ҳазилкаш одам. – Сиз ўлсанғиз, сизди ҳайкалинғизди қўямиз. “Жаласойни энг қарри одами”, деп жозипам қўямиз. Одамнар, нима дейсилар, боваға ҳайкал қўямизма? Ўзиям қилпиллап қоған, некин Жаласойға озма-кўппа хизмати бор-да!

– Қўямиз, қўямиз, – чувиллашди одамлар. – Боваға ҳайкал қўймасақ кимга қўямиз?!

2.

– Шаҳарди оған ўрис Жаласойға қараб келаяткан эмиш, – деди Иноят кечки овқат маҳали. – Қўйларди ҳайдаб, товға чиқиб кетсакмакан?

– Ўрис Жаласойнғди бошиға урама? – деди Мамат чол ўғлига. – Ўрис ката-катта шаҳарларди олади. Саллоти бор жер минам уруш қилади. Жаласойда саллот борма? Босиб олишқа арзиятқан иморат борма ё биран бойлиқ борма Жаласойда? Бўса қирқ-эллик ҳовли бордир. Эллик-олмиш эркаги бордир. Шуғаналар минам урушип, Оқпошшо ўзини обрўсини тўкип ўтирама?

– Жағалбойлини опти-ку, ота?

– Жағалбойли катта жер-да, улим. Жағалбойли Жаласойдан бешта келар-ов? – деди Мамат чол. – Одамиға тегинмаппа?

– Эркакман деганини қирип ташлапти, – Иноят хотинига имо қилди, хотини косаларни олиб, ўчоқ бошига кетгач, овозини пасайтириб, деди: – Ёш-ёш аялларди, қизларди ўрис опкетипти. Бир қиз бормайман деб қаршилиқ қиғанакан, ота-энасини олдида зўрлаб, кетин қилич минам човуб ташлапти.

– Астағфирулло, астағфирулло, – Мамат чол калима қайтарди. – Ё Художон, ўзинғ шарманда қимағин-да. Ўзинғ бу балоларди дап қиғин-да!

– “Ўрис Энатовдан ошипти”, деп эшитканинғнан келин минам сингниғди оп, товди ичига кет, – деди юраги ваҳимага тўлган Қиём момо. – Муроттиям опкет. Қўйларға қарашади. Бизар бова икковимизға ўрис тейинмас.

– Келининғиз қолади, эна. Қарриғанда энди ўчоқ-товоқ қиб журасизма? Пақат ўрис кеганнан уни жаширасизар. Кўрса суйкалиб жотмасин!

– Шуни учун хотининғдиям опкет, дейма-да, улим, – деди момо.

– Кўрамиз, ўрис келовурсинчи. Балки Жаласойға кемас.

– Илойи кемасин-да, – дуога қўл очди Мамат чол. – Худоё Худованда, бу ўрис балосини бетини кўрсатмағин!

“Ўрис балосининг бетини кўриш” Мамат чолнинг пешонасида бор экан. Турналарнинг қайтиши билан “Ўрис Энатовдан ошипти, ҳадемай Жаласойғаям ўтаймиш”, деган миш-миш тарқалди. Иноят укаси ва синглисини олиб, қўйларини ҳайдаб, тоғнинг ичкарисига кириб кетди. Ҳамма қизи борми, ёш келини борми, узоқ-узоқдаги қариндошлариникига қочирди. Мўйлови чиққан-чиқмаган йигитлар уч-тўрттадан бўлиб, белига пиширилган гўшт ва патир нонларни боғлаб, ёзда ҳам қори эримайдиган Калбош чўққиларига чиқиб кетишди.

3.

Йигирмата отлиқ ўрис Жаласойни жанг-жадалсиз ишғол қилди. Улкан Урусия кикина Жаласойни ярим соатда батамом истило қилди. Яъни, ярим соатда Тентаксойнинг иккала бетидаги ҳовлиларни ўрис солдатлари босиб олди. Сойнинг тепасидаги Бўйин деб аталадиган жойда отларини жийдаларга боғлашди, ўз “Казарма”ларини барпо этишди. Беш-олти чодир тикишди. “Келганимиз билинсин”, дейишдими, “Биттаям ўқ отмай босиб олди дейишмасин”, дейишдими, ишқилиб, жийдазордаги қушларни ҳуркитиб, милтиқларидан тоққа қаратиб беш-ўнта ўқ отишди. Шундан кейин қишлоқ аҳлини Бўйинга йиғишди.

– Мунда келган император олий ҳазратларининг шавкатли қўшинлари, – деб ўзларини таништирди бир татар йигит. – Бугундан бошлаб олий ҳазратларининг, шонли Урусиянинг фуқаролари, мулки бўлиб ҳисобланасизлар. Бир саволга жавоб этинг, мунда фақат бабай-мамайлар жит этадими? Эркаклар, молодой жигитлар қоя китти?

– Боримиз шу, – деди қишлоқнинг мулласи Эшонқул мулла. – Ҳар жили Тентаксой тошади. Уйларди опкетади. Шуннан безор бўп, жашлар паска эниб кеткан. Қоғанимиз шу.

– Сен бабай граматнийға ўхшайсан, бизни алдама. Унда айт, қўра бор, қўйлар йўқ, малхана бор, мал йўқ, улар қоя китти?

– Ўткан жили қиш қотти келди. Ҳар саҳар эллик-олмиш қўйди ўлигини Тирсакка чиқариб ташладик. Гайи куннари жуздан ошиқ қўй бир кунда ўлди. Шу минам қишлоқти моли қирилиб кетти.

– Ай, бабай, алдама, мен-да граматний. Қўрадаги қўйларнинг қийи, малларнинг тезаги ўтган йилникимас, улар свежий.

– Ҳа, беш-тўртта қоған, бачалар товға боғип кегани кетган, кечқурун келади, – деди мулла Эшонқул “Сирни очиб қўймаяпманми?” дегандек ён-верига хавотирли қараб.

Татар йигит қолганлари билан рус тилида нимларнидир гаплашиб олди.

– Майли, биз сизлар билан урушгани келганимиз йўқ, подшо армиясига озиқ-овқат, отларга ем, емиш керак. Бизга юзта қўй, икки юзта товуқ, юз қоп арпа ё буғдой, икки юз боғ хашак берасизлар. Шунда биз ҳеч кимга тегмай, қайтиб кетамиз.

– Агар биздан шунча нарса чиқмаса-чи? – деди мулла Эшонқул.

– Унда борини ўзимиз тортиб оламиз.

Юзта қўйни биргина мулла Эшонқулнинг ўзи бериб юбориши мумкин эди, аммо унинг ҳам қўйларини ўғли тоққа опчиқиб кетган эди.

– Нима қилдиқ? – қавмига юзланди мулла Эшонқул.

– Қоған қўй юзта чиқмас-ов, – деди Ашраф оқсоқол. – Борини олади-да, кеган бўса.

– Айтган товуғинғди берамиз, – деди мулла Эшонқул татар йигитга. – Аммо юзта қўй чиқмайди. Борини йиғип берамиз. Некин жемиш жўқ. Ўзимиз қишда жийди деп молларға жантақ қип қўямиз. Бизда бошқа жемиш бўмайди. Сени отинғға қаердан жемиш берамиз? Арпа бизарда бўмайди. Оз-моздан буғдайимиз бор, некин уни сенга бериб жубарсак, ўзимиз қишда очимиздан ўламиз-ку?

– Бўлди, бас! – ўшқирди татар йигит. – Ҳамма бориб, ўз уйида қимирламай ўтиради, ким ташқарига чиқса, огоҳлантирмай отамиз. Ўзимиз бориб, уйларингдан нимани топсак, оламиз. Тарқал!

4.

Ўрис ҳовлиларга кириб, қўлига нима илинса олиб, “Казарма”сига тўплай бошлади. Мамат чолнинг ҳовлисидан она-бола соғин сигирини, уч-тўрт товуғини олишди. Қўшниларининг эчкисини гала ўрис тутолмай, ёш болаларга роса томоша бўлишди.

“Оладиганини олиб кетди-ку, энди қайтиб келмас”, деб ўйлаган Мамат чолнинг келини қайнонасига хамири ачиб кетаётганини айтди.

– Тондирди қизартир-чи. Ўрис кеп кетти-ку? Нонди жовип олайиқ.

Келин тандирга олов ёқди. Паншаха билан янтоқларни боғ-боғ қилиб тандирга тиқиб, бирпасда уни қизартирди. Нонларни ёпди. Энди пишган нонларни узиб олган эди-ки, дарчани тарақлатиб тепиб очиб, бир ўрис солдати ичкарига кирди.

– Ой, хлеб, горячий хлеб, – деб тўғри тандирнинг олдига келди ва битта нонни саватдан олиб, ката-катта тишлаб, ея бошлади.

– Қоч, Сулув, уйга кир, – деди Қиём момо ўрисга қараб бақрайиб қолган келинига.

– Куда? – деди ўрис саватни кўтариб, уйга кета бошлаган келинга ва нонларнинг ҳаммасини орқасидаги қопига солиб олди, яна нимадир деб, Сулувга қараб юра бошлади: – Ой, ты моя хорошая, ты моя сладкая. Я же забыл, когда последный раз был с женшиной.

У Сулувга яқинлашар экан, кийимларини бир-бир еча бошлади. Сулув қочиб уйга кирди.

– Даже очень хорошо, – деб ўрис ҳам уйга кирмоқчи бўлди.

– Тўхта, ўрис, иймонсиз, қаерға кираяпсан? – Мамат чол унинг йўлига ғов бўлди.

– Стоять! – ўрис қиличини чиқариб, чол-кампирни бошқа уйга итариб киритди.

Бу орада уйда қолиш хавфли эканини сезган Сулув қочиб, ҳовлига чиқди, аммо ҳовлидан чиқиб кетолмади. Ички кийимда қолган ўрис уни тутиб олиш пайида бўлди. Сулув ҳовлини айланиб қоча-қоча, тандир олдига келиб қолди ва тандир ёнидаги бир боғ янтоққа қадалиб турган паншахани аччиқ билан суғуриб олди. Уни солдатга ўқталди.

– Ўрис, чиқиб кет! Эрим “Ўрисдан эҳтиёт бў”, деган, – деди Сулув солдатга. – “Ўрис сенга тийинса, бир кунам хотин қимайман”, деган. Жон, ўрис, чиқиб кет, уйимди куйдирма!

Ўрис ўз оти билан ўрис-да. У Сулувнинг гапига тушунармиди? Тушунганида тўхтармиди? Тўхтамади. Бир чалғитувчи ҳаракат қилиб, Сулувга отилди. Аммо Сулув ҳам анойи эмас эди. Ахир унинг ори, номуси поймол бўлаётган, ўзи айтганидек, уйи куяётган эди. У ҳам паншахани ўрисга тўғрилаб, ҳамла қилди.

Бирданига иккаласи ҳам таққа тўхтади. Ўриснинг кўзлари ката-катта бўлди. Лабининг бир четидан қон сизиб чиқа бошлади. Паншаханинг битта шохаси ўриснинг нақд кекирдагидан кириб, бўйниинг орқасидан чиққан эди.

Мамат чол билан кампири уйдан чиқиб келганда ўрис ерда ўлиб ётар, ҳали ҳам паншахани унга қадаб турган Сулув қўрқувдан қалт-қалт титрарди.

– Энди уйимиз куядиған бўпти, болам, – деди Мамат чол. – Энди ўрис ҳеч кимди сов қўймайди. Энаси, келинди уйга опкир. Сув-пув ичир, жураги тушип қомасин.

Қиём момо Сулувни уйга олиб кирди. Унга сув ичириб, қайтиб чиқди.

– Энди нима қиламиз, бова?

– Оғилға опкирамиз, кейин бир гап бўлар.

Икковлашиб ўриснинг ўлигини оғилга олиб киришди ва устига беш-ўн боғ янтоқ ташлаб қўйишди.

Кечқурун кетишга шайланиб, ўлжаларини отларига ортиб қўйган ўрис солдатлари бир маҳал саросимага тушиб қолишди. Улар икки-учтадан бўлиб, ғойиб бўлган шерикларини қидириб ,ҳовлима-ҳовли изғий бошладилар.

– Гадки-ин, Ми-иша-а! Где ты?!

Уни ҳеч қаердан топишолмади. Юкларни отлардан туширишди. Қолиб, эрталаб қидиришни давом эттирадиган бўлишди.

5.

Эрталаб йўқолган солдатнинг ўлигини Тирсакдан, ўлган қўйлар чиқариб ташланадиган сойнинг қишлоқ пастидаги эски, сувсиз ўзанидан топишди. Яна ҳаммани Бўйинга йиғищди.

– Сизларга пешингача муҳлат. Ким подшо солдатини ўлдирганини айтасизлар, бўлмаса ёмон бўлади.

– Бизда пошшо соллатига кучи жетадиған эркак жўқ, – деди мулла Эшонқул. – Келишмай қоған бўса, биранта шериги ўлдириб қўйған чиқар?

– Ўчир овозингни! – деди татар йигит ва бошлиғига нимларнидир тушунтирди.

У қишлоқларда мулла кишилар чексиз ҳурматга эга бўлишини айтган, шекилли, ўрис солдатларининг каттаси аскарларига мулла Эшонқулни тутиб, қўл-оёғини боғлашни буюрди. Улар мулла Эшонқулнинг қўл-оёғини боғлаб, катта жийда остига олиб боришди.

– Пешингача ким ўлдирганини айтмасаларинг, мулаларингни осиб ўлдирамиз. Гап тамом.

Улар ўлган солдатни Жаласойнинг энг баланд ерига, Қорақирга олиб чиқиб, кўмдилар. Мозори устига ўз белгилари бўлган хоч ўрнатдилар. Қатор тизилиб туриб, осмонга ўқ отдилар. Шундан кейин яна Бўйинга йиғилишди.

Унгача одамлар мулла Эшонқулнинг олдидан тарқалишмади. Уни қўриқлашга қолган икки солдат ўзбекчани билмагани учун мулла Эшонқул қишлоқдошларига айтар гапини айтиб олди.

– Қайсинғ қиған бўсанғам жаннати бўлдинғ бир босқинчи копирди ўлдириб. Энди “Мен қилдим”, дема. Айтсанғ, бу ўрис уруғ-аймоғинғди қуритмаса қўймайди. Билмаймиз деп туравур. Бир мени осса осар, осон қутуламиз. Мен жашимди жашап, ошимди ошап бўғанман. Агар мени деп ким ўлдирғанини айтсаларинғ, у дунёю бу дунё силардан рози эмасман. Мени осип дап бўп кетавурсин ўрис. Пақат васиятим: ҳар Рамазонда мени ҳақимға Қуръон ўқип туринғнар. Шуни унутмасаларинғ бўлди.

Ўрис ўрислигини қилди. Бўйиндаги энг катта жийдага мулла Эшонқулни осди. Мулла Эшонқул титрамади, қақшамади. Ақалли “иҳ” демади. Доргаям мағрур борди.

– Силардан розиман, бовурларим, силарам рози бўнғнар, – деди мулла Эшонқул ва калима қайтариб, бошини дорга тутди.

– Розимиз, розимиз! Сизам рози бўнғ! – ҳайқирди оломон.

Аёл-эркак, ёшу қари бирдек изиллаб йиғлайверди.

Ўрислар кетгандан кейин мулла Эшонқулни дордан тушириб олиб, жаноза ўқишди. Ўша ернинг ўзида шаҳидлар мақомида дафн этишди.

6.

Ўрислар яна бир келганда ўша ўрис солдати кўмилган жойда каттакон қилиб ёдгорлик барпо қилишди. Унга мармар лавҳа ўрнатиб “Миннатдор Русиядан” деб ёзишди. Кейин ҳар йили келиб, зиёрат қиладиган бўлишди.

Колхоз идорасига Ленинга ҳайкал қўйилгач, бор обрў Лениннинг ҳайкалига ўтиб, бу ёдгорлик эътибордан қолган эди. Аммо нима бўлгандаям ҳалигача ҳам турувди.

Мулла Эшонқулнинг “Ким ўлдирганини бировга айтсаларинғ, рози эмасман”идан қўрқиб, Мамат чол бу сирни бировга айтмай, оламдан ўтди. Қиём момо ҳам “бировга оғзини очмай”, ўтиб кетди. Бу сирни фақат тоғдан тушгандан кейин Иноят билди. Ҳар йили рўзада битта қўйни сўйиб, мулла Эшонқулга деб ифтор қилди, мулла Эшонқулга деб хатму Қуръон ўқитди.

Иноят ўлгунча хотинини бошига кўтарди. Жаласойда Иноятгачаям, Иноятдан кейин ҳам ҳеч ким хотинини Иноятдан ошириб ҳурмат қилмаган. Иноят эски сирни оламдан ўтар чоғи ёлғиз ўғли Жаҳонгирга айтиб кетди.

Жаҳонгир Жаласойга раис бўлгач, жийдаларининг шохларига иплару латта-путталар боғлаб ташланган, “Мулла Шайит бова” деб ном чиқарган, ёш-яланг боргани қўрқадиган Бўйинни, мулла Эшонқулнинг мозорини обод қилди. Чор атрофни гулу гулзор қилдирди. Мулла Эшонқулнинг мозори устида муносиб ёдгорлик ўрнатиб “Мулла Эшонқул бобога, элим деб, юртим деб жон фидо қилган барча боболаримизга миннатдор авлодларидан”, деб ёздирди.

Жаҳонгир отасидан эшитган сирни ўғли Озодбек йигирмага тўлган куни унга айтди. Фақат Мамат чолнинг авлодларигина билган бу воқеа тарихи Озодбекни жуда таъсирлантирди. Келаси шанба куни университетда бирга ўқийдиган уч ўртоғи билан келган Озодбек ярим кечаси оғир болғалар ва мисранларни олиб дўстлари билан Қорақирга чиқиб кетишди.

Озодбек Қорақирдаги ёдгорликнинг туриши Жаласойликларнинг, Ўзбекнинг фожеаси деб ҳисоблади. Шармандалик деб ҳисоблади. Орият учун уни дўстлари билан яксон қилди.

7.

Эллик ҳовлили Жаласойда бугун беш юздан зиёд ҳовли бор. Аммо ҳамма бир-бирини танийди. Бир гап чиқса, хамма бирданига билади. Ўртада сир йўқ.

Аммо Жаласойда битта сир бор. Уни фақат хотинларини айрича ҳурмат қиладиган Мамат чолнинг авлоди билади. Бошқа билса, мулла Эшонқулнинг руҳи чирқиллайди.

Тамом.

Ҳикоя муаллифи Каримберди Тўрамурод.