Олма – шўрва

(Ушбу ҳикоя бўлган воқеа, уни ота-онамнинг ёрқин хотирасига бағишлайман)

Тошкент 1969 йил…

Ўрта бўйли, елкалари кенг, қош-кўзи тим қора Салоҳиддинни уйлантириш пайига тушган Хатира,   эшикдан   салом  бериб  кириб келган  укасини   очиқ   чеҳра  билан   қарши  олди. 
– Келдингми?   Яхшимисан,   онам   саломатмилар?
– Яхшилар,  “Поччангдан  хабар  олиб  кел”,  деб  юбордилар.
– Поччанг   соғайиб,   ишга   кетдилар… Салоҳиддин  ҳар бир  ишда  ҳикмат  бор  ука,  поччангни  елкаси  қаттиқ   лат  еб  табибга  бордик   тўғрими?
– Ҳа,  опа  шундай.
– Табибнинг  қўли  шунақа  енгил  эканки,  одамларнинг  мақтаганича  бор  экан   ука.  Бор  йўғи  3  мартта  бордик,  поччанг   кўрмагандек  бўлиб  кетди.  Энг  қизиғи   ҳовлиси  шундай  тоза,  ораста,  қизлари   ҳам  бир-биридан  чиройли  экан.
– Эй   опа,  яна  бошладингизми?  Уйланишга    ҳозир   шароит   йўқ,  она-бола  тинчгина  ўтирибмиз.     
                     

  Кулиб  турган  опасининг  юзи   бир   зумда  хира  тортиб,  лаблари  буришди. 
Она-бола   тинчгина   яшаётган  эмиш?!   Онам   етмиш  учга   кирдилар,  оёқлари  юрмаса,  отам  ўтиб  кетдилар,  ёлғизгина   ўғилни   тўйини  кўрмай,  энди  бояқиш  онам  келинни  хизматини  кўрсин.  Сенга  барибир,  ишингга  бориб  келасанда,  овқат   еб,  ухлашга  тушасан,  беғамсан,  беғам…  шунга   ҳали   уйланмай   туриб,  қорин  ҳам  қўйдинг.
– Опа,  бўлди   мен   кетдим,   омин   қилинг.
– Кетиб   бўпсан,   бу   сафар   мени   айтганим   бўлади.  Катта   қизларини  исми   Шарофат   экан,   ҳар  сафар  борганимизда  суриштирдим.  Медицина  билим   юртини   битирган,    ҳамшира   дегани   бу.   Онамга   қараса  ёмонми?   Хуллас   шу  қизга  уйланасан.  Қиз   менга  маъқул  бўлди.
– Менга-чи? 
– Сенгаям   маъқул,  жон  дегин  табибни  қизига  уйлансанг.
– Тўй   харажатлари   нима  бўлади?
– Унисини  менга  қўйиб  бер,  ўзим  ҳаммасини  боплайман.  Фақат  бир  шартим  бор.    Тўйдан   кейин    эр-хотин  ишлаб,  қарзни  узасизлар.  Қарз  узилар,  хотин  ёнга  қолар.  Онам  ҳам  рўшнолик   кўрсин  дейман-да…

Хатира    кўйлагини   этагини  олиб  йиғлашга  тушди.  Салоҳиддин  опасини  юзига  тикилиб   турди-да,  “хўп,  майли” ишораси  билан  бошини  қимирлатди. Хатира   йиғидан   ўзини   тўхтатиб,  ошхона   томон  югурди,  шошганча  қозондан   сирли    идишга маставани солди,  устини  ёпиб,  қўлтиғига  иккита   оби  нонни  қистирганча  укаси  ёнига  шошилди. 
Майли,  энди  бора  қол,  овқат  ҳали  иссиқ,  совумасдан  она-бола  ичиб  олинглар,  якшанба  куни   тайёр  бўлиб  турсанг,  табибникига   қиз  кўрарга  борамиз,  насиб  қилса  бир  ойда   тўйни  қилиб  юбораман.

Хатирани    берган   егуликни   қўлига  тутганча   маҳалла  ичи   йўлга  тушган  Салоҳиддин   опасининг   кайфиятидан  кўнгли  кўтарилди,  ширин   ҳаёл  билан  бир  зумда  ўз  ҳовлиси  олдида  пайдо  бўлди,  сабаби  опаси  бир  маҳаллага  узатилган  эди-да.   Она-бола  ҳали  совумаган  маставага   қатиқ  солиб   танавул   қилишди.

Бир  сўзли  ва  қатъиятли   Хатира   якшанба  куни  эри  ва  укаси  билан   “Москвич” машинасига ўтириб,  табибнинг  уйига отланишди. Опаси  таърифлаганидек   жуда  ораста  ва  файзли  хонадонда  одам  кўп  эди,  самоварда  сув   қайнар,  ўчоқда  овқат  пишиб   турарди.  Худди  табибнинг  оиласи   меҳмонларни  қарши  олишга   шай   тургандек.  Ҳовлининг  бурчагида  дид  билан  қурилган   тандир  Салоҳиддинни   эътиборини  тортди.  Кўнглида  “келин  нон  ёпишни  ҳам  билар  экан-да”  деган  ҳаёл  ўтди.  Хаёлини  бўйлари  пастдан  келган  мўйсафид  қария  бузди.  Бу  ўша  опаси  мақтаган  табиб,  қизнинг  отаси  эди.  Салоҳиддин   шошганча  салом  бериб  кўришди.   Меҳмонларни   уйга  таклиф  қилишди.

Меҳмонлар  уйни  ичига  киришаркан,  токчалардан  иборат  хонада  идишлар  тартиб  билан  чиройли  терилганига,  хона  ниҳоятда  ораста  эканлигига  гувоҳ  бўлишди.  Ичкарига  бўйлари  баланд,  қаддини  рост  тутган  икки  юзи  қизарган   аёл  кирди,  бу  келиннинг  онаси    Гулсум  опа  эди.  Келганларни   хаёлидан  фақат  бир  фикр:  бу   аёл,  табиб  эридан  анча  ёш   эканлиги,  уларнинг   ёшдаги   фарқ  чамаси  йигирма  йилча  эканлиги  ҳайрон  қолдирди.  Бу  икки  жуфтликнинг  ўн   битта  фарзанди  бўлиб,  уларнинг  энг  катта  қизлари  Шарофат  эканлиги  маълум  бўлди.   Қизнинг  отаси   Беркин  табиб  агар  бир-бирларига  маъқул  бўлишса,  бу  никоҳга  қарши  бўлмаслиги,   қизини  бахтини  кўришини  исташини  айтди. 

Шарофат  ниҳоятда  нимжон  ва  жуссаси  кичик  эди,  вазни атиги 41 кг. бўлган бу  қизнинг  ўрилган  тим  қора   қалин  сочлари  унинг  нозик   гавдасига    ҳусн   қўшиб   турарди.  Онаси  каби  икки  юзи  қирмизи  олмадек  ёниб   туриши,  очиқ  чеҳраси  Салоҳиддинга   маъқул  бўлди.  Лекин,  Шарофатга   куёв  у  қадар  ёқмади.  У  хонасига  кириб  олиб,  онасига  шикоят   қилишга  тушди:  – “Онажон,  бу  йигит  роса  беғамга  ўхшайди,  ёш бўлишига  қарамай,   қорин қўйган,  кўп  ухласа   керак”,  деб  туриб  олди.  Унга  Гулсум  опа:  “Ўзинг  бир  нимжон  қиз  бўлсанг,  шаҳарда   наҳотки  бир  она   ва  болани  эплай  олмасанг?   Беғам  бўлса  ундан  ҳам  яхши,  юввош  дегани,  уриб,  сўкиб  турса  нима  қиласан?  Даданг   билан   менга  маъқул,  шу  йигитга  узатамиз”,  деб   тўйга  розилик   билдиришди.

1969   йилнинг  4  октябрь  санасида  никоҳ  маросими  куёвнинг  ҳовлисида  бўлиб  ўтди.  Шарофат  бу  кунни  ҳеч  қачон  унутмади.  Сабаби  катта  шойи   рўмолни   бошига  ташлаб,  уятдан  бошини  эгиб  ўтирган  келинга    маҳалланинг  шўҳ  болалари   гилам  орқасидан  қўли  ва  бели  аралаш  нина  санчишар,  кулиб қитимирлик  қилишарди.   Шарофат   бечора  шу   зайлда  3  соат  давом  этган  тўй  маросимини ўтказди.  Бу  ҳақда  куёвга  лом-лим  демади  бечора…

Астма   билан  хасталанган  қайнонаси  мана  бир  неча  йилдирки,   юра  олмас,  баъзи  бир  юмушларни  ўтирган  жойида  бажаришга  ҳаракат  қиларди.

Шарофатнинг  қизлик   ҳовлиси   кенг   ва  катта   бўлгани   боис,  куёвнинг хонадони   унга   кичкина   гугурт   қутисини  эслатарди. Юмушлар  ҳам  унга  жуда  осон  туюлди.  Бир  куни  нонушта  вақтида   қайнонаси   тўйга  бош-қош  бўлган   қизи   Хатирадан   қарзлари  борлигини,  имкон  борича  ушбу   омонатни  эгасига  қайтариб,   узиш   лозимлигини  тайинлади.   Шарофат  тиббиёт ҳамшираси,  тез  орада   ишга  жойлашишни  истарди.  Шунда  ёш  келин-куёвлар,  қарздан  қутулишга  имкон  бўлишини  тушуниб  етди.

Шарофат    шаҳардаги  болалар   юқумли  кассаликлар  шифохонасига  ишга  жойлашди.  Маошини  олиши  билан  қайнонасига  келтирар,  Тўхтаой  ая эса  ўз  навбатида  келини  ва  ўғли  келтирган  пулларни  рўзғор  ва  қарзни  қайтаришга   расмалаб,  ажратиб  қўярди.

Шарофат   келин   бўлганига   ҳам  етти  ой  бўлди.  Бу  вақтгача  у  янги   хонадон  ва   ишига   анча   кўникиб   қолган,  энг  ҳаяжонлиси    юраги  остида  жажжи  юрак  уриб  турарди.  Ҳомиладор   келинидан қайнонасини   кўнгли  тўлган,  содда   ва   беғамгина   ўғлини   ишончли  қўлларга  ташлаб  кетаётганидан   дили  равшан  тортарди.  Тўхтаой  аянинг  саломатлиги  орқага  кетган,  умрининг   сўнгги   кунларини   яшаётганини   сезиб  турарди.   У  ўғлидан    синглиси Ўғилойни   олиб  келишини  илтимос  қилди.  Ўғилой  хола  опасини  аҳволини   кўриб  йиғлашга  тушди.   Шарофатни   бу  холат  гангитиб  қўйганди.  Келинини   аҳволини  тушунган   Тўҳтаой  ая   уни  қўрқишини  хоҳламас,   вужудидаги   набирасини   ич-ичидан  яхши  кўрарди.  У  синглиси  Ўғилойни   ёнига   чақириб,  ҳадеб йиғлайвермаслигини,   ваҳима   қилмасдан  юзига  шойи  рўмолни  ташлаб  қўйишларини  тайинлади.  Ўғилой   бу  гаплардан  кейин  зўрға  ўзини  тутиб:    “Опам  бечора,   пардали  бўлибдилар”  деб шивирлади.   Опасини   юзига   шойи   рўмолни   ташлаган  Ўғилой  опа,   сизиб   оқаётган   кўз  ёшларини  тўхтата  олмасди.   Тўхтаой  ая  юзига  ташланган    шойи   рўмолга  икки   бор   нафас  олди-ю,  жони  узилди.

Қайнонанисининг   ўлимидан   кейин  гугурт   қутисидек  ҳовли,  унга   ҳайҳотдай,  кимсасиз,   ҳувуллаган   ҳовлига  айланди-қолди. Шарофат  турмуш   ўртоғидан   беркитиб  йиғлаб  олар,  қайнонасини  соғиниб  қумсаб  қўярди.  Қайнонасидан  бирор   мартта  ёмон  гап  эшитмаган,  аксинча  унга  кўмакдош  ва  маслакдошидек   эди.  Қайнонасининг  сокин  ва  паст   овози  уни  аллалаётгандек   бўларди.  Салоҳиддин   ҳам  онасининг   ўлимидан   кейин  анча  вақтгача  ўзига  кела  олмади.   Бир   нуқтага  тикилганча,   бир  бошли  савхознинг   раиси   бўла  туриб,  у  ерда   етиштирилган  бодринглардан   бир   донасини   уйига  олиб   келишга  хадди  сиғмаган,   ҳалол  отасини,   юра  олмай,   ўғлига   юк   бўлаётганидан   умрининг   сўнгги   кунигача   хижолат   чеккан  онасининг   сиймолари   кўз   олдидан   кетмасди.   Аёлига  қараб,  вужудида  туғилишга   шайланаётган   гўдагини   ўйлаб   кўнгли   кўтариларди.

Онасининг   ўлимидан   кейин   ёш  оиланинг  хонадонига  икки  опаси  ва поччалар   хабар  олиш  мақсадида  тез-тез  келиб  туришарди.  Ёзнинг  дам  олиш   кунларининг  бирида,   Тошкентдаги   Янгиобод  мавзесида   яшовчи   Риҳсивой  поччаси:  –   “Ассалому   алайкум”  дея   кириб    келди.  Салоҳиддин  поччасини   кутиб   олишга   шошилди.   Шарофат  эса  бироз  ўзини  йўқотди,  сабаби  рўзғорда  деярли  ҳеч  нарса  қолмаган,  эр-хотин   2-3 кунда  берилиши  керак   бўлган    маошни  кутишаётган  эди.  Хаёлидан  поччани    нима  билан  меҳмон   қилишга  боши  қотганди.  Поччаси   билан   уйнинг  ичига  киришга  улгурган   Салоҳиддин  аёлини  чақира  бошлади.   Риҳсивой    поччага   ҳадемай     кўзи    ёрийдиган Шарофат   уялиб,   хижолат  бўлганидан   ўзини  тортаётгандек   туюлди.  Қўллари  кўксида   Шарофат  салом  бериб  кириб  келди,  шошганча  хонтахтага  оппок  дастурхонни  тўшади. Салоҳиддин  тушлик  бўлиб  қолгани  ва  тез  фурсатда  овқат  пишириб  олиб  келишни  буюрди.  Шарофат  бошини  “хўп”  деганча   ирғиди-да  хонадан  чиқиб  кетди.

Ошхонага  югуриб  борди.  Сабзавотлар  турадиган  ерда  бир  дона  пиёз,  ипга  тизиб   қўйилган   помидор   қоқи  ва  чамаси  бир  қошиқ  чиқадиган   пахта  ёғидан  бўлак  ҳеч  нарса  йўқ  эди.  Ҳартигул  эрталабки   нонуштадан  қолган   суви   қочган  нон  бор   экан. Шарофат   ошхона  остонасига  чўкка  тушди-да  аламдан   йиғлаб   юборди.  Меҳмоннинг  олдида  шарманда  бўлаётганини,  ҳозир  замон   эри  овқат  олиб  келишини  буюришини  тушуниб  турарди. Пиқиллаб   йиғлаганча   ҳовли  ўртасидаги   олма  дарахтига  кўзи  тушди, қуёш  тиғидан  ялтиллаб   турган  олмалар  кўзни  оларди. Шарофат  кўйлагининг  этагига  кўз  ёшини  артди-да,  шошганча  ҳовлининг   ўртасига   югурди.  Ғарқ  пишган  қизил  олмаларни  бир  этак  қилиб  териб  олди.  Уларни  ювдида  5-6  донасини  пўстини  артишга   тушди.   Эски   плитани    устига   қозонни  қўйиб, ёғ   идишдаги   ёғни  сидириб   қўйиб  олди.  Бир  дона  пиёзни  тўғраб   қозонга  ташлади,  пиёз  жиз-пиз  бўлгунича  помидор  қоқини  сувда  ивитиб  олди, чиройли  қилиб  артилган  олмаларни  ички  пўчоқлардан  ажратиб  қозонга  ташлаб  қовуришни   бошлади,  сувга  ранги  чиқишга  улгарган  помидор  қоқини   ҳам  пиёз  аралаш  қовурилаётган  олмалар  устига  ташлади,  озгина  туз  солиб  бир  неча  дақиқа   қовуришда  давом  этди.  Чамаси  3  коса  чиқадиган  сувни  солиб  шўрвани  милтиллатиб  қўйди.  У  ликопчага  қозонга  тушмай   қолган  олмаларни  чиройли  қилиб  жойлаштирди.  Суви  қочган  нонни  ҳам  бир  хил  қилиб  кесиб,  уни  ҳам  тақсимчага  солди.  Кўнглида  картошкани   ўрнига  олма  солиб,   шўрва  пишириш   ғояси   келганидан  мамнун  эди.  Бир    мунча   вақт   ўтиб,   ўйлаб  турганидек   хона  ичкарисидан  Салоҳиддин   Шарофатни   чақира   бошлади.   Шарофат  бир  қўлига   суви  қочган   нон,   бир  қўлида  ликопчадаги  олмаларни  тутганча   югуриб   меҳмон   ўтирган   хонага  кирди.  Дастурхонга  олма  ва  нонни  қўйди.

– Шарофат,  поччам  “кетаман”  деб  шошиляптилар,  иссиқ  овқат  олиб  кел,  қорин  ҳам  таталаб  кетди,   тушлик   бўлса…
– Хўп  бўлади,  овқат  тайёр,   ҳозир  деб  чиқиб  кетди.

Ҳовли    четига   ўзи  меҳр  билан  эккан  райҳон  баргларидан  узиб  олди,  майдалаб   тўғради.   Косаларга  овқатни   сузди,  таом  худди  қовурма  шўрвадек   чиройли   ва   иштаҳани   қитиқларди.  Шўрва    устига   тўғралган   райҳонни   солиб,   шошганча   хонага  кириб  косаларни  хўжайинига  узатди.  Салоҳиддин  овқатни  кўриб  шу  қадар  қувондики,  назарида   зукко  аёли  бу  ечими   бўлмаган   вазиятдан  иккисини  ҳам  қутқаргандек  эди.  Шарофат  ошхонага югурди,   қорни   жуда    оч   бўлишига   қарамасдан  қозондаги  овқатни  ўзи  еб  қўришга   юраги  бетламасди.  Аламидан  яна  йиғлашга   тушди,   чамаси   ярим  соатларда  Салоҳиддин  меҳмон  кетаётганини  билдирди.   Кўзлари   йиғидан  қизарган  Шарофат  ҳовлига  чиқди.  Кайфияти  чоғ   почча   “Яхши   ўтиринглар,   келин ўзингизни   эҳтиёт   қилинг”  деди-да  ҳовлидан   кўчага   чиқди. Шарофат  бошини  ирғаб  қўйди.  Меҳмон  кетгач,  Шарофат шошганча   хонага   кирди   икки  коса  бўм-бўш,  овқатлар  еб  қўйилганини  кўриб  яна  йиғлади,   бу  сафарги  кўз  ёшлар  ҳижолатдан  қутулиш  кўз  ёшлари  эди…

Олма  шўрва  воқеасидан  сўнг  орадан  40  йил    ўтди.  Бу  жуфтлик  оиласида  5  нафар  фарзанд   вояга  етди,  келажакда  6 набира  дунёга  келди. Оила   ҳалол,  тўкис  ва  файзли   яшади.  Не-не  сувлар  оқиб  ўтди.  Орзу – ҳавасларга   лимо-лим   бўлган   Салоҳиддин 62  ёшида  юрак  хуружидан  вафот  этди.

Ўлим  билан  боғлиқ   маъракалардан  бирида,  ҳамма  қариндош-уруғлар  орасида  Риҳсивой  почча,   ўзини  анчагина  олдириб  қўйган   Шарофатнинг  олдига  келди,  кўзлари  ёшланди.  Қариндошлар  ҳурмат  ва  обрўга  эга  Риҳсивой   почча  Шарофатга  нимадир  демоқчи  эканлигини  англаб  жим  бўлишди.    Риҳсивой  почча   Шарофатнинг  пешонасидан  ўпиб:

“Сизга  бундан  40  йил  аввал   қойил  қолгандим  ва  бутун  умрим  давомида  оқила  ва  ақлли  аёл  эканлигингизга   тан  бердим,  сизлар  тарбиялаган  фарзандлар  ҳам  албатта  яхши  инсон  бўлишларига  шубҳа  йўқ,  Салоҳиддиннинг  руҳи  шод  бўлсин,  олма  шўрванинг  таъми   ҳалиям  оғзимда  қолган,  барака   топинг”  деб  йиғлаб  юборди.  Атрофдагилар  қандай  олма  шўрва  ҳақида  гап   бўлганини  тушунмай  турардилар…

***

Рўзғорида   камчилик  бўлса-да,  уни  билдирмасликка,  йўқдан-бор  қилиш  санъати  ҳар  бир  беканинг  бисотида  бўлиши  муҳимлиги  ва  бу  жиҳатлар  кўпгина  ўзбек   аёлларида  мужассам  эканлигини  раҳматли    Шарофат  онам  тимсолида  кўрдим.

Шахсий фото архив. Шарофат она қизи билан

Азизим,    ота-онанингиз   ҳаётмилар?!  Унда  Сиз  дунёдаги  энг  бахтли  ва  бадавлат  инсонсиз!

Агар  Яратган  иродаси  билан  ота-онангиз  бу  дунёни  тарк  этишган  бўлса,  руҳларига   Жаннат  тилаб,    хаққиларига   дуо-тиловат қилишни  ёддан   чиқарманг.  

Салоҳиддин қизи  Дилдора Рустамова