Кристафор Форт: “Ўзбек адабиёти ўрганиш, тадқиқ этиш мен учун катта хазинани кашф этишдир!”

(Мичиган университети тадқиқотчиси  Кристафор  Форт  билан суҳбат)

– Жаноб Кристафор Форт, сизни Ўзбекистон илмий жамоатчилиги  ўзбек адабиётининг америкалик толмас тадқиқотчиси сифатида билишади. Келинг,  ўзингиз, болалигингиз ва таҳсил йилларингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Мен учун ишлатган таърифлаларингиз бир ҳиммат. Бунинг учун ташаккур! Аммо, толмаслигим борасидаги фикрларингизга шубҳа қиламан. 1988 йили АҚШнинг  Миннесота штатидаги Сэйнт Пол шаҳрида туғилганман. Ўн ёшга кирганимда оиламиз Мэрилэнд штатига,  икки йилдан сўнг эса Мичиган штатига кўчиб келдик. Мактабни  битирганимдан кейин Мичиган давлат университетига киришга қарор қилдим. Чунки рус тилини ўрганмоқчи эдим. Ўқишга кирдим. Уч йил ичида тўрт йилга режаланган рус тили сабоқларини тугатдим. Тўртинчи йилда бошқа тилни ўрганмоқчи бўлдим-у, қайси тилни танлаш масаласида бошим қотиб қолди. Серб тилини хоҳлардим, аммо лойиҳа  мудири серб тили йўқлигини айтиб ўзбек тилини таклиф этди. То шунгача Ўзбекистон ҳақида кам эшитгандим ва шунинг учун ўзбек тили рус тилига ўхшаса керак деб хаёл қилдим. Албатта, бу фикрим нотўғри эканлигини кейин билдим. Аммо ўрганиш осон эмаслигига қарамай, ўзбек тилини ўрганишишга бўлган иштиёқим ортиб борди ва аспирантурага киришга қарор қилдим.

Адабиёт илмига қизиқишингизга нима сабаб бўлган?

– Университетга кирганимда адабиётга қизиқишим кам эди. Асосан сиёсатшунослик билан шуғулланмоқчи эдим, аммо вакилларимизнинг бири билан қилган синов машғулотидан кейин бу соҳа  менга тўғри келмаслигини англаб етдим.  Шу билан бир вақтда рус адабиёти дарсларини тинглай бошладим. Шу соҳага қизиқиб қолдим. Бир йилдан сўнг ўзбек тилини ўрганаётганимда  ХХ аср ўзбек адабиёти билан шуғулланадиган америкалик олимлар камлиги учун шу йўналишда ишлашга қарор қилдим. – Ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга нима туртки бўлган? Ўзбек тилини ўрганиш сизга қийинчилик туғдирмадими? Мен биринчи ўқиган ўзбек асари Ойбекнинг “Қутлуғ қон”и бўлган. Сюжети ҳар қайси соцреалистик асарлар мисоли, аммо Ойбекнинг назмий тили мени қизиқтирганди. Ойбек мумтоз ўзбек назмидаги гўзалликлардан янги давр адабиёти учун табиий равишда фойдаланди. Ўзбек тилини ўрганиш, албатта, жуда қийин бўлган. Ҳалигача қийналяпман. Менимча, инглиз тили биринчи тили бўлган одамлар учун рус тилига қараганда ўзбек тилини ўрганиш қийин, чунки сўз тартиби аксинча.

Тадқиқотингизда ўзбек адабиёти билан боғлиқ қайси жиҳатларга эътиборни қаратгансиз?

– Мен асосан тадқиқотимда ўзбек адабиётидаги тушунмовчилик ва гибридликка эътибор қаратишга ҳаракат қиламан. Менимча, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”ини ўқиганимдан кейин шу  йўналишга қизиқиш уйғонди менда. Мен бу романни инглиз тилига таржима қилдим. Таржима жараёнида бир неча муаммоларга дуч келганмиз. Чўлпон таржимам «Academic Studies Press» деган нашриётнинг Ўрта Осиё исломий модернистлар сериясидан бир жилди бўлгани учун мен транслитерация ва таржимани стандартлаштиришга мажбур бўлгандим. Араб, форс, ўзбек ва рус тилларида ўзига хос транслитерация тизимлари бор ва уларни бир-бирига ўхшатиш жуда қийин. Чўлпоннинг концепцияларини ҳам стандартлаштиришимиз керак эди. Масалан, Чўлпоннинг «маҳрам» сўзининг  маъноси инглиззабонларга маълум араб маданиятининг тушунчасидан фарқ қилади. Чўлпон шундай ишлатадики,  бунда арабча  маъноси ифодаси ҳам сақланган.  Бир жиҳатдан бу сўз қизнинг яқин қариндошлари маъносини ифодалайди. Чўлпон уни  «дугона» маъносига яқинроқ қилиб акс эттиради. Аммо мен учун энг қийин нарса шу эдики, Чўлпон бу исломий модернистлардан иборат серияга нега тўғри келади деган саволга сўзбошимда жавоб беришим керак. Кўп адабиётшунослар Чўлпоннинг шеъриятини рус символизми, демак битта маълум модернизмнинг вариантига боғлашади, аммо бу далил мени кўндирмайди. Чўлпоннинг рамзлари ўзбек ва эски ўзбек тили рамзлар луғатидан келишади. Бунинг устига Чўлпон фақат 1924 ё 1925 йилда Москвага борган (манбалар ҳар хил кўрсатишади). Советларга энг яқинлашган символистлар  Брюсов  ва Блок Чўлпон Москвага келган вақтгача дунёдан кетгандилар.

–  Қайси ўзбек ёзувчиларининг асарлари сизга чуқур таассурот қолдирди? Умуман, ўзбек адабиётининг ўзига хос хусусиятлари борасидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Кўп ўзбек ёзувчиларини ўқишга улгургандим. Диссертациямга Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳамза, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов ва Асқад Мухторнинг асарларини киритаман. Чўлпон “Кеча ва кундуз”ининг иккинчи қисми йўқолган. Ҳамзанинг “Бой ва хизматчи”сининг асл сценарийси йўқолган ва ҳозирги нусхамиз Комил Яшин томонидан ёзиб тугатилган. Абдулла Қодирий қамоқ пайтида учинчи романи устида ишлаётган эди. Ўзбек адабиёти ўрганиш, тадқиқ этиш мен учун катта хазинани кашф этишдир. – Қайси ўзбек олимлари билан илмий ҳамкорлик олиб бормоқдасиз? Бир йил олдин Ўзбекистонда бўлганимда Наим Фатиҳ ўғли Каримов менга катта ёрдам бериб, илмий раҳбар сифатида хизмат қилган. Зулхумор Мирзаева ҳамда ўзбек тилини менга ўргатган ва иккинчи илмий раҳбардек маслаҳат берган. Сувон Мели ҳам мен билан кўп суҳбатлашган ва ғояларимни ривожлантиришга ёрдам берган.

Жаноб Кристофор Форт,  ўзбек адабиётидаги сара асарларининг кўпчилиги инглиз ва бошқа дунё тилларига таржима қилинмаган. Кейинги йилларда  эса  Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Эркин Аъзам каби носирларимизнинг асарлари инглиз тилига ўгирилди. Эътиборли жиҳати,  уларнинг асарлари хорижлик тадқиқотчиларнинг эътирофига сазовор бўлди, бир қатор тадқиқотлар яратилди. Бу тадқиқотларнинг аксариятини америкалик олимларнинг ишлари ташкил этади, десак, янглишмаймиз. Жумладан, Рейчел Ҳаррелнинг “Мувозанат” романи борасидаги изланишлари ёки сизнинг Исажон Султон асарлари асосидаги тадқиқотларингиз фикримизга далил бўла олади. Шундай эмасми?

– Албатта, биз муболаға қилишимиз керак эмас. ХХ аср ўзбек адабиёти кам таржима қилинган. Рейчел Ҳаррел ва менинг ишларим жараён ибтидосидир. Аммо келажакда ишларимизни давом эттирамиз. ХХ асрнинг бошида ёзилган ўзбек адабиёти намунасини таржима қилганда америкалик китобхонлар учун кўп контекст тушунтириш керак. Уларда нафақат тарихий контекст керак, балки адабий контекст ҳам зарур. Олдинда режалаштирган лойиҳаларимиз бисёр.  Совет-Афғон уруши ҳақида ёзган ўзбек адибларининг асарларини ўқиб адиблар ўзлари билан гаплашмоқчиман. Чунки уларнинг асарларини Афғонистон ҳақида 1980 ва 1990 йилларда ёзилган рус асарлари билан таққос қилиш ниятим бор. Ҳозиргача ўқишларим ўзбек адибларининг асарлари Афғонистон совет тарихий травмасини қайнатади, аммо рус асарларида Афғонистон эсхатологик жойга айланади: Афғонистондаги мағлубият Совет иттифоқи парчаланишини олдиндан башорат қилади. Ўқиётганимда нега шунча фарқ бор деб ўзимдан сўраяпман. Шоира Хосият Рустамова турмуш ўртоғи, Совет-Афғон уруши қатнашчиси ва шу мавзуда асарлари эълон қилинган Қўчқор Норқобилни таништиришга ваъда берди. Мен юртингиздан улкан маънавий хазина топганман.

– Сиз билан боғланганимда, Сурхондарёга бўлмаганман деб айтдингиз. Сурхон воҳаси Ўзбекистонимизнинг жанубида жойлашган гўзал воҳа. Айнан баҳор шу ердан бошланади. Ўзига хос мафтункор табиати, тилни ёрар даражадаги ширин мевалари, самимий ва меҳмондўст одамлари, қадимий ва тарихий анъаналари, урф-одатлари билан алоҳида ажралиб турадиган Сурхон воҳасига сизни таклиф қилиб қоламиз.  Қолаверса, шу заминда туғилиб ўсиб, вояга етган забардаст ижодкорлар Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам, Усмон Азим сингариларнинг асарлари сизни ҳам мафтун этишига ишонамиз.

– Албатта, келаси марта бўлганимда Термиз шаҳрига боришга ҳаракат қиламан. Шу адибларнинг асарларини ўқишга ҳали улгурмаганман, аммо худо хоҳласа, вақт топаман.

Обид ШОФИЕВ ёзиб олди.