ҚОРАБОҒ – ОЗАРБАЙЖОНДИР!

ТАҲРИРИЯТДАН:
Ушбу мақола, «КАРАБАХ – ЭТО АЗЕРБАЙДЖАН! Анализ узбекского журналиста Шухрата Барласа» номли сарлавҳа остида бир неча марта ўрис тилида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, ҳаттоки Нидерландия ахборот ресурсларида ҳам эълон қилинган.

Ижтимоий тармоқдаги ўзбек интернет сегментида фаол бўлган кўпчилик йигит ва қизларнинг истагига кўра, захирадаги подполковник – Шокир Долимов томонидан мазкур мақола ўзбекчага таржима қилинди ва Медиа эксперт Карим Бахриев томонидан таҳрир қилиниб, Оммавий ахборот воситаларига тақдим қилинди.

ҚОРАБОҒ – ОЗАРБАЙЖОНДИР!

I-Бўлим.

Тоғли Қорабоғ можароси мазмунан «трансшарқий» тавсифга эга этник можаро бўлиб, «кўп векторли» муаммодир. Ушбу можаро Марказий Осиё, Кавказ ва Кичик Осиёда илгари рўй берган, ҳозирда ҳам кечаётган ҳодисаларнинг ташқи омиллари бўлмиш буюк давлатлар ва минтақадаги йирик давлатларнинг диққат-эътибори марказидан жой олган геосиёсий масала ҳамдир.

Ғалаба тантанасининг муқаддимаси

Қардош Озарбайжоннинг шонли армияси бугунги кунларда тарихнинг янги саҳифасини очди. Озарбайжоннинг ёш йигитлари жанг майдонида Ватан озодлиги учун қаҳрамонларча ҳаётини фидо қилишаётганини дунё ҳамжамияти диққат билан кузатиб бормоқда.

Қарийиб чорак аср олдин ўз Ватанидан онасининг қўлида, қундоқда ҳайдаб чиқарилган гўдаклар Ватан ҳасратида улғайиб, Озарбайжон Қуролли Кучларининг генерал, зобит ва аскарлари сифатида энг замонавий ҳарбий техникалар устида туриб, ўз тўпроқларини ишғолдан озод қилмоқда.

Бугунги Озарбайжон аскари, замонавий техника турлари, ҳарбий ҳаракатларнинг пухта ишланган стратегияси-ю, тактикасини қўллаб, Озарбайжон халқининг матонат ва иродасидан шаклланган мисли кўрилмаган жасорат билан бутун дунё кўз олдида ўз давлатига тегишли бўлган ерларни ғанимдан қайтариб олиб, зафар қозонди.

Озарбайжон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Илҳом Алиев раҳбарлигида, суверен давлатнинг тўпроқларини озод қилиш йўлида Ватан ҳимояси учун курашаётган генерал, зобитлардан тортиб оддий аскаргача халқнинг меҳрига ва олқишига сазовор бўлмоқда.

Халқаро террористлар масканига айланган «Арцах»

Ҳар доим ҳам эзгу ният ва бунёдкорлик мақсадида келавермайдиган қуролланган жангарилар ва ҳар турдаги ташқи кучлар Арманистон томонидан ишғол қилинган Озарбайжон тўпроқларига сингиб кириб, алла қачон ўзлари учун қулай замин яратиб улгуришган эди.

Тоғли Қорабоғ ҳудудида жойлашиб олган қуролланган жангарилардан ва ҳар хил ноқонуний сиёсий унсурлардан ўз Ватан тўпроқларини тозалаш тадбирларини жонлантириш мақсадида кенг миқёсли ҳарбий операцияларни амалга ошириш эҳтиёжининг келиб чиқишига Жанубий Кавказдаги геосиёсий барқарорлик ўзгариб кетаётгани ҳам сабаб бўлди.

Яқин ўтмишда қолган бир пайтлар, Арманистон билан чегарадош ҳудудлардаги Озарбайжон томондаги аҳоли яшаш манзиллари мунтазамлик билан оғир артелерия зарбалари ёрдамида бомбардимон қилиниб турилар эди. Тинч аҳолига нисбатан қилинган хунрезликлар, Озарбайжон Республикаси Қуролли Кучларини ўз ҳудудида жойлашган аҳоли яшаш пунктларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳужумга қарши ҳужум операциясини бошлашга ундади.

Озарбайжон Республикаси раҳбариятининг баёнатига кўра, ноқонуний қуролланган жангари тўдалар босиб олган ҳудудни ўз ихтиёри билан тарк этмас экан, Озарбайжон Қуролли Кучлари жанговар ҳаракатларини тўхтатмаслиги ва босқинчилар билан бошқа бирор шаклдаги муросага келиш музокараларини ўтказилмаслиги ҳақидаги талаб, кенг ижтимоий доирага эълон қилиниб маълумотландирилди.

Озарбайжон ҳукумати, ўз халқининг сиёсий иродаси, ҳарбий салоҳияти ва давлат ҳудудлари масаласи бошқа бировлар билан муҳокама қилинмайдиган мавзу эканлигини, яъни Озарбайжон Республикасининг ички масаласи эканлиги тўғрисидаги талабларини бутун дунё ҳамжамиятига сиёсий дипломатия йўли ёрдамида, баъзида қаттиятлик билан кескин турда қабул қилдиришни уддалади.

Армани жангари айирмачилари тарафидан тўқиб чиқарилган турли ёлғонлар ва асоссиз даъволарга қарамай, дунёнинг нуфузли сиёсатчилари ва жаҳон ҳамжамияти Озарбайжон Республикасининг бу урушдаги хатти-ҳаракатлари ўз ҳудудини ва халқини ҳимоя қилиш йўлидаги мажбурий ҳаракатлар ўлароқ қабул қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти йўриқномасининг 51-моддасига биноан Озарбайжон Республикасининг ҳаракатлари ўз давлатини ва давлат ҳудудини қонуний ҳимоя қилиш сифатида баҳоланади. Келажакда, Озарбайжон Республикаси ўзига тегишли бўлган ҳудудларни айнан мана шу моддага асосан қайтариб олиш ҳақ ва ҳуқуқига эга эканлиги исбот талаб қилинмайдиган қонундир.

Озарбайжон Республикаси ўз тўпроқларини ишғолдан озод қилиш мақсадида ҳарбий ҳаракатларни бошлагач, озарбайжон халқи бутун жаҳон олдида Ватан озодлиги йўлидаги ғалабага бўлган иродасини намоён қила олди. Ҳарбий заруратнинг – қонуний шаклда Ватан урушига айланиб кетишига васила бўлганига гувоҳ бўлдик.

Озарбойжон армиясининг қаҳрамон аскарлари

Жиноятлар олдида жим турган қонун ва халқаро ҳуқуқ

Кўп йиллик натижасиз музокаралар, адоғи йўқ декларациялар ва ўзаро бир-бирини айблашлар Тоғли Қорабоғ можаросини бартараф қилишда ҳеч қандай аҳамиятли ёки ижобий натижа келтирмади.

Озарбайжоннинг ҳудудини қонуний йўл билан бўшатиб қўйишга доир турли халқаро ташкилотлар, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияларда баён этилган талаблар, шунингдек, конвенция ва декларациялар билан мустаҳкамланган амалдаги халқаро қонун ҳужжатларида кўзда тутилган талаблар аввало халқаро ҳуқуқ субъекти саналмиш – давлатларга қаратилган эди. Таассуфки, Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудини зудлик билан ташлаб чиқиш талаб этилган резолюциялар ва халқаро қонун ҳужжатларининг бирорта банди бажарилмади.

Гарчи халқаро даражада ғайриқонуний ҳаракатлар содир этган ва бу билан зиммасига юкланган халқаро мажбуриятларини бузган давлатларни ижроси мажбурий саналган юридик кўрсатмаларга мажбуран амал қилдириш имконияти кўзда тутилган резолюциялар, уларда аниқ баён этилган талаблар ва халқаро ҳуқуқнинг тегишли тамойиллари бўлса-да, Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудини бўшатиб қўйишга келганда, қоғозга битилган ушбу қонуний жараёнлар ҳаётга татбиқ этилмай, қоғоз бўлганча қолаверди.

Халқаро-ҳуқуқий меъёрлар-у, кўрсатмалар мажмуи, уларнинг тартибга солинган тизими сифатида шаклланган халқаро Қонунчилик аслида Тоғли Қорабоғ можароси борасида халқаро муносабатларни йўлга соладиган бош омил бўлиб хизмат қилиши керак эди. Бироқ асл ҳолат минтақада мутлақо бошқача вазият қарор топганини кўрсатди.

Дарҳақиқат, Озарбайжон Республикаси айни дамда фаол кечаётган ўз тўпроқларини қайтариб олиш ҳаракатларини бошламаса ҳам бўлмас эди. Чунки, Арманистон ҳукуматининг Тоғли Қорабоғ мажорасида шаклланган «статус-кво»ни сақлаб бориш ниятида мавжуд муаммоларни ҳал этишга доир музокаралар жараёнини барбод этиб боришдек носоғлом саъй-ҳаракатлари қарийб 30 йил давомида расмий Бакунинг сабрини синаб келди.

Саволлар ва ахтарилаётган жавоблар…

Озарбайжон давлати, фақатгина мустақил озарбайжон халқининг куч қудратига ва дунёдаги барча умуминсоний қадриятларга содиқ инсонларнинг ижобий ва дўстона муносабатига кўра қардош Туркийлар дунёсининг маънавий дастагидан илҳомланиб, бошқа ҳеч кимнинг моддий ёрдамисиз, ўз кучи билан ҳудидий бутунлигини, миллий ҳуқуқини ва миллий қадриятини тикламоқда.

Бугунги кунга келиб, замонавий дунёнинг Жанубий Кавказ минтақасидаги қалтис геосиёсий вазияти кундан кунга, кўз ўнгимизда ўзгача тус олиб, жаҳон геосиёсий тақсимот харитасига кескин ва тубдан ўзгартиришлар киритиш жараёни бошланди. Бундай вазиятда, Ўзбекистон ҳукумати фаол сиёсий кўриниш қиладими ёки Озарбайжон Республикасининг Миллий Ғалабасига ўз муносабатини халқаро ҳуқуқ талаб ва меъёрларига кўра қандай намоён этиши шарт?!

Қардош ўлка ва стратегик ҳамкоримиз бўлган Озарбайжон Республикасининг ишғол қилинган тупроқлари озод қилиниши муносабати билан боғлиқ масала бўйича Ўзбекистон Республикаси «расмий табрик» ёки қандайдир «расмий баёнот» эълон қилиб, ўз сиёсий позициясини халқаро ҳамжамият эътиборига билдирадими ёки ўзининг классик жанрига айланган усулда, ҳар бир давлатнинг ҳудудий бутунлиги тарафдори эканлиги ҳақидаги баёнотни такрор эълон қиладими?!

Геосиёсат ва тарих фанига қизиқувчи ўзбек ижтимоияти намоянлари орасида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири, айнан шу саволларга жавоб излаш ҳаракатлари бўлиб қолмоқда.

Хулоса

Ўтган 25 йил давомида Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёдаги этник адоват муоммолари билан шуғулланиб келган соҳа мутахассиси сифатида юртимиз фуқароларининг, айниқса, ёшларининг аксарияти Тоғли Қорабоғ муаммоларидан бехабар қолаётганидан, айримлари эса ушбу масалада ҳаттоки ўз давлатининг расмий позициясини ҳам билмаслигини кўриб, бир томондан қаттиқ ташвишда бўлсакда, иккинчи томондан атиги 5-6 йил олдинги Ўзбекистондаги ижтимоий фикрнинг аҳволини ҳозирги кунимизга таққослаб, хурсанд бўлишдан бошқа чорамиз йўқ.

Жаҳонда содир бўлаётган воқеаларга ва ижтимоий – сиёсий жараёнларга замонавий жамиятимиздаги ўзбекларнинг диққати, фаоллик савияси ва сиёсий саводхонлиги аввалги вазиятимизга нисбатан қанчалик даражада ижобий томонга ўзгараётганини сезиш, келажак ҳаётга умид бағишлайди.

(Давоми бор)

Саламов Шуҳрат БАРЛОС,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг Марказий Осиё бўйича махсус мухбири