ҚОРАБОҒ – ОЗАРБАЙЖОНДИР!

II-Бўлим.

(Давоми. Олдинги мақола I-бўлим.)

Қарийб 100 йилдан буён арманилар ва озарбайжонлар ўртасига учинчи томоннинг аралашуви оқибатида Жанубий Кавказда бошлатилган, вазиятлари «иссиқ» ва «совуқ» бўлиб алмашиб турадиган Тоғли Қорабоғ урушии 2020 йилга келиб яна аланга олди.

Тоғли Қорабоғ мажорасининг ибтидоси

Сафавийлар салтанатидан сўнг 12 та давлатга парчаланиб кетган озарбайжон хонликлари тупроқлари бирин-кетин Россия империяси томонидан мустамлака қилиниб тугатилади.

Озарбайжон саркардаси Равонқулихон номига Иравон хонлиги деб аталган давлатнинг ҳудудига Усмонли султонлигидан ва ҳозирги Эрон ҳудудидаги Қожарлар салтанатидан арманилар кўчириб олиб келиниб, озарбайжонларнинг тупроқларига жойлаштириши оқибатида зиддиятлар минтақасига айлантирилди.

Озарбайжон халқининг тўпроғида ташкил этилган арманиларнинг Арарат Республикаси 1919-1920 йилларда Озарбайжон Демократик Республикасига қарши урушни амалга оширган бўлса, совет иттифоқи давридаги Арманистон ССР 1988 йили Озарбайжон ССРга қарши уруш очди.

Озарбайжон ва армани зиддиятлари 1988 -1994 йиларда Озарбайжон ҳудудида келиб чиққан тартибсизликларга сабаб бўлибгина қолмай, бошқа минтақалардаги айримчилик жараёнларига ҳам бошланма берди ва пировардида қуролли этник ихтилофларни юзага чиқарди. Шу боис «Қорабоғ» сўзи собиқ совет иттифоқи ҳудудидаги ҳар қандай қуролли ихтилофга таъриф беришда қўлланадиган рамзий ифодага айланиб қолди. «Қорабоғ можароси» сўз бирикмаси маълум даражада ташхисга ҳам айланди. Ўхшаш мажораларга таъриф берувчи «Қорабоғ синдроми» ташхиси юзага келди.

Таъкидлаш жойизки, озарбайжонлар билан арманилар ўртасидаги 1919-1920 ва 1988-1994 йиллардаги келишмовчиликлар ва қуролли зиддиятларнинг бари ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмаган арманиларнинг ноқонуний ҳудудий даъволари туфайли бошлатилганини қайд қилиб ўтиш кифоя.

Озарбайжон ва армани ўртасидаги урушлар силсиласидаги 1988 йилдан 1994 йилгача давом этган урушда, Тоғли Қорабоғ маъмурий ҳудуди билан бирга унинг атрофидаги Фузулий, Жабраил, Зенгилан, Губадли, Лачин, Ағдам, Келбажар туманлари ҳам Арманистон Республикаси томониданишғол йўли билан Озарбайжон Республикаси ҳудудининг 20 фоизини босиб олинди.

Шу кунгача ҳеч қаерда танилмаган, ҳаттоки Арманистон Республикаси ҳам тан олишга журъат қилолмаган қуролланган жангари айирмачи гуруҳлар томонидан ишғол қилинган маконда уюштирилган «Нагорно-Карабахская республика Арцах» номли давлат эълон қилиниб, халқаро ҳуқуқ меъёрлари қўпол равишда инкор қилинаётган эди.

Ишғол остидаги Қарабоғ

Ўтган асрнинг 80-йиллар охирида, айни советлар иттифоқи тарқалиш арафасида Тоғли Қарабоғ маъмурий ҳудудини қуршаб турган еттита туман аҳолиси орасида халқаро терроризмга алоқадор шахслар жойлаштирила бошланади.

Тажовузкор кайфиятдаги қуролланган жангарилар Тоғли Қорабоғ минтақасига ғайриқонуний жойлашиб олгач, Озарбайжонга қарши фитна ва хунрезликлар тарқатишни авжига чиқарди.

Бутун дунёга террорчилик ҳаракати билан маълум ва машҳур бўлган кимсалар армани ва озарбайжон халқлари ўртасида сунъий равишда аланга олдирилган миллий низо ғоялари асосида армани миллатпарастлигини тарғиб қилиб, аҳоли орасида тарқатилган ҳар хил фитна ва иғволар асосида озарбайжонларга қарши ғалаёнлар уюштира бошлайди. Натижада, Озарбайжон шаҳарлари ўққа тутилиб, бегуноҳ болалар, аёллар-у, кексалар нобуд қилинди.

Айирмачи миллатпарастлар томонидан жазосиз хатти-ҳаракатларнинг фаоллаштирилиши натижасига кўра, озарбайжон аҳолисининг Арманистон ҳудудидан ҳам қувиб чиқарилиши ўз авж палласига миниб, озарбайжон халқига қарши қуролли ҳужумлар ва ҳудудий даъвога айланиб кетади.

Тоғли Қорабоғ муаммоси туфайли Арманистон билан келиб чиққан ҳудудий баҳслар билан боғлиқ бўлган ўша даврлардаги Озарбайжондаги беқарорлик ва кескинлик палласи биринчи навбатда тинч аҳолига зарар етказди. Қуролланган армани жангари тўдалари томонидан юзага чиқарилган оммавий ғазаб ва шиддат олдида ҳимоясиз қолган озарбайжон миллатига мансуб тинч аҳоли калтакланиб, ваҳшийларча ўлдирилиб, хунрезликларга мубтало қилинди ва ўз Ватанидан қувиб чиқарилди.

Таассуфки, негадир халқаро ҳуқуқда баён этилган талаб ва кўрсатмалар ижроси халқаро ташкилотлар томонидан бажарилмади. Айрим ҳолларда ҳаттоки ижтимоий-маданий ва сиёсий-иқтисодий томондан Озарбайжонга етказилган талофатлар ва зарарларни эътиборга ҳам олишмас эди.

Ҳақ ва ҳуқуқ фожиаси

1988 йилдан 1994 йилгача Тоғли Қорабоғ ва атрофидаги еттита туман ҳудудида яшовчи маҳаллий озарбайжонларга қарши амалга оширилган этник тозалашлар, оммавий қатлиомлар ва этно-террор жиноятлар далил ва исботлари билан юзага чиқа бошлагандан сўнг озарбайжон халқи ўз жонини омон сақлаб қолиш мақсадида она заминидан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Озарбайжонга тегишли Тоғли Қорабоғ маъмурий ҳудуди билан бирга унинг атрофидаги Фузулий, Жабраил, Зенгилан, Губадли, Лачин, Ағдам, Келбажар туманларида яшаётган озарбайжон миллатига мансуб тинч аҳоли уй-жойини ва мол-мулкини ташлаб, қочиб чиқишди.

Арманистондан ҳам қочишга мажбур қилинган озарбайжонлар билан бирга, чегара яқинидаги қишлоқларда яшаётган тинч аҳоли, артиллерия зарбалари бомбардимони оқибатида Озарбайжоннинг Қозоқ, Ағдам, Ағжабедин, Дошкесан, Тоуз, Акстафа, Кедабек, Тертер, Геранбой туманлари ҳамда Нахчивон мухториятида яшаётган тинч аҳоли ҳамўз уйларини ташлаб, қочиб чиқишга мажбур қилинди.

1991 йили Озарбайжон ўз давлат мустақиллигини қайта тиклагандан сўнг ҳам халқаро ҳуқуқ меъёрлари тартибига кўра суверен Озарбайжон Республикасининг.Озарбайжон ҳудудида ноқонуний ташкил қилинган жангари тўдалари озарбайжон миллатига мансуб бегуноҳ тинч аҳолига нисбатан қуролли ҳамлаларни тиндирмади.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари томонидан БМТга тақдим қилган маълумотларга кўра, Тоғли Қорабоғ ихтилофи оқибатида Озарбайжон ҳарбий хизматчилари ва тинч фуқароларидан 20 минг киши ўлдирилган, 200 минг киши яраланган ва майиб-мажруҳ қилинган, жами 946 аҳоли яшаш пунктлари ишғол остида қолди ва мажбурий кўчган озарбайжонлар сони 1 миллиондан кўпроқ одамни ташкил қилди.

Айрим шахсларнинг иззати нафси-ю, катта-кичик манфаатларига асосланиб, сохтакорлик билан шуғулланиб келган калтабин сиёсий чайқовчиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли юзага келган Тоғли Қорабоғ минтақасидаги аянчли вазият, муайян вақт ўтгач, кўпчиликнинг тақдирида ўзининг даҳшатли аксини топди, одамларнинг кундалик ҳаётида фожиали ўзгаришлар юз бериб, тинч аҳолининг ҳалокатига олиб келди.

Хулоса

Ўз она заминининг маълум бир қисми босиб олинган озарбайжон халқи қарийб 30 йил давомида қандай оғир кунларни бошдан кечирганини тараққийпарвар инсоният жуда яхши билади. Халқаро ҳуқуқ қоидалари-ю, турли халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тикланишига имкон бермади.

(Давоми бор)

Саламов Шуҳрат БАРЛОС,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг Марказий Осиё бўйича махсус мухбири