Маҳбуслар қамоқхонада магистр ва докторлик даражаларини олишди

Миср қамоқхонасидаги маҳбуслар Миср қамоқхоналарига ташриф буюрган ўнлаб хорижий ахборот агентликлари ва сунъий йўлдош телевидениеси мухбирларига қамоқ пайтида магистр ва докторлик даражасини олганликлари ҳақида хабар беришди.

17-январь куни Миср Ички ишлар вазирлиги халқаро ахборот агентликлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари делегацияси учун Миср қамоқхоналарига экскурсия уюштирди.

Миср қамоқхоналари сектори бўйича ички ишлар вазирининг ёрдамчиси генерал-майор Ториқ Марзуқ ушбу ташриф давомида кўплаб ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва 16 та халқаро ахборот агентликлари иштирок этгани, қамоқхоналар шароити билан танишганларини маълум қилди.

Экскурсия Тура қамоқхоналари ҳудудидан бошланган. Меҳмонлар қамоқхона касалхонаси ва кутубхонаси ичидаги шароит билан танишганлар. Маҳбуслар бир неча соат кутубхоналарда ўтиришларини ва уларнинг баъзилари қамоқхонада туриб магистр ёки докторлик унвонларини олишганини айтишган.