ИШИД Бағдоддаги портлашни ўз зиммасига олди

Ироқ пойтахтида уч йилдан бери энг кўп талафот келтирган, пайшанба куни эрталаб Бағдод марказидаги гавжум бозорда содир бўлган иккита худкушлик портлаши учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди. Бош вазир Мустафо Козимий хавфсизлик ва ҳарбий раҳбарларни ишдан бўшатди. Ироқликлар портлаш қурбонлари ҳақида ижтимоий тармоқларда оғриқли ҳикояларни ёзишмоқда.

Телеграм иловасида чоп этилган баёнотда ИШИДнинг икки вакили Ироқ пойтахтининг марказидаги Таярон майдонида ўзларини портлатгани айтилади.

Соғлиқни сақлаш идоралари, икки ҳужум натижасида 32 киши ўлгани ва 110 киши ярадор бўлганини маълум қилган. Соғлиқни сақлаш вазири Ҳасан Ат-Тамими эса ярадорларнинг кўпи касалхоналарни тарк этганини айтган.

Икки портлаш овози бутун пойтахт бўйлаб эшитилган ва аскарлар майдонга олиб борадиган йўлларни тўсиб қўйишган.

Хавфсизлик кучлари ҳар қандай фавқулодда вазиятни кутиб, ҳукумат, парламент ва бир қатор мамлакатларнинг элчихоналари олдига ўз кучларини жойлаштирган.