Исроилда энг қадимги масжидлардан бирининг қолдиқлари топилди

Британиянинг Таймс газетаси кўра, Исроил археологлари Табария кўли бўйида дунёдаги энг қадимги масжидлардан бирининг қолдиқларини топганларини таъкидламоқда.

Газетанинг таъкидлашича, масжид дастлаб Византия даврига тегишли деб ҳисобланган ва кўлнинг ғарбий қирғоғида жойлашган Табария шаҳрининг чеккасидаги харобалар остида топилган.

Топилма ўтган ҳафта Қуддуснинг Иброний университети ходими Катя Силверман бошчилигидаги гуруҳ томонидан олиб борилган 11 йиллик қазишмалардан сўнг ўтказилган илмий анжуманда эълон қилинди.

Бу жойдан 1950-йилларда устунли иншоот топилган ва у Византия даврининг охирига тааллуқли деб ҳисобланган. Аммо яқинда олиб борилган қазишмалар натижасида дастлабки ислом давридаги сопол идишлар ва тангалар, шунингдек, пойдеворларнинг дизайни бу жой исломий даврга тегишли бўлганидан далолат беради.

Археологлар VIII асрга оид масжид қолдиқларини аниқладилар, аммо бошқа қазишмалар натижасида бу қолдиқлар VII асрга тегишли эканлиги аниқланди.

Тарихчилар қадимги масжидларнинг жойларини билишади, аммо улар мавжуд масжидлар остида яширинган. Масжидларнинг энг қадимги қолдиқлари Бағдод шарқидаги қадимий Восит шаҳрида топилган ва у милодий 703 йилга тўғри келади.

Археологлар, Табарияда топилган масжид бундан бир неча ўн йиллар олдин қурилган деб ҳисоблашади ва уни ушбу ҳудудни фатҳ қилган қўшин қўмондони саҳобий Шураҳбил ибн Ҳасана қурдирган бўлиши мумкин.

“Биз ушбу масжидни Шураҳбил қурдирган, деб аниқ айта олмаймиз, аммо тарихий манбаларда у милодий 635 йилда Табарияда масжид қурдиргани маълум”, – дейди доктор Силверман.