Капитолийга ҳужумда қатнашган шахснинг уйидан бомба ясаш бўйича қўлланмалар топилган

АҚШ хавфсизлик ходимлари Капитолийга ҳужум қилишда тергов қилинаётган Proud Boys гуруҳи аъзосининг уйида бомба ясаш бўйича қўлланмалар топганлигини эълон қилди.

Терговчилар Доминик Пеззола жамият учун “жиддий хавф туғдиради ва суддан қочиб қутулишга уриниши мумкин, бу терговгача унинг ҳибсга олинишини талаб қилади”, деб ҳисоблашади.

Пеззола Нью-Йоркда собиқ президент Доналд Трамп тарафдорларининг сайлов натижалари тасдиқланган куни Капитолийга бостириб кириши бўйича тергов ишлари жараёнида ҳибсга олинган.

Пеззола ҳукумат мулкига талафот етказиш ва расмий жараёнларга тўсқинлик қилишда айбланган эди, аммо унга бошқа айбловлар ҳам қўйилиши мумкин.

Тергов материалларида айтилишича, Пеззола Капитолий биносига биринчи бўлиб кирган ҳужумчилар қаторида бўлган ва у бошқа намойишчиларга кириш учун бинонинг ойнасини синдирган, ҳужум пайтида Сенат залига кириб, у ерда сигарет чекган.

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси 5 кишининг ўлимига олиб келган Капитолийга ҳужум қилиш иши доирасида 135 дан ортиқ шахсни ҳибсга олган.