Каштачилик миллийлик ифодаси

Каштачи Гулноз Ҳужамурадова билан суҳбат

Гулноз Ҳужамурадова – Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидан, етук каштадўз уста. Республика ва халқаро кўрик-танловларда қатнашиб ғолиб бўлган. Кўп йиллар давомида каштачилик санъатини ёшларга ўргатиб ўқитувчилик билан шуғулланиб келмоқда. У илк бор ўзбек миллий каштачилик санъатида янгича ва замонавий нақш ҳамда тикиш усулларини жорий этган. Гулноз Америкада таҳсил олиш билан бирга ўз ҳунари ва ўзбек каштачилигини ривожлантириш устида ишламоқда. Гулноз ўзининг www.suzaniuz.com веб саҳифасини ҳам юритиб келади.

– Каштачилик билан қачонда буён шуғулланасиз, унга нима сабаб бўлган?

Каштачилик – кашта тикиш касби, амалий санъатнинг қадимий соҳаларидан бири бўлиб келган. Бу инсонларни ҳаётини турмуш тарзини яна чиройли қилиш мақсадида яратилган буюк санъат асари деб ҳисоблайман. Ёшлигимдан бувим ва онамдан кўриб ўрганиб унга кейинчалик яна меҳрим ортган. Бувим бекор қолдим дегунча ёнида ранг-баранг иплар ва игнада матоларга нақш солиш билан банд бўларди. Уларга ипларни тайёрлашга ёрдам берардим, кейинчалик матони бир бурчагидан тикишга тушдим. Мактаб йилларимдаёқ ўзим мустақил кашта тикишни ўргандим. Бувим кўзойнагини пешонасига қўндирганча берилиб игна юргизар, ортидан эса бежирим иплар товланиб нақшлар пайдо бўлар эди. Мен ҳам мактабдан келибоқ, бувижонимнинг ёнига ўтириб олардим. Бувим каби нималарнидир тикишни орзу қилардим. У киши қизиқишларимни пайқаб туриб:

Болажоним, кашта миллийлигимиз ифодаси. Уни ҳар бир ўзбек қизи билиши керак. Қизларимиз сепида ҳам албатта, ўз қўллари билан тикилган кашталар бўлса, бу қизнинг эпли эканидан далолат беради, – дерди.

Мана орадан йиллар ўтди. Мен ҳам кашта тикишни ўргандим. Миллий кашталаримизга меҳр қўйиб, ўзбек миллий қадриятларини кашталарда акс эттиришга ҳаракат қилиб келяпман. Ундаги нақшларга бошқача эътибор берадиган бўлдим. Чунки, мен уларнинг моҳиятини англай бошладим.

Катта матога нақшинкор композицияни тикиб чиқиш учун кўп вақт ва меҳнат сарфлаш керак. Кашталарда нақш, табиат ва дунё гўзаллиги акс этади.

Албатта, чиройли кашталар билан безатилган уйларга кирганимизда, кашталарнинг нусхаларига боққанимизда момоларимизнинг ақл-заковатига, мулоҳазакорлигига қойил қоламиз. Серфарзанд, сердавлат бўлсин дея табиатдан олинган ўсимлик ва гуллар нақшлари сизни мулоҳазакорликка чорлайди. Ўзбек қизи қўлида шундай ҳунари бўлмаслиги бу уят. Қадимдан бу урф одат юксак баҳоланиб келинган. Келин бўлиш арафасидаги қизнинг ҳунари унга яна қўшимча эътибор ва ҳурмат келтирган. Бунга бувим ва онам сабабчи бўлишган. Ургут кашталар ўзбек каштачилиги ва зардўзлик санатида алоҳида ўринга эга. Ўйлайманки мен яшаган муҳит ҳам бунга ўз тасрини кўрсатган. Тўйда куёвнинг қариндош-уруғларига келин ўзи тиккан буюмларини совға қилган. Тўйдан олдин сеп ёйиб кўргазма қилинар, бу келиннинг чеварлигини, меҳнатсеварлигини намойиш этиши ва кашта қанчалик нозик, чиройли бўлса юқори баҳоланар эди. Қизлар жуда ёшлигидан бошлаб кашта тикишга ўргатилиб, улар уч, тўрт йилдан кейин мустақил кашта тикишни бошлаганлар. Мен ҳам ўша йўлдан бориб унга меҳрим сақланиб қолди ва ҳозиргача уни давом эттиряпман.

– Халқ ҳунармандчилиги орасида каштачилик санъатининг ривожи қай даражада, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳунармандчилик қай аҳволда?

Ўзбек миллий каштадўзлиги халқ ҳунармандчилик санъатининг энг қадимий турларидан бўлиб, кашта кийимлар ва буюмларни безашда ҳамда рўзғор безак буюмлари тайёрлашда қадимдан қўлланилади. Каштачилигимиз санъати нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда ҳам шуҳрат қозонган. Ўзбек чевар усталари қўллари билан тикилган ғиштин, сўзана, зардевор, гулкўрпа, чойшабкабилар Франция, Италия, Япония, Германия, Бельгия, Америка, Ҳиндистон каби хорижий, шунингдек республикамизнинг ҳамма шаҳарларида, нафақат хонадонларда, балки амалий санъат музейларида кўп намуналари тўпланиб, доимий экспозицияга айланиб қолган. Ҳозиргача буюмлар ўзига хос гўзаллик, нафис безакларнинг ранг-баранглиги билан кишиларни ҳайратга солиб келмоқда. Бадиий каштачилик узоқ тарихга эга, буни археологик топилмалар ва ёзма манбалар исботлаб бермоқда. Ўзбек каштачилиги иқлими, табиий шароит, муҳит билан боғлиқ ҳолда барча касб-ҳунарлари билан биргаликда ривож топган. XIV – XV асрларга мансуб миниатюралар орқали каштачиликнинг жуда қадимдан ривожланганлигини кўриш мумкин. Испан элчиси Руи Ганзалес де Клавихо Амир Темур саройида ўзбек миллий кашта безакларини кўрганини кундалигида ёзиб қолдирган. Камолиддин Беҳзод «Зафарнома»га ишлаган “Темур тахтда” миниатюрасида чодирга ишланган каштани ҳам акс эттирган. Бугунги кунга келиб давлатимиз томонидан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. «Ҳунармад» уюшмасининг ташкил этилиши, ҳунармандчилик билан шуғулланиш қонун доирасида қўллаб-қуватланиши ва ҳунармандларга берилаётган имтиёзлар соҳани янада ривожланишини таминлаб бермоқда. Ёшлигимда Самарқанднинг Регистон майдонига ташриф буюрган меҳмонларнинг бизнинг миллий санъатимизга бўлган қизиқишини кўриб ҳайратга тушардим. Ўшанда “қанийди бу санъат асалари чет элларга ёйилсаю бизни кимлигимизни, нақадар буюк тарихга эга эканлигимизни билишса” дердим. Ҳозирда эса Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан яратилган имкониятлар сабабли бу орзулар рўёбга айланган. Ўзбек усталари санъати бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда. Ҳар бир уста ва ҳунарманд севимли иши билан шуғулланиб ундан завқ олади ва шунга яраша даромад ҳам топа олади.

– Ўзбек каштачилиги Америкада қай даражада мавжуд ва Америкада истиқомат қилаётганларнинг ҳаётидаги ўрни қандай?

Ўзбек каштачилигига дунё халқлари орасида ҳам катта қизиқиш борлигини гувоҳи бўлдим ва ўшандан буён каштачилик сирларини қунт билан ўрганиб, ўз устимда мунтазам ишлаб, янги-янги каштачилик буюмлари устида иш олиб бормоқдаман. Мақсадим ўзбек каштачилигини ривожлантириш, ёшларимизга ўргатиш ва миллий кашталаримизни бутун дунёга танитиш.

2014 йил Иллиноис штатига келганимда ўзбек миллий кашталари ва санъат асарлари билан безатилган ресторан ва овқатланиш хоналарини кўриб ҳайратда қолганман. Биласизми бу бошқача туйғу. Ватандан узоқда уни ифтихорини ҳис қилиш жуда катта шараф ва ҳис-туйғу, айниқса узоқ муддат ишдан сўнг бу муҳитга тушсангиз бир оз бўлсада ватан соғинчи ва унда ўтган ширин хотираларни эсингизга солади ва анча тинчланиб яна куч йиғиб оласиз. Қайси штатда бўлишмасин, ҳар қанақа ривожланган технология билан жиҳозланган уйда яшашмасин барибир ўзбек фарзанди ўз миллийлиги ва урф-одатларини унутмайди. Яхши кунларини айниқса тўй маросимларини миллий либосларда ўзбекона қилиб ўтказишади. Ҳар бир уйда ўзбек миллий санъат асарини, кулолчилиги, ҳайкалтарошлиги ёки каштасини топишингиз мумкин.

– Машҳур каштадўзлардан кимларнинг ишларидан кўпроқ ўзингизга намуналар оласиз ва илҳомланасиз?

Каштадўзликнинг йирик намояндаларидан бири Андижондаги “Қизил байроқ” артелининг рассом каштадўзи X.Назаров, Самарқанддаги “Хотин-қизлар меҳнати” артелининг каштадўзи Усмон Шокиров, тошкентлик каштадўз ва чизмакаш Хайри Собировалар кашта буюмларига янги, турли хил нақш, композиция ва тикиш усулларини яратдилар. Хайри Собирова онаси Заҳира Мирхолиқовадан қўлда, машинада тикиш сирларини ва чизмачиликни ўрганди. Х.Собирова 15 ёшидан бошлаб онасининг каштадўзлик ҳунарини давом эттириб, “Шарқ гули” ва “Илғор” номли Сталин артелида 16 йил ишлаб кўп шогирдлар етиштиришда ўз ҳиссасини қўшди.

Мен ўз ишларимда гўзалликни, табиатни, меҳр-муҳаббат тимсолларини, орзуларимни ифодалашга ҳаракат қиламан.

– Яратган ишларингизни кўриб ҳайратда қолдим, авваллари кашталарда ҳар хил нақшлар ёки гуллар расми тушурилар эди. Сизда шаҳар расми ва бошқа тимсоллар тушурилган кашталарни кўриб шунақаси ҳам бўларкан, деб қолдим. Бу фирк қандай пайдо бўлди буни яратилишига нима туртки бўлди сизга?

Каштачилик ижодимда асосан янги-янги нақшларни қўллашга ҳаракат қиламан. Масалан, айрим кашталаримда асосий безакни матонинг ўртасига тушириб, ҳошияларини қўшимча безак билан тўлдираман. Айрим кашталаримда ҳошия безагини маҳорат билан ишлашга ҳаракат қиламан.

Ўзбек каштачилигида ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, наққошликда учрайдиган ислимий гул, яъни нақшлар каштачиликда ҳам кўп учраши чизмакаш яъни наққошлар амалий безак санъатининг турли соҳаларига чизма, яъни нақшлар тайёрлаганини кўрсатади. Тайёр нақшни тушуриш кўп маҳорат талаб қилинмайди, лекин, янгича нақш танлаб уни каштада жонлантириш бу мукаммал жараён. Илк бор Ўзбекистон байроғи ва герби тушурилган каштани яратдим бу жуда ажабланарли, лекин, ўйлашимча чиройли яратилган санъат асари бўлган. Америкага келганимда бу ердаги шаҳарлар кўриниши ҳар бирини бетокрор чиройи менга янгича фикр туғдирган. Кейинчалик ўша янгича шаҳар нақшлари ёки уларни англатадиган рамзларни каштага тушуришга ҳаракат қилганман. Илк ишим Америка ватанпарварлари тимсолидаги бургут бўлган, Унга “Америка бургути” деб ном берганман унга сал кам 3 ой вақт ажратганман. Бу ишимни яна давом эттираман ҳали, албатта кўплаб янгича талқиндаги кашталарни халқимизга ва Америкалик ватандошларимга тақдим этаман.

– Сизга энг аст қотадиган воситаларингизни таърифлаб берсангиз?

Авваламбор, каштачилик инсондан катта матонат, ижодий ғояларни, чинаккам меҳнатни талаб қилади, каштачиликни ўзига касб қилган кишида инсоний фазилатлар мукаммалроқ ривожланган бўлиши лозим деб ўйлайман. Шу маънода ҳар бир ишимга меҳр ва эътибор билан ёндашаман. Аввал нақш(гул)ларни ижод қилиб чизиб оламан ва улар асосида бадиий буюм яратишга киришаман.

Каштачиликда ишлатиладиган асосий иш қуролларим, яъни ижод воситаларимдан игна, илмоқли игна, илмоқли бигиз, ангишвона, чамбарак кабилардан фойдаланаман. Аввалига бу нарсаларни бу ердан топиш осон бўлмади. Чунки, Ўзбекистонда фақат қўлда тайёрланган иплар ва матолардан фойдаланар эдим. Уларда чидамлилик даражаси, рангларни сақланиб қолиши анча яхши. Ҳозирда бу ердан ҳам шу даражадаги иплар ва матоларни топиб ишимни давом эттираяпман.

– Каштачилик ижодингиздаги мақсадларингиз билан ўртоқлашсангиз?

Инсон қайси бир соҳада муваффақиятга эришиши, албатта кўп жиҳатдан унинг хоҳишига ҳам боғлиқ экан. Бугунги кунда каштачилик сирларини қунт билан ўрганиб, ёшларга ҳам ўргатиб келяпман.

Момоларимиздан мерос бўлиб келаётгаган ҳунар сирлари ўқув даргоҳларида ҳам ўргатилса яхши бўларди. Ҳунар қизлар бандлигини таъминлаш билан бирга оила тўкинлигига ҳам хизмат қилади.

Менинг энг катта орзуим эса ўзбек миллий кашталарини дунёга танитишдир. Ва албатта бу яхши даромадли соҳа ҳисобланади. Америкада қўл меҳнати билан яратилган ҳар қандай нарса юксак баҳоланади ва қадрланади.

– Келажакдаги режалар қандай, қандай янгиликларни амалга ошириш ниятидасиз?

Келгусидаги режаларим, орзуларим жуда ҳам катта ва шунга эришишга ҳаракат қиляпман. Ҳозирда Филаделфия шаҳридаги ҳунармандлар уюшмаси билан ҳамкорликда иш бошлаш арафасидаман. Ўзимнинг шахсий веб сайтим www.suzaniuz.comни яратдим. Бу орқали савдо ишларини йўлга қўйишни режалаштирганман. Кейинчалик ўз миллий савдо марказимни очиш ниятим бор. Албатта, ўзбек миллий санъат асарлари музейи ташкил этиш ва ўзбек амалий санъатини янада юксак даражага кўтариш.