Америкалик ўзбек болалари Навоийни хотиралади

Нью Йорк шаҳрида фаолият юритадиган ватандошлар томонидан ташкил қилинган MahallaUSA нодавлат ташкилоти қошидаги “Зиё-арт” ўқув марказида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган ижодий тадбир ташкил қилинди.

Тадбирда ўқув марказ ўқувчилари буюк шоир, ғазал мулкининг султони ижодидан намуналар айтиб ўз маҳоратларини кўрсатишди.

Зиё-арт ўқув маркази 2020 йил сентябрь ойида Бруклин шаҳрида бир гуруҳ ўзбек фаоллари ташаббуси билан ташкил этилган эди. Ўқув марказнинг асосий мақсади ўзбек тили ва маданиятини Америкада туғилиб ўсаётган ёки бу ерга келиб вояга етаётган ўзбекистонлик болаларга ўргатиш, уларнинг тарбиясида миллий қадриятларни унутилиб кетмаслигида ёрдам беришдан иборат.

6 ёшдан 15 ёшгача болалар бу мактабда ўзбек тили ва адабиёти, Ўзбекистон тарихи, ахлоқ ва обод дарслари, миллий урф – одат ва қадриятлар бўйича дарслардан таълим олиб келишмоқда.