Байден Техас штатига қўшимча ёрдам беришга тайёр

АҚШ президенти Жо Байден Техас штатига тез орада ташриф буюриши муносабати билан у ердаги совуқлар туфайли кўпроқ ёрдамга йўл очиб бериб, Техасни табиий офат зонаси деб эълон қилишга рози эканлигини айтди.

Техасда Трампга ютқазган Байден: “Номзодимни қўйганимда айтганимдек, мен барча америкаликларнинг президенти бўламан”, деди.

Бу ҳафта Байденнинг Техасга ташрифи режалаштирилган.

Ўз навбатида, Оқ уй матбуот котиби Жейн Псакининг айтишича, Байден ўз жамоасидан Техасни табиий офат зонаси деб эълон қилишни тезлаштиришни илтимос қилган ва бу штатга кўпроқ федерал ресурсларни олиш учун йўл очади.

Қўшма Штатлардаги энг йирик нефт ва газ ишлаб чиқарувчи Техас штатидаги миллионлаб одамлар электр энергияси узилишларига дуч келишди ва Техас аҳолисининг деярли ярми жума куни сувдан маҳрум бўлишди.

Бу бир ой олдин иш бошлаган Президент Байден дуч келган биринчи инқироз.

Оқ уй энди Техас штати губернатори Грег Эбботт билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, у дастлаб Байденнинг сайловлардаги ғалабасини тан олмаган. Декабрь ойида Техас штати расмийлари судда Байденнинг президентлик сайловидаги ғалабасини бекор қилишга уринишди, аммо бу муваффақиятсиз тугади.