Доно ўқитувчининг инсонпарвар тарбиявий усули (ибратли воқеа)

Бир пайтлар Миннесота штатидан келган бошланғич синф ўқитувчиси ўз ўқувчиларига шундай топшириқ беради: синф рўйхатини тузинг, ҳар бир синфдошингизни қандай сифати сизга ёқишини ўйлаб кўринг ва бу сифатларни унинг исмини олдига ёзинг.

Дарс охирида ўқитувчи ёзувларни йиғиб олди. Бу дарс жума куни эди. Дам олиш кунлари устоз натижаларни кўриб чиқди ва душанба куни ҳар бир ўқувчига у ҳақида синфдошлари ёзган варақаларни тарқатди.

Ўқувчилар варақаларни ўқиб ўзларига ўзлари шивирларди: “Бу ҳақиқатан ҳам мен ҳақимдами? Улар мени бунчалик яхши кўришларини билмас эканман”… Ўқувчилар дарсда натижаларни муҳокама қилмадилар, аммо ўқитувчи ўз мақсадига эришганини билар эди. Унинг шогирдларида ўзларига ишонч ортган эди.

Бир неча йиллар ўтгач, бу ўқувчилардан бири Марк Экланд Ветьнамда вафот этди. Уни Миннесота штатида, ўз ватанида дафн қилишди. Дафн маросимига у билан хайрлашиш учун дўстлари, собиқ синфдошлари ва ўқитувчилари келишди. Маросим куни отаси ўша бошланғич синфдаги математика ўқитувчисига мурожаат қилди:

Мен сизга бир нарсани кўрсатмоқчиман, – у ҳамёнидан тўрт букланган, эскириб титилиб кетган қоғозни олди. Кўп марта ва қайта-қайта ўқилганлиги кўриниб турарди. – Бу ўғлимнинг нарсалари орасидан топилган. У доим буни ёнида олиб юрган экан. Танияпсизми?

Ва қоғозни ўқитувчи опага узатди. Бу Марк ҳақида синфдошлари ёзган ижобий фазилатлари рўйхати эди.
Сизга катта раҳмат устоз, – деди онаси. – Ўғлимиз буни жуда қадрларди ва доим сақлаб юрарди.

Шу пайт хайратланарли ҳолат юз берди: Маркнинг синфдошлари бирма-бир худди шундай рўйхатлар ёзилган қоғозларини чиқаришни бошлади. Кўпчилик буни доим ҳамёнларида сақлаб юришган экан. Баъзилар ҳатто оилавий альбомида сақлаб қолишганди.

Ўқувчилардан бири:
– Барчамиз ушбу рўйхатларни асраб келдик. Ахир шундай қадрли нарсани қандай ташлаб юбориш мумкин?”

Манба: Гэри Чепмен, Росс Кэмпбеллнинг
“Боланинг қалбига йўл топишнинг беш усули” асаридан.