Эрон Сулаймонийни ўлдириш учун ишлатилган ракетани фош этди

Эрон штаби бошлиғи генерал-майор Муҳаммад Боқирийнинг айтишича, АҚШ кучлари Қосим Сулаймоний,Абу Маҳдий Ал-Муҳандис ва уларнинг ҳамроҳларини ўлдиришда фойдаланган бомба оддий бомба бўлмаган.

Боқирий сешанба куни қилган баёнотида, “Америка кучлари Қосим Сулаймоний, Абу Маҳди ал-Муҳандис ва уларнинг ҳамроҳларини ўлдиришда фойдаланган бомба оддий бомба эмас, аксинча зирҳли техникага қарши ишлатиладиган бомба эди. Ушбу бомба қалинлиги 30 сантиметр бўлган темирга ҳам кириб боради”, деган.

Боқирийнинг таъкидлашича, “Унинг ўлдирилиши Ироқнинг суверенитети ва дипломатик ҳуқуқларини бузиш, бу давлат терроризми ва Американинг ўзи тан олган жиноятдир. Бунга Саудия Арабистони, Қатар, Амирликлар ва Баҳрайндаги Америка базалари ёрдам берган. Бу мамлакатлар Америкага разведка маълумотларини тақдим этишди”.

Унинг сўзларига кўра, самолётлар Кувайт, Иордания ва Ироқдаги ҳарбий базалардан Сулаймонийва муҳандисни олиб кетаётган машинани нишонга олиб учган.

Боқирий ушбу мамлакатлар суиқасд учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишлари зарурлигини таъкидлаб: “Биз ушбу мамлакатларнинг барчасига буни исботловчи ҳужжатларни тақдим этдик, улар ушбу жиноятда ўзларининг тўғридан-тўғри иштирокларини яширмасликлари керак”, деган.