Туркияда ҳибсга олинган “ИШИД” аъзоси Янги Зеландия ва Австралия ўртасида келишмовчиликка сабаб бўлди

Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Ардерн сешанба куни Австралияни ИШИДга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган аёлнинг фуқаролигини бир томонлама бекор қилиб масъулиятдан қочганликда айблади.

Бу Туркия ҳукумати душанба куни 3 нафар янги зеландияликни, шу жумладан, “ИШИД” аъзоси эканлиги айтилган 26 ёшли аёлни Суриядан ноқонуний равишда Туркияга кирмоқчи бўлган пайтда ҳибсга олганини эълон қилгандан кейин содир бўлди.

Ардерн ўз баёнотида аёлнинг Янги Зеландия ва Австралия фуқаролигига эга эканлиги, аммо Австралия ҳукумати унинг фуқаролигини бир томонлама бекор қилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Янги Зеландияда олти ёшидан бери яшамайдиган ва шу вақтдан бери Австралияда яшаган, Австралиядан Сурияга Австралия паспорти билан кетган аёл билан боғлиқ иш учун жавобгарликни Янги Зеландия ўз зиммасига олиши тўғри бўлмайди.

“Биз Австралия бу аёлга нисбатан ўз масъулиятидан воз кечган деб ҳисоблаймиз ва мен бу фикрни шахсан Бош вазир Скотт Моррисонга айтдим”, деди у.

Ардерн аёлнинг икки боласи билан кетганини ошкор қилиб, Туркия расмийлари билан боғланишини ва болаларга ғамхўрлик ушбу масала билан шуғулланишда биринчи ўринда туришини қўшимча қилди.