Ироқ разведкаси “ИШИД”нинг ижтимоий тармоқлар бўйича масъулини қўлга олди

Душанба куни Ироқдаги Ҳарбий разведка ижтимоий тармоқ платформаларида “ИШИД”га қарашли саҳифаларни юритган “террорчи” ҳибсга олинганлигини эълон қилди.

Идора томонидан берилган баёнотда: “14-бўлимдаги Ҳарбий разведка бошқармасининг эҳтиёткорлик ва узлуксиз операцияси билан мамлакат шимолидаги Киркук вилоятида бир террористни ҳибсга олишга муваффақ бўлдик”, дейилган.

Террорист илгари Туркияда истиқомат қилган ва ижтимоий тармоқларда ИШИДнинг сохта аккаунтларини юритган ва Туркияда ИШИД аъзоларини уй-жой билан таъминлашга кўмаклашган.

Баёнотда ҳибсга олинган шахс суд ҳукми билан қидирувда бўлгани кўрсатилган.