ИСТИБДОД – ИСТЕҲЗО – ИЗТИРОБ

ЗАМОН СЕНГА БОҚМАСА, СЕН ЗАМОНАГА БОҚ

II-Бўлим. ИСТИБДОД – ИСТЕҲЗО – ИЗТИРОБ.

Ватанимиз мустақиллиги қайта тиклангунга қадар оддий ўзбекона миллий туйғулар оила даврасида, ягона дастурхон атрофида, рўзғорда авайлаб-асраб наслдан-наслга одоб ва тарбия сифатида ёш авлодга етказилар эди. Бугунги кунда эса бу вазифа давлат миқёсида, хусусан, мактаб ва олийгоҳларда миллий таълим тизими воситаси орқали амалга оширилмоқда.

Таълим тизимида хизмат қилувчи Ватандошларимизнинг ҳаракатлари қанчалик даражада самарали ёки мувоффақиятсиз эканлиги ҳақида жамиятимизда турли фикр ва қарашлар мавжуд. Лекин, шу аниқки ўз Ватанига ва миллатига садоқатли ва эзгу ниятли наслни шакллантириш жараёнини ташкил қилиш, энг аввало катта авлод вакилларининг юксак инсонийлик фазилатларига боғлиқ масала.

Ватандошларимиз орасида, келажак насл тақдирига маъсулият билан ёндошишни ўзининг оддийгина шахсий фуқаролик бурчи эканлигини қабул қилган инсонлар кўпайган сари жамиятда ижобий ўзгаришлар бошланиши муқаррар.

Буюк маърифатпарвар жадидимиз Абдулла Авлоний ибораси билан айтганда: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.

Мустамлакачиларнинг қонли излари қолдирган тақдиримиздаги камситилишлар, ўз юртида сиғинди бўлиб яшаш, Кремлдан туриб бошқарилган “Пахта иши” каби шармандаликлар “Ўзбек иши”га айлантирилиб, халқимиз мудҳиш аҳволга солинган бечора кунлар асло халқимизнинг эсидан чиқмайдиган хотира ўлароқ абадий яшайди.

Маҳаллий халққа нисбатан уюштирилган қатлиомлар, қирғинлар, оммавий зўравонликлар эвазига оиласиз етим-есирлар, қочқинлар, бечора ва ҳимоясиз мазлумлар кўпайиб бошлаши, тарихдан маълум.

Шунинг учун ҳам миллий истиқлолимизни сақлаб қолиш ва абадийлаштириш масаласи халқимиз олдида турган жуда муҳим аҳамиятга эга мавзулардан бири эканлигига аминмиз.

Инсон тафаккури қабул қилиши оғир бўлган тақдиридаги фожиалар ва йўқотишларга қарамай ўзбеклар жаҳоннинг барча халқларига нисбатан биродарлик туйғулари ва эзгу муносабатларини сақлаб қолишнинг уддасидан чиққан халқдир.

Ўзбек халқининг миллий зеҳнияти (менталитети) этник ихтилофларни қабул қилмайди. Кўпчилик ўзбеклар бировни миллатига кўра эмас, айнан инсонийлигига қараб ғамхўрлик ва муҳаббатини намоён қилиши мумкин.

Ҳурмат ва эҳтиром учун кимнингдир миллатининг номи қандай экани бир ўзбек учун муҳим омил бўла олмайди.

Биз ўзбеклар, Гитлер туфайли олмонни ёмон кўрмаймиз, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом туфайли арабнинг олдида эмакламаймиз, Умар Ҳайёмнинг шеърлари туфайли форсни илоҳийлаштирмаймиз.

Оддий ўзбек учун ким қандай миллатга мансублигидан қатъий назар бахтда ҳам, қувончда ҳам, қайғуда ҳам бу ҳаёт йўлидан у билан бирга юрадиган одам қадрли. Зотан, ҳар бир инсон ўз ёнида дўсти ва руҳан яқин инсони бўлишини истайди.

1991 йилдан эътиборан Ўзбекистонда яшовчи барча миллатлар бир халқ бўлиб мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий камчиликларни бартараф қилиш жараёнини биргаликда енгиб чиқишга бел боғлаган халқмиз.

Юртимиз фуқароси этник жиҳатдан папуас, армани ёки ўрис бўлса, унга Папуа-Янги Гвинея, Арманистон ёки Россия Федерацияси сингари давлатларнинг сиёсий позицияси қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин? Ҳеч қандай! Ахир унинг Ватани – Ўзбекистон.

Жаҳоннинг бошқа мамлакатлари каби Ўзбекистон Республикаси ҳам ўз давлат тузумини, халқаро мавқеини ва фуқароларини ташқи ахборот хуружларидан ва ҳар хил ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу ҳуқуқий тамойилга кўра, тинчликсевар Ўзбекистон фуқаролари сифатида биз ҳар қандай зўравонликни, айниқса, бир халқни бошқасидан устун қўйишдай жоҳилликни кескин қоралаймиз.

Ўтган аср ниҳоясида Ўзбекистонда миллий давлатчилик ва мустақилликни қайта тиклаш ҳаракатлари оммалаша бошлаганда халқ ва ҳукумат бегона ҳудудларни босиб олиш ёки ирқий устунлик ҳақидаги эртак ва афсоналарга суяниб, бошқа халқларни камситиш режасини тузмаган. Бугун, дунё ҳамжамияти халқимизнинг ушбу фазилатларидан хабардор.

Биз ўзбек миллати ўлароқ умуминсоний қадриятларга, халқлар ўртасидаги меҳрибонлик ва эзгулик ғояларига ҳозир ҳам садоқатли бўлиб қолишга интилмоқдамиз.

Аслида, ўзбек тилига, шонли ва фожиали тарихимизга, миллий маданиятимизга, умуман миллий мансубиятимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромимиз жамиятимизда баҳс-мунозара қилинмайдиган муқаддас мавзуга айланиб бошланаётганига шубҳа йўқ.

Маҳаллий халқ, миллий ўзлигини англай бошлаши билан жамиятда Ватан, Миллат, Эл, Улус, Давлат каби тушунчалардан юзага чиққан тамойиллар асосида ўз оиласининг, қариндош уруғининг, дўст ва ҳамкасбларининг истиқболи йўлида хизмат қилишни истайдиган насл пайдо бўлмоқда. Аста секинлик билан бўлсада, халқнинг тарихий хотираси қайта тикланмоқда.

Минг афсуски, жамиятимизда онгсизлик ва тубанликни тарғиб қилишни қиёмига етказиб бажараётган персонажлар ҳам ишсиз ўтиришмаяпти.

Маҳаллий аҳоли ичидаги содда дил ва оддий инсонлар миясига чиройли ўрисча ниқоб кийгизишлар кўз олдимизда содир бўлаяпти.

Ўзбек тилига ва миллий давлатчилик тамойилларига бўлган муносабатни, умуман ўзбек миллати ҳақидаги ижтимоий фикр ва кўз қарашларни оломон мантиғи даражасида пастга уриш мақсадида содда ва таъсирчан инсонларнинг онгини булғаш, чалғитиш, манипуляция қилиш ишларини бажариб юрган нусхалар ҳам орамизда йўқ эмас, худди юздаги ярадек барчага ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам кўриниб турибди.

Ўзбекистонда яшаб туриб, ўзбекнинг тили ва маданиятини калака қилганлари етмаётгандек, ўзбек давлатчилиги тарихи масаласи ҳақида олинган расмий қарорларга нисбатан ҳам ҳар хил бўлмағур уйдурма ҳақоратларни тарқатиш билан овора бўлиб юрган нусхалар ижтимоий тармоқларда макон қуриб, ўзлари ва гумашталари яйраб яшнайдиган ҳар хил махсус гуруҳлар яратиб олишган.

Қисқача айтганда, ўзбек тилига ва тарихига қарши гуруҳбозлик билан найрангбозликни авжига чиқариб ётганлар жонланиб қолишди.

Ҳозирги кунда, асосан ўзбекча қўлланадиган ва ўрис тилида талаффуз нуқсони билан гапирадиганлар устидан калакалар уюштириб, мазах қилиш кампанияларини “сўз эркинлигининг ифодаси”, дея тавсифлайдиган кимсалар, ўзбек миллатининг тилини ҳам, миллий тарихи билан қўшиб маданиятини ҳам оёқ ости қилиб масхаралашни кундаликли фаолиятига айлантириб олишгани, ойданда аниқ ижтимоий ҳаётимизда кўриниб турибди.

Ўзбекнинг миллий мансубияти устидан калака қилиб масхаралашлар, ўзбек тилига, тарихига ва маданиятига қарши чиқишлар ҳамиша бўлиб келган. Негадир бу майнавозчиликларнинг ижрочилари ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди, уларга нисбатан ҳеч қандай маъмурий ёки жиноий иш қўзғатилмайди, шу кунгача бундай найранглари учун биронта шахс жазоланмаган ҳам.

Ижтимоий тармоқларда ўзбек зиёлиларининг ўрисча талаффузини масхаралаб, уларни омма олдида шарманда қилишга интилиб, ҳар хил ҳақоратомуз қилиқлари билан танилган нусхалар бемалол Ўзбекистонда яшаб юрибди, уларни ҳеч ким безовта қилаётгани йўқ.

Расмий матбуот орқали ва ижтимоий тармоқларни қўлланган ҳолда баъзи бир русийзабон муаллифлар Ўзбекистон халқи орасида, хусусан Тошкент шаҳри аҳолиси ичида парокандалик яратиш учун хизмат қиладиган ташкилотларнинг хизматкори каби ўзини тутишига ажабланмай ҳам қўйдик.

Инсонлар кўнглида миллий зиддият яратиш мақсадида ҳар хил интернет анжуманлар ташкил қилиш, бировни масхаралаб, мазахлаш кампанияларини уюштириш, кимларгадир бўлмағур лақаблар ўйлаб чиқариб, инсон шахсиятини таҳқирлаш, обрўсизлантириш, давлат тилига қарши бузғунчи ахборот хуружларини амалга ошириш каби разил ишларни “эркин сўз” ёки “ижтимоий сиёсий масалани танқид қилиш” каби ясама ёрлиқлар билан хаспўшлаб мафкуравий қўпорувчилик олиб боришларига анқайиб қараб туришимизнинг ҳам чегараси белгиланмаган. Ўзбекнинг миллий ғурурини оёқ ости қилиш замонамизда оддий ҳолат бўлиб қолди. Аслида, бу аҳволга таажубланиш ҳам ғалати.

Ўзимиздан чиққан “ойболталаримиз” ҳамиша ва ҳар доим ўзбек тили ёки ўзбекчиликни чопиб, кесиб, қирқиб, масхаралаш бўйича устаси фаранг бўлиб келишган. Хулласи калом, шоир айтгандек: “Тентак бермай тентакка тўрин, Қуритади тентакнинг шўрин”, каби аҳвол жамиятимизда ҳали ҳам давом этмоқда.

Комедия театрининг саҳнасидаги томошаларга, баъзида циркдаги масхарабозликларга ёки ҳайвонот боғидаги ҳайвонларнинг қилиғига ўхшаган чиқишлари билан элга танилаётган нусхалар билан тўлиб-тошган ижтимоий тармоқлардаги аҳволга қараб, одам ўзини кулгудан ушлаб туриш жуда мушкул.

Асосан, ўзимиздан чиққан “сакбаччалар” билан биргаликта ўрис тилида ижод қилувчи “бўрибосарлар” ўз миллатини масхаралаш трагикомедия премьералари ва аншлагларини авжига чиқариб, ўзини кўз-кўз қилиб яшаш ҳаёт тарзи бизда олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам ўшаларнинг эски қолдиқлари Москвага кетгунча бор найрангини кўрсатиб, кейин жуфтагини ростлайди.

Бошқа давлатга бориб, ўзидан бечора қочқин ясаб олгангача Ўзбекистонда қанча найрангларни қилади, буни Худо билади. Албатта, жамиятимизда бундай унсурлар юзага чиқишига қаршилик кўрсата оладиган ва керакли жавобни бера оладиганлар ўзбек миллатнинг зиёлилари бўлмоғи зарур.

Афсуски, ҳозирги пайтда ҳаёти синган, кўнгли аламзадалик билан бузилган бахтсиз инсонлар тўдасига айлантирилган маҳаллий халқнинг ўқимишли ва саводли зиёлий инсонлари ниҳоятда кучсизлантирилган аҳволда. Асосан, маддоҳлик, лаганбардорлик ва ялоқалик билан бағрикенгликни адаштириб қўйган сохта зиёлиларни пичоғи мойни устида.

Бундай аҳволда, миллий тушунчага эга бўлган оддий ўқитувчи, илмий ходим ва шоир билан ёзувчилар нима ҳам қила оларди.

Синфий, ирқий ва миллий табақаланиш Ўзбекистонда яшовчи русийзабонлар ичида азалдан бўлган. Биз бу ҳолатни баҳолаганда, сохта тиржайишларни намойиш қилиб, бағрикенглигимиз билан хаспўшлашга ўрганиб қолган миллатга айланиб улгурдик.

Ўзбеклар, давлатчилиги вайрон қилингандан сўнг дунё бўйлаб сочилиб кетишга мажбур қилинган халқдир. Ўзбеклар ичида ҳақиқатдан ҳам фикри ва тушунчалари учун азоб чекканлар бор. Лекин, улар асл бечора бўлишига қарамай ўз миллатини ўқитишга, маърифатли қилишга, қандайдир фойдали яхши нарсага ўргатишга ҳаракат қилишади, буни билмасликнинг ва кўрмасликнинг иложи йўқ.

Ёдда тутиш зарур: Бутун жаҳондаги ўзбеклар сони Ўзбекистон Республикасидаги ўзбеклардан анча кўп. Ватандошларимиз тақдирига, улар босиб ўтган мураккаб ҳаёт йўлига назар солишимиз хайрли ишдир.

Аммо, миллий ўзлигимиз ва миллий ғуруримиз билан боғлиқ муаммолар юзага чиққанда, кундалик турмушдаги турли ижтимоий ва моддий қийинчиликлар ичида яшаб, ўз оиласини маошдан маошга зўрға боқиб юрган зиёлиларимиз бундай вазиятларда писиб ўтиришни афзал кўради. Чунки, жуда нозик бўлиб кўрингани билан аслида катта эътибор ва маблағ талаб қиладиган баҳайбат муаммолар ва масалаларни ҳал қилишга қодир эмаслигини ич ичидан тушунади ва билади. Бундай вазиятда, ўтган асрнинг бошида яшаган биринчи муаллимларимизга тегишли машҳур иборани эсга олиш ўринли бўлар эди.

“Ҳақ берилмайди, олинади”.

Албатта, бу масаланинг моҳиятини ўзбек миллий тарихи, маданияти ва адабиёти билан шуғулланадиган зиёли ёшларимиз ота-боболарининг аҳволини яхши билишади.

Қандайдир мавҳум кучлар томонидан сунъий яратиладиган қарама қаршиликлар, маиший ва ижтимоий муаммолар гирдобида ўзбек зиёлиларининг фаолияти ва ҳаёти қирқилиши билан миллатнинг борлиғи барбод қилиниб, давлатчилиги умуман дунё харитасидан ўчириб ташланган. Бунга ўхшаш ҳодисалар ва жараёнлар ҳақида жаҳон тарихида етарлича мисоллар мавжуд.

Дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, ўзидан бошқа давлатга қарамлик, бошқа миллатга хизмат қилиш, ўз Ватанида миллий мансубиятига кўра ҳақ-ҳуқуқсизлик гирдобида яшашга рози бўлган миллат албатта таназзулга дучор бўлиб, онгсиз тўдага айланиб қолиш эҳтимолидан ҳоли эмас.

Шуҳрат БАРЛАС Саламов,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг
Марказий Осиё бўйича махсус мухбири