ИСТИҚЛОЛ ва МАФКУРАВИЙ ХУРУЖ

Бир неча кундан бери пойтахтимизда жойлашган, оддий халқ орасида ҳамжинслар тўпланадиган макон ва ҳар хил бемазагарчиликлар бўлиб ўтадиган жой сифатида танилган “Голубые купола” кафесининг ёнгинасида ташкил қилинган эски Ленин бульвари ўрнида халқимизнинг бир неча минг йиллик давлатчилик тарихини ифодаловчи “Истиқлол” мажмуаси қурилишига қарши чиқишлар авжига чиқиб кетди.

Ўз норозиликларини, гўёки дарахтлар кесилишига қарши эканлиги билан хаспўшлашга интилаётганлар, ижтимоий тармоқларда очиқчасига ўзбек миллатини ҳақорат қилувчи чиқишлари билан омманинг эътиборини ўзига жалб қилмоқда.

“ИСТИҚЛОЛ” мажмуаси яратилишига қарши бўлганлар, ҳаттоки, Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи оммавий ахборот воситаларининг биридан, “Истиқлолнинг лаънати” деган ҳақоратомуз мақола ҳам тарқатишди.

nova24.uz сайти чиқарган мақола
Ижтимоий тармоқда эътирозлар кўпайгандан кейин мақола сарлавҳасини ўзгартирган

Кўпчилик ёшларимиз бу чиқишларни мафкуравий хуруж ўлароқ сифатлантирмоқда. Чунки, бир пайтлар, мустабид совет тузуми ҳукм сурган даврларда, Тошкент шаҳрида, айнан Лениннинг 100 йиллик юбилейига атаб ташкил қилинган эски бульвар ўрнида Ватанимиз Истиқлолини ифодаловчи мажмуа қурилиши рамзий маънога эга.

Бутун инсониятни умумий ва буюк қашшоқлик гирдобига ташлаш ғояси тарғиботи билан айбсиз қурбонлар қонидан қизарган яловлар остида коммунистик ғояни юзага чиқарган В.И. Ленин раҳномолигида большевиклар «коммунистик ғоя» асосида миллионлаб одамларни ижтимоий келиб чиқишига кўра синфий белгиларга бўлиб, отиб ташлар, осар ва зиндонларда чиритар эди. Бундай разил кимсанинг нафақат номи, балки унинг номига атаб, қачонлардир яратилган ҳар қандай нарса Ватанимиз тупроқларида нафақат бўлмаслиги керак, балки ёш авлод онгини чалғитмаслиги ҳам зарур.

Ленин образидаги шахс Истиқлол мажмуаси қуриладиган хиёбонда
Фото: Ижтимоий тармоқдан олинди.

Тошкент шаҳридаги жомеъ масжидлар ва мадрасаларнинг мовий гумбазлари дунёга машҳур. Бутун олам аҳли Тошкент шаҳридаги ушбу архитектура ёдгорликларидаги мовий гумбазлар остида таълим тарбия олган Ислом олимлари ва давлат арбобларини фахр билан тилга олишади.

Аммо, гўзал Тошкентимизда мустабид совет тузуми зўравонлик билан ўрнатилгандан сўнг, барча мовий гумбазли мадрасалар, жомеъ масжидларимиз талон-тарож қилиниб, вайронага айлантирилди.

Маҳаллий халқнинг зеҳниятидан гўзал бинолар ва илму ирфон масканлари бўлмиш мадрасаларимиз хотирасини ўчириб ташланиши совет даври тамом бўлгунча давом етиб келди.

Шундай разил мафкуравий мақсадларда қурилган “Голубые купола” кафеси Ленин бульварида қурилди. Оламга машҳур мадрасаларимиз ва жомеъ масжидларимизнинг мовий гумбазларининг обрўсига эга бўлиш мақсадида ушбу “Голубые купола” кафеси Тошкент шаҳрининг СССРда машҳурлашган рамзига айлантирилди.

Хўш, ИСТИҚЛОЛ тушунчасини абадийлаштириш, ёдгорлик сифатида белгилаш бизга нима учун керак?

Истиқлол бу Ҳуррият демакдир!

Ҳуррият инсон учун шунчалик қийматга эгаки, агар одам ўз эркини йўқотиб, ўзгага қарам бўлиб қолса, яшаётган ҳаётида мазмун ҳам, маъно ҳам қолмайди.

Эрки йўқ одам — тирик мурдадан фарқи йўқ бир кимсага айланади. Балки, шунинг учун ҳам мустақил давлатда яшаш орзусида ўртаниб, Ватан истиқлоли учун жанг қилганларнинг кўпчилиги бу йўлда иккиланмай жон фидо қила олгандир.

Чор Россиясига қарши миллий озодлик урушлари, исёнлари, большевиклару советларга қарши миллий озодлик ҳаракатлари, Сталин қатағонига қарши мужодаласи ва совет мафкураси яратган инсонлар тақдирини мажағлаб синдирувчи тизимга қарши ғоявий курашлари – халқимиз тарихидаги озодлик, ҳуррият ва истиқлол йўлидаги муқаддас жанглари сифатида баҳоланади.

Ақл бовар қилмайдиган мудҳиш изтироб, камситиш ва чекловларни бошдан кечирган халқимиз намояндаларининг ўз ҳаёти, оиласи ва турмуш тарзини сақлаб қолиш учун қилган жанглари – бутун Марказий Осиё халқларининг эркинлик ва ор-номус йўлидаги курашлари рамзига айланган.

Айни пайтда, истиқлол учун олиб борилган кураш йўли халқимиз тарихидаги энг қайғули ва фожиали саҳифалар ҳамдир.

Ватан истиқболи ва истиқлоли йўлида жон фидо қилган эр йигитлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш шарафли юмушдир. Улар миллат онгида мангу ғурур, жасурлик ва матонат рамзи бўлиб қолгай. Айнан шу мақсадда ёдгорликлар қад кўтариши мақсадга мувофиқдир.

Саламов Шуҳрат БАРЛАС,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг
Марказий Осиё бўйича махсус мухбири