Саудия Арабистони вазири Техас ва баъзи штатларга ёрдам беришга тайёрлигини айтди

Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Қироллик Техас штати ва Американинг айрим штатлари бошидан кечираётган об-ҳаво шароити туфайли азоб чекаётган аҳолига ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини маълум қилди.

Саудия Арабистони энергетика вазири Ар-Риёдда ўтказилган энергетика конференциясида сўзлаган нутқида, Қироллик мазкур штатлар аҳолисига ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини айтди.

Шаҳзода Абдулазиз “Техас, Оклахома, Калифорниядаги дўстларимиз, бизнинг тилакларимиз ва қалбларимиз сиз билан! Саудия Арабистони Қироллиги ушбу штатлар бошидан кечираётган об-ҳаво шароити, шу жумладан, электр энергиясининг узилиши натижасида сизга керак бўлиши мумкин бўлган танқисликни тўлдириш учун ёрдам қўлини чўзишга тайёр”, деган.

АҚШнинг Техас штати, ҳозирги пайтда бутун электр ва энергетика саноатини фалаж қилган жуда совуқ об-ҳаво шароитида энергия инқирозидан азият чекмоқда.