Венесуела Европа Иттифоқи элчисини ҳайдади, унга кетишга 72 соат вақт берилди

Венесуела ташқи ишлар вазири Хорхе Ариаса чоршанба куни Европанинг Каракасдаги элчисини чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилганини ва Европа Иттифоқининг Венесуела юқори лавозимли амалдорларига қарши янги санкцияларни қўллаганига жавобан, унга мамлакатдан чиқиб кетиш учун 72 соат вақт берганлигини эълон қилди.

Вазир Каракасда журналистларга “Бугун биз президент Николас Мадуронинг қарори билан Исабел Брилланти хонимга персона нон грата деб ҳисоблангани тўғрисида декларацияни топширдик”, деди.

Европа Иттифоқи Венесуелада демократия ва қонун устуворлигига путур этказган деб топилган амалиётлар ва қарорлардаги роллари учун Николас Мадуро режимининг юқори мартабали 19 ходимига қарши санкциялар жорий этди.